
Янгиликлар
Диний-маърифий муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича янги ташаббус илгари сурилди
Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада янги институционал босқич бошланмоқда. Ислом цивилизацияси марказидада ўтказилган навбатдаги йиғилишда илмий меросни ягона платформа асосида ўрганиш ва жаҳон миқёсида тарғиб этиш мақсадида “Тамаддун” уюшмасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур ташаббус мамлакатимизда маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази юртимиз ва жаҳон жамоатчилигига илмий-маърифий маскан сифатида тақдим этилгани бу борадаги ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.
Эндиликда мазкур ташаббусларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш, миллий илмий меросимизни тизимли ва мувофиқлашган тарзда тарғиб этиш масалалари долзарб вазифага айланмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом институти, шунингдек Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси вакиллари иштирокида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилиш кун тартибидаги энг муҳим масала диний-маърифий муассасалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи “Тамаддун” уюшмасини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Мазкур уюшма илмий меросни ўрганиш, тарғиб қилиш ва халқаро майдонда тақдим этиш ишларини ягона платформа асосида йўлга қўйишни назарда тутади.
Таъкидланганидек, ташкил этилиши режалаштирилаётган “Тамаддун” уюшмаси:
• илмий меросни комплекс ўрганиш ва тарғиб этиш,
• диний-маърифий ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш,
• халқаро илмий ва маданий алоқаларни кенгайтириш,
• замонавий медиа платформалар орқали маънавий меросни кенг жамоатчиликка етказиш каби вазифаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг БМТ минбарида илгари сурилган ташаббусларини амалга ошириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш бўйича тақдимот концепцияси ишлаб чиқилди, тадбирлар режаси ва аниқ “йўл харитаси” белгиланди.
Йиғилиш якунида “Тамаддун” уюшмасининг низом лойиҳаси ва концепцияси муҳокама қилинди, тасдиқлаш учун тегишли раҳбариятга тақдим этишга келишиб олинди.
Мутахассислар фикрича, мазкур ташаббус диний-маърифий соҳада институционал ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, миллий илмий меросимизни жаҳон миқёсида тизимли равишда тарғиб этиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.