
Янгиликлар
Давлат мукофоти совриндорлари учун маърифий ташриф ташкил этилди
8 март байрами арафасида Давлат мукофоти совриндорлари ва уларнинг оналари учун унутилмас маърифий ташриф ташкил этилди. Улар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида миллий тарихимиз, буюк аёллар сиймоси ва бой маданий мерос намуналари билан яқиндан танишдилар.
Мазкур ташриф хотин-қизларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини эътироф этиш, уларнинг илм-фан, таълим, маданият ва жамоатчилик ҳаётидаги фаоллигини рағбатлантириш, шу билан бирга уларни миллий тарих ва бой маънавий меросимиз билан яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Ташриф давомида меҳмонлар Марказда намойиш этилаётган ноёб тарихий ёдгорликлар, маданий мерос намуналари ва замонавий технологиялар асосида яратилган интерактив намойишлар билан танишдилар. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида жонлантирилган тарихий образлар, қадимги цивилизациялар ҳамда Ренессанс даврларига бағишланган намойишлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 15-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Кунел Масимова ташрифдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди:
— Бу ерга келганимдан жуда хурсандман. Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказида бўлиш мен учун катта бахт. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида жонлантирилган тарихий образлар менда катта таассурот қолдирди, — деди у.
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Ўғилой Ўразова Марказнинг маънавий-маърифий аҳамиятига тўхталиб, бундай ташрифлар хотин-қизларнинг миллий тарих ва мерос ҳақидаги билимларини янада бойитишга хизмат қилишини таъкидлади.
— Бу марказда ҳар бир экспонат ўзининг тарихий мазмуни ва қиймати билан алоҳида аҳамиятга эга. Бугунги ташрифнинг асосий мақсади — хотин-қизларимизнинг бой тарихимиз ҳақидаги билимларини ошириш ва уларни маънавий-маърифий ишларга янада фаол жалб этишдан иборат, — деди у.
Ташриф иштирокчилари орасида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, Фарғона вилоятидан 11-синф ўқувчиси ва Гарвард университетининг бўлажак талабаси Дилафруз Солибоева ҳам бўлиб, Марказдаги экспонатлар ёшлар учун катта илҳом манбаи эканини таъкидлади.
— Бу ерда тарихимизнинг буюк аёллари, жумладан Бибихоним каби сиймолар ҳақида билиб, мен ҳам келажакда Ўзбекистон тарихида из қолдирадиган аёллардан бири бўлишни ният қилдим, — деди у.
Ташриф давомида меҳмонлар қадимий Фарғонанинг машҳур самовий отлари, тарихий либослар, хаттотлик санъати намуналари ва бошқа кўплаб маданий мерос намуналари билан танишдилар.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини миллий тарих ва маънавиятни замонавий технологиялар орқали намойиш этаётган муҳим илмий-маърифий маскан сифатида эътироф этдилар.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.