Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Осиё тараққиёт банки делегацияси дуч келган ҳақиқий мўъжиза ва кашф этилган янгилик

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган Осиё тараққиёт банки делегациясида экспозициялардаги интерактив хариталар, 3D форматдаги тарихий талқинлар ва виртуал тажрибалар катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази яна бир нуфузли халқаро делегацияни қабул қилди. Бу гал Марказ фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида Осиё тараққиёт банки делегацияси ташриф буюрди.


Делегация аъзолари Марказ экспозицияларини батафсил кўздан кечирар экан, ҳар бир бўлимда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, даврлар кесимидаги илмий ва маданий жараёнлар ҳақида батафсил маълумот олдилар. Айниқса, Исломдан аввалги даврга бағишланган экспозициялар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Марказ бўйлаб саёҳат давомида делегация эътиборини энг кўп тортган жиҳатлардан бири — тарихий хариталарнинг замонавий талқинда тақдим этилгани бўлди. Даврлар кетма-кетлигини аниқ акс эттирувчи хариталар оддий график шаклда эмас, балки 3Д форматда яратилгани, сенсорли технологиялар орқали қўшимча маълумот олиш имконияти мавжудлиги меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Хусусан, Буюк Ипак йўлига бағишланган интерактив хариталар савдо йўллари, маданий алмашинув ва цивилизациялар туташувини жонли тарзда тасаввур этиш имконини бериши билан алоҳида эътироф этилди.

Экскурсия давомида Тошкент ва Самарқанд ҳудудларидан топилган VI– VIII асрларга оид туморлар, маъбуд ва маъбудалар тимсоллари, ҳайвон ва қуш тотемлари делегация эътиборини тортди. Ушбу топилмалар ўша даврда ҳудудда турли диний эътиқодлар мавжуд бўлганини, инсонлар табиат кучлари ва муқаддас тимсолларга сиғинганини кўрсатувчи муҳим тарихий далил сифатида баҳоланди.

Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлимда ХI аср табибининг жарроҳлик анжомлари асосида яратилган интерактив ўйин делегация аъзоларини айниқса жалб этди. Меҳмонлар тарихий манбаларга таянган ҳолда виртуал жарроҳлик асбобларидан фойдаланиб кўришди ва ўша давр тиббий билимларининг нақадар ривожланганига гувоҳ бўлишди.
 
Жеонг-даэ Ким, Global Digital Heritage Network Foundation бош директори:

“Бу ерда мен ниҳоятда кўп янги билимларга эга бўлдим. Бундай бой тарих ҳақида илгари чуқур ўйлаб кўрмаган эканман. Айниқса, илм-фан ва технологиялар бўлими мени ҳайратга солди. Болалар учун яратилган иммерсив таълим муҳити келажак авлод учун унутилмас тажриба бўлишига ишонаман.

Бу музей ниҳоятда нуфузли ва мазмунан бой маскан. Энг муҳими, у дунё халқларининг бир-бирини яхшироқ тушунишига хизмат қилади — бу ҳамкорлик ва ўзаро англашув учун мустаҳкам пойдевордир.

Илм-фан бўлимидаги сув сатҳини ўлчаш қурилмалари мени айниқса ҳайратга солди. Ёғочдан ясалган мураккаб конструкциялар чуқур физик ва технологик билимларни акс эттиради. Минг йиллар аввал инсонлар бундай ихтироларни яратгани — ҳақиқий мўъжиза.”

Нина Жҳа, Осиё тараққиёт банки рақамли трансформация бўйича бош мутахассиси:

“Бу маскан мени тўлиқ илҳомлантирди. Унинг меъморчилиги, кўлами ва майда деталларигача пухта ўйлангани катта таассурот қолдирди. Кўплаб мамлакатлар музейларини кўрганман, аммо бу марказ энг мукаммал ташкил этилган масканлардан бири.

Бу ерда Ислом цивилизацияси ҳақида илгари билмаган жуда кўп маълумотларга эга бўлдим. Айниқса, математика ва илм-фан ривожига қўшилган улкан ҳисса мени ҳайратга солди. Мен рақамли технологиялар соҳасида ишлайман ва алгоритм илмининг асосчиси айнан шу минтақадан етишиб чиққанини билмаганимдан ҳайратда қолдим.

Ҳукуматнинг таълим, тарих ва маданиятни дунёга танитишга қаратилган ёндашуви таҳсинга лойиқ. Бу марказ — узоқни кўзлаган, истиқболли лойиҳа бўлиб, бебаҳо тарихий мерос бўлиб қолади.

Исломдан аввал мавжуд бўлган ранг-баранг маданиятлар ва Ўзбекистоннинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳам ниҳоятда таъсирли бўлди.”

Меҳмонлар бу маскан халқаро илмий-маданий мулоқот ва ўзаро англашувни мустаҳкамловчи муҳим платформа бўлиб хизмат қилишига ишонч билдирдилар.

carousel image 1
carousel image 2
carousel image 3

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1221726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
969029.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
753527.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.