Жамиятни юксалтирадиган энг катта куч
Жамиятни юксалтирадиган энг катта куч — бу билим ва маънавиятдир. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида 3 105 квадрат метр майдонни эгаллаган, 266 нафар китобхонга мўлжалланган замонавий кутубхона бугун ана шу меросни тизимли равишда жамлаш ва янги авлодга етказиш вазифасини ўз зиммасига олган илмий-маърифий масканлардан биридир.
Мазкур кутубхона фонди 35 150 нусхани ташкил этади. Шулардан 2 359 таси нодир нашрлар, 4 921 таси “Шарқ ва Ғарб коллекцияси”га мансуб асарлардир. 350 000 дан ортиқ электрон китоблар мавжудлиги эса илмий тадқиқотлар кўламини янада кенгайтиради.
Марказ кутубхона мутахассисларининг маълумотига кўра, 2025 йил давомида фондга 4 789 та адабиёт қабул қилинди. Уларнинг 3 879 таси ҳадя, 910 таси харид асосида келиб тушган. Қадимий ёзма манбаларни жамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилиб, жами 2 359 дона ёзма манба қабул қилинди. Улар орасида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан тақдим этилган ноёб асарлар алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳисоб-китобларга кўра, 907 та қўлёзма, 1 228 та тошбосма асар ва 224 та тарихий ҳужжат фондни мазмун жиҳатидан бойитди.
Рақамлаштириш жараёнлари ҳам жадал олиб борилмоқда. 700 дан ортиқ нодир адабиёт электрон форматга ўтказилди. 30 000 та адабиётга электрон чиплар ўрнатилиб, 28 турдаги замонавий ускуналар жорий этилди. Бу кутубхона фаолиятини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқди.
Имконияти чекланган шахслар учун 762 та Брайл ёзувидаги адабиёт харид қилингани эса инклюзив муҳитни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Марказ рақамли кутубхонаси орқали Ўзбекистон Миллий кутубхонаси электрон базалари ҳамда хорижий маълумотлар базаларига кириш имконияти яратилди. Натижада 10 миллиондан ортиқ электрон ресурслардан фойдаланиш имкони мавжуд.
Севара Нигматова, кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими бош мутахассиси:
Кутубхонада замонавий илмий адабиётлар, хусусан, хорижда нашр этилаётган илмий журналларни тизимли таҳлил қилиш ва уларга обуна бўлиш масаласи устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. “Хорижда нашр қилинадиган илмий журналлар тўплами” номли илмий-инновацион лойиҳа доирасида қатор амалий ишлар амалга оширилди: қарийб 200 та хорижий илмий журнал рўйхати шакллантирилиб, 2025–2026 йиллар учун обуна нархлари батафсил ўрганилди. Таҳлил натижасида жами 198 та журнал сараланиб, шундан 107 таси очиқ кириш (open access), 91 таси эса обунага асосланган нашрлар экани аниқланди. Марказ фаолияти йўналишларига мос ва илмий аҳамияти юқори бўлган журналлар танлаб олиниб, уларга обуна ташкил этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. Мазкур тавсиялар Марказ илмий фондини бойитиш, тадқиқотлар сифатини ошириш ва уларни замонавий илмий жараёнлар билан уйғунлаштиришга хизмат қилади.


