900 йиллик ноёб ипак либос намойиш этилмоқда
Қарийб тўққиз асрлик вақт силсиласидан омон ўтиб, бизгача етиб келган ноёб ипак халат бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғояси асосида бунёд этилган дунёда ҳеч бир ўхшаши бўлмаган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Биринчи Ренессанс бўлими экспозициясида намойиш этилмоқда. XII асрга мансуб ушбу либос нафақат юксак тўқимачилик санъати намунаси, балки Марказий Осиёда шаклланган давлатчилик анъаналари, дипломатик маданият ва эстетик тафаккурнинг ёрқин ифодасидир.
Мазкур халат Салжуқийлар салтанати даврига тегишли бўлиб, оддий маросим кийими эмас, балки ҳокимият ва нуфуз рамзи сифатида яратилган. Салжуқийлар Мовароуннаҳр ҳудудидан чиққан туркий қабилалар авлодлари бўлиб, қудратли империяга асос солган. Уларнинг сарой маданияти нафосат, рамзий маъно ва бадиий юксаклик билан ажралиб турган. Намойиш этилаётган ушбу халат ана шу юксак маданий муҳит маҳсулидир.
Либос юмалоқ ёқали, узун енгли ва кенг бичимли. Матоси мураккаб лампас тўқиш техникасида тўқилган бўлиб, қизил, кўк ва олтин иплар уйғунлигида ишланган. Матолардаги жуфт буқалар ва грифонлар тасвири композицияга тантанаворлик бахш этади. Бу тимсоллар куч-қудрат, фаровонлик ва ҳукмдор ҳимоясини англатади.
Тасвирлар атрофида куфий хатда “тўлиқ барака” маъносини берувчи ёзув бор. Бу ёзув халатнинг ҳукмдор томонидан фахрий мақсадда тайёрланганини ва совға сифатида тақдим этилганини кўрсатади. Бундай тўқималар нафақат безак, балки сиёсий ва маънавий аҳамиятини ҳам намоён қилади.
Академик Алишер Ҳакимов таъкидлаганидек, Марказий Осиёдаги тўқима орнамент нафақат гўзалликни ифода этган, балки давлат рамзи даражасига кўтарилган. Бу ерда санъат ҳукмдорлик ва маданий қимматни мустаҳкамловчи восита ҳам бўлган. Тарихчи ва археологлар Эдвард Ртвеладзе ва Олег Грабарнинг тадқиқотларига кўра, салжуқийлар тўқимачилик маданияти Самарқанд ва Балх каби қадимий марказлар анъаналари билан узвий боғлиқ бўлган. Бу шаҳарларда мато ҳукмдорнинг иккинчи тожи сифатида ҳам эътироф қилинган.
Жуфт грифон ва буқалар ер қудрати билан илоҳий ҳимоянинг уйғунлигини ифодалайди. Бундай юксак даражадаги лампас ипак эҳтимол Мовароуннаҳр ёки Хуросон устахоналарида тўқилган. Америкалик санъатшунос Шеила Блаир қайд этганидек, барака мазмунидаги ёзувлар билан безатилган ипак либослар дипломатик эътироф ва шахсий ҳурмат рамзи бўлган. Шу боис бундай халатлар амирлар, вазирлар ва валиаҳд шаҳзодалар томонидан кийилган ва ислом Шарқида “комил ҳукмдор” сифатини намоён қилган.
XII асрга мансуб тўлиқ сақланган либослар жуда кам учрайди. Шунинг учун мазкур ноёб ёдгорлик нафақат Марказий Осиё, балки бутун ислом санъати тарихи учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга. У Турон замини — бугунги Ўзбекистон маданий макони — билан боғлиқ бўлиб, юксак тўқимачилик анъаналари, давлатчилик маданияти ва эстетик диднинг уйғунлигини ўз ичига олади.
Бу ипак халат — ўтмишнинг маҳобати ва маънавий мероснинг тирик гувоҳи, тарих ва санъатнинг бирлашган бетакрор дурдонасидир.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


