РОСАТОМ вакили: “Бу буюк ва ўз вақтида амалга оширилган лойиҳа”
Халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистоннинг маданий меросни тиклаш борасидаги навбатдаги тарихий ютуғи дея эътироф этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий, маданий ва интерактив имкониятлари билан Россия Федерациясининг “Росатом” давлат атом энергияси корпорацияси делегацияси вакилларининг ҳам ҳайратига сабаб бўлди.
“Росатом” делегацияси вакилларининг Марказ билан танишуви “Шон-шараф” залидан бошланиб, меҳмонлар Исломдан олдинги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, шунингдек, “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимларини кўздан кечирдилар. Айниқса, Марказ кутубхонасида сақланаётган нодир манбалар ва замонавий мультимедиа ечимлари делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Делегация вакиллари мазкур мажмуани Марказий Осиё халқларининг умумий тарихий ва маънавий меросини англаш учун муҳим платформа сифатида эътироф этдилар.
Елена Мироненко, “ATOM” музейи бош директори марказ:
Ҳам музей ходими, ҳам маданиятшунос сифатида Ўзбекистон ҳукумати томонидан амалга оширилган ушбу улкан ишдан ҳайратдаман. Бу марказ бугунги кунда дунёдаги энг замонавий илмий-маданий музейлардан бири деб ҳисоблайман. Бу ерда янги технологиялар анъаналар билан узвий боғланган. Марказ очилгандан сўнг ҳар бир музей мутахассиси бу ерга келиши лозим, деб ўйлайман.
Юлия Ужакина, “Росатом” корпорацияси Корпоратив академияси бош директори:
Ислом цивилизацияси маркази — бу буюк ва ўз вақтида амалга оширилган лойиҳа. “Шон-шараф” залига қадам қўйганингиздан бошлаб, у сизни ҳайратга солади. Цивилизация тарихи меҳр ва ҳурмат билан тақдим этилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Бу ёш авлод учун ғурур манбаидир. Музей экспозициясининг Исломдан аввалги давр бўлимидаги “пахта инсталляцияси” ва заргарлик буюмлари менда катта таассурот қолдирди.
“FESCO” транспорт гуруҳи бош директорининг давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлик ва ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Сергей Сидоров эса марказни “фантастик ва таърифлаб бўлмайдиган маскан” деб атади:
Цивилизацияни англаш ва минтақа маданиятини чуқур тушуниш учун аввало шу ерга келиш керак. Мен узоқ вақт Самарқандда яшаганман, шу боис Амир Темур ва Самарқанд тарихи ёритилган бўлим менга алоҳида маъқул бўлди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов билан ҳам учрашув ўтказдилар. Мулоқот чоғида халқаро ҳамкорлик истиқболлари, қўшма дастурлар ва маданий алмашинувларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар илмий ва маданий муассасалар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ҳамда барқарор шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидладилар.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази тарих, бугун ва келажакни боғловчи маънавий кўприк сифатида шаклланмоқда. Марказ ўз экспозициялари орқали нафақат миллий, балки умуминсоний меросни замонавий ёндашув асосида намоён этмоқда.











