Бобурийлар даври нефрит пиёласи: Лондондан юртимизга қайтарилган артефакт ҳақида
XVII–XVIII асрларда, Бобурийлар сулоласи даврида яратилган нефрит пиёла ўзининг тарихий аҳамияти билан даврнинг дунёқараши ва давлатчилик маданиятини ўзида сақлаган тарихий ҳужжатлардан биридир. Ушбу ноёб артефакт Президент Шавкат Мирзиёевнинг хориждан маданий меросимизнинг ноёб дурдоналарини юртимизга қайтариш ташаббусини қўллаб қувватлаган ҳолда Лондондаги нуфузли аукцион уйларидан юртимизга қайтариб олиб келинган.
Бобурийлар даврида нефритдан идиш ясаш фақат олий ҳукмдор табақага рухсат этилган, бу каби буюмлар давлат қудрати ва султонлик мақомини моддий ифодасидир.
Артефактнинг тарихий ноёблиги шундаки, у асл сарой буюми сифатида шакли ўзгармаган ҳолда сақланиб қолган. Нефрит ўта қаттиқ тош бўлиб, уни ишлаш учун юқори даражадаги илмий билим ва амалий тажриба талаб қилинади. Бу буюмларнинг чегараланган миқдорда яратилишига сабаб бўлган. Тарихий жараёнлар ва саройларнинг йўқолиши натижасида Бобурийлар даври нефрит идишларининг аксарияти бизгача етиб келмаган. Шу боис, мазкур нефрит пиёла Бобурийлар даври сарой маданиятини ёритиб бера оладиган кам сонли асл ашёлардан бири ҳисобланади.
Бобурийлар эстетикасини ҳокимиятнинг "камтарона улуғворлиги" ғояси билан изоҳлаш мумкин. Ортиқча нақш ва безакдан холи, лекин мукаммал шаклга эга бўлган бу идиш Бобурийлар эстетикасига хос бўлган усталик ва табиий материалдан фойдаланиш орқали ҳукмдорлик маданиятининг интеллектуал ва эстетик жиҳатларини намоён этади.
Тарихий нуқтаи назардан, нефрит пиёла Марказий Осиё ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий узвийликни очиб беради. Бобурийлар сулоласи, ўз илдизлари билан темурийлар анъанасига боғлангани боис, нефритга бўлган юксак муносабат ҳам Марказий Осиё маданий муҳитидан келиб чиққан. Демак, бу артефакт ислом цивилизациясининг турли ҳудудларда шаклланган қийматларининг уйғунлашганини исботловчи аниқ далилдир.
Бугунги кунда нефрит пиёла Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясининг Иккинчи Ренессанс бўлимида сақланмоқда. У музей ашёси сифатида эмас, балки тарихий гувоҳ сифатида намойиш этилмоқда, сарой маданияти ва давлатчиликни қандай юксак даражада қадрлашни кўрсатади.
Лайло Абдуқаххарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


