Бобурийлар даври сарой сирларини сақлаган ноёб артефакт экспозицияда
Сиз суратда кўриб турган ашё бир қарашда қадимий мис идишдек туюлади. Аслида-чи? Аслида ХVII аср Бобурийлар саройига олиб киради — мусиқалар янграган, ов манзаралари жонланган, ҳукмдор ҳузурига туҳфа олиб борилган тантанавор лаҳзалар. Овчилар, мусиқачилар ва ҳукмдорга туҳфа кўтариб бораётганлар тасвири акс этган бу монументал идиш Бобурийлар даври сарой санъатининг энг нодир ва мазмунан чуқур намуналаридан биридир.
Мазкур асар фан ва санъатнинг буюк ҳомийси сифатида тарихда ном қолдирган буюк император Бобурийларнинг қудратли ҳукмдорларидан бўлган Акбар I даврида яратилган бадиий анъаналар руҳида вужудга келган. Тадқиқотчилар айнан Акбаршоҳ ҳукмронлиги даврини Бобурийлар санъатида “буюк услуб” шаклланган давр сифатида баҳолайдилар. Бу пайтда металл буюмлар оддий амалий буюмдан чиқиб, империя қудрати ва мафкурасини ифодаловчи рамзий санъат даражасига кўтарилган.
1670 йилга мансуб, ушбу мис идиш Бобурийлар сарой устахоналарида юксак маҳорат билан ишланган. Унда Темурийлар даврида шаклланган бадиий анъаналар давом эттирилган.
Идиш безаги уч қаватли композицияда бажарилган. Юқори қисмида шеърият ва фалсафий матнлар билан боғлиқ нафис насталиқ хаттотлиги ўрин олган. Қуйи қисмларда эса ов саҳналари, тантанали юришлар ва ҳукмдорга туҳфа тақдим этиш манзаралари тасвирланиб, улар подшоҳ саховати, фаровонлик ва чексиз қудрат ғояларини ифодалайди. Бу тасвирлар Бобурийлар сарой ҳаётининг маросимий ва мафкуравий моҳиятини очиб беради.
Артефактнинг ноёблиги унинг сюжетида ва сақланиш даражасидадир. Бу қадар мураккаб композицияда тасвирланган мис идишлар ниҳоятда кам учрайди. Энг муҳими, ушбу буюм асл нусха бўлиб, у Президентимизнинг хорижга у ёки бу сабаблар билан ўз вақтида олиб чиқиб кетилган ноёб маданий мерос ашёларини излаш, топиш ва уларни қайтариш ҳақидаги ташаббуслари доирасида олиб борилган изланишлар натижасида хориждан юртимизга олиб келинган.
Идиш сиртидаги табиий патина, вақт давомида ҳосил бўлган ранг ўзгаришлари ва ишлов техникаси унинг сунъий реконструкция эмас, балки асрлар оша етиб келган ҳақиқий тарихий гувоҳ эканини тасдиқлайди.
Тарихий манбаларга кўра, бундай идишлар Бобурийлар саройида тантанали маросимлар ва олий даражадаги қабул тадбирларида ишлатилган. Улар ҳукмдор ҳузуридаги маросимларда мўл-кўллик, илоҳий ҳомийлик ва давлат барқарорлигининг рамзи сифатида намоён бўлган.
Бугун ушбу бебаҳо асар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида, Иккинчи ренессанс ғоясини ёритувчи Бобурийлар даври бўлимида сақланмоқда. Бу ерда идиш нафақат музей экспонати, балки Марказий Осиё ва ҳинд цивилизациялари ўртасидаги тарихий, маданий ва бадиий узвийликни намоён этувчи ноёб мерос сифатида тақдим этилмоқда.
Бу мис идиш — ўтмиш билан бугунни боғловчи жим, аммо қудратли ҳикоя. Унда санъат, сиёсат ва тафаккур бирлашиб, Бобурийлар империясининг буюклигини бугунги авлодга сўзсиз етказади. Ана шундай асл ва нодир асарлар орқали тарих фақат ўрганилмайди — у қайта кашф этилади.
Лайло Абдуқаххарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


