ТУРОНЗАМИН МАДАНИЯТЛАР, ЦИВИЛИЗАЦИЯ ВА ДИНЛАРНИ УЙҒУНЛАШТИРГАН
Будда ҳайкалчаси, насроний хоч-тумори, зардуштийлик излари ва ислом меъморчилиги намунаси — булар бир-бирига бегона эмас, балки бир заминда туташган тарих қатламларидир. Мовароуннаҳр асрлар давомида турли дин ва маданиятлар тинч-тотув яшаган ҳудуд сифатида шаклланган. Бағрикенглик бу ерда шиор эмас, балки ҳаёт тарзи бўлган. Бугун ушбу кўп қатламли тарихни яхлит концепция асосида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган ва яқин кунларда очилиши кутилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияларида кўриш мумкин.
Ўзбекистон ҳудуди қадим замонлардан буён цивилизациялар чорраҳаси сифатида шаклланган. Бу ерда турли халқлар, маданиятлар ва динлар бир-бири билан ўзаро таъсирда ривожланган. Диний бағрикенглик эса жамият тараққиётини белгилаб берган муҳим тамойил сифатида тарихда мустаҳкам ўрин эгаллаган.
Ислом дини кириб келишидан аввал ҳам бу ҳудудда зардуштийлик, буддавийлик, монийлик, насронийлик (асосан несторианлик) ва яҳудийлик каби динлар мавжуд бўлган. Буюк Ипак йўли орқали нафақат товарлар, балки ғоялар, фалсафий қарашлар ва диний таълимотлар ҳам тарқалган.
Буддавийлик Ҳиндистондан Бақтрия орқали Суғдиёна ва Хитойгача ёйилгани тарихий манбаларда қайд этилган.
Термиз яқинидаги Фаёзтепа ва Қоратепа ёдгорликлари ушбу ҳудудда буддавийлик марказлари мавжуд бўлганини тасдиқлайди. Бухородаги Мағоки Аттори масжиди эса турли диний қатламлар узвийлигининг ёрқин намунаси ҳисобланади.
Суғд ва Турк ҳоқонлиги даврларида турли эътиқод вакиллари бир жамиятда тинч-тотув яшаган. Ҳатто Амир Темур даврида ҳам унинг қўшинида турли дин вакиллари хизмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Араб истилосидан сўнг ислом кенг ёйилган бўлса-да, маҳаллий анъаналар янги диний қадриятлар билан уйғунлашиб кетган.
IХ–ХII асрларда юз берган Биринчи Ренессанс даврида антик Юнон ва Рим илмий меросининг араб тилига таржима қилиниши илмий очиқлик ва маданий бағрикенглик муҳитининг ёрқин ифодаси бўлди. Бу жараён илм-фан тараққиётига кучли туртки бериб, минтақани жаҳон цивилизациясининг илмий марказларидан бирига айлантирди.
Бугун ушбу тарихий жараёнлар яхлит концепция асосида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейида намойиш этилмоқда. Марказдаги “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” исломдан аввалги даврдан тортиб Биринчи ва Иккинчи Ренессанс босқичларигача бўлган тарихий эволюцияни очиб беради.
Ушбу экспозицияда насронийлик, буддавийлик ва бошқа эътиқодларга оид бронза ва тош буюмлар алоҳида ўрин эгаллайди. VIII–XII асрларга мансуб насроний камар безаклари ва хоч-туморлар ўша даврдаги христиан жамоаларининг эътиқоди ва ҳунармандчилик даражасидан далолат беради. IХ–X асрларга оид Будда ҳайкалчаси эса минтақада буддавийлик таъсири мавжуд бўлганини тасдиқлайди.
ХII–ХIV асрларга мансуб насроний қабртошлари ҳудудда христиан жамоалари узоқ вақт фаолият юритганини кўрсатади.
Ушбу экспонатларнинг аксарияти Президентимиз ташаббуси билан ватанга қайтарилган ноёб асл артефактлар бўлиб, улар маданий меросни тиклаш сиёсатининг амалий натижасидир.
Обиджон Тангиров, Марказ катта илмий ходими:
Экспозиция бераётган асосий хулоса шуки, Мовароуннаҳр қадимдан турли дин ва маданиятлар тинч-тотув яшаган ҳудуд бўлган. Ислом цивилизацияси тараққиёти билан бирга бошқа эътиқод вакилларининг ҳам эркин ҳаёт кечириши учун шароит яратилгани тарихий манбалар ва моддий далиллар билан тасдиқланади.
Бугун ушбу ноёб экспонатлар нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунёдан келган меҳмонларга битта ҳақиқатни эслатади: бағрикенглик — бу замонавий қадрият эмас, балки асрлар давомида шаклланган ва Мовароуннаҳр заминида сайқал топган ҳаёт фалсафасидир.”
Шу тариқа, Мовароуннаҳр тарихи битта ҳақиқатни тасдиқлайди: турли дин ва маданиятлар уйғунлиги бу замин тараққиётининг асосий омили бўлган. Бу анъана бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


