

Янгиликлар
Грузиялик қурилиш мутахассиси: “Меъморчилик Марказнинг мақсади ва ғоясини жуда аниқ ифода этган”
Марказий Осиёнинг бой тарихий мероси ва замонавий технологиялар уйғунлашган маскан — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази хорижлик мутахассислар эътиборини тобора кўпроқ тортмоқда.
Ислом цивилизацияси марказига Италия ва грузиялик машҳур қурилиш компаниялари вакилларидан иборат делегеция ташриф буюрди. Улар марказ экспозициялари билан яқиндан танишди.
Делегация вакилларининг эътиборини тортган экспонатлардан бири — Марказий Осиёда ХII аср – Салжуқийлар даврига оид икки бошли бургут тасвири туширилган ҳукмдорлик рамзи бўлди. Шунингдек, Салжуқийлар даврига ХII асрга мансуб бўлган оид заргарлик буюмлари IХ–ХIII асрларга мансуб туморлар, билакузуклар, зираклар ва узуклар ҳам уларнинг алоҳида қизиқишини уйғотди. Мазкур буюмлардаги нафис нақшлар ва безаклар делегация аъзоларини яна бир бор синчиклаб кўздан кечиришга ундади.
Меҳмонлар ХIV–ХV асрларга оид яна бир ноёб ёдгорлик — Амир Темур буйруғи билан хаттот Умар Ақто томонидан кўчирилган Қуръон қўлёзмаси билан ҳам танишдилар. Ушбу қўлёзма ҳамда унинг ўзбекистонлик хаттотлар томонидан тайёрланган нусхаси делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Делегация вакиллари, айниқса, Марказдаги “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” бўлимига алоҳида қизиқиш билдирди. Бу ерда намойиш этилаётган “Ҳаёт доираси” номли видеоинсталляция, миллий анъаналарни акс эттирувчи видеороликлар меҳмонларда илиқ таассурот уйғотди.
Шунингдек, байроқ инсталляцияси ҳам делегация томонидан юқори баҳоланди. Ундаги рамзий элементлар, композициянинг ҳаракатда бўлиши ва айланиш эффекти томошабинларда ўзига хос эстетик таассурот уйғотди. Меҳмонлар миллий чолғу асбобларида ижро этилган куйларни ҳам тинглаб, ўзларининг ижобий фикрларини билдирдилар.
Делегация аъзолари “Янги Ўзбекистон — янги Ренессанс пойдевори” бўлимидаги маҳалла ҳаётини акс эттирувчи экспозиция ҳамда замонавий Тошкент қиёфасини намоён этувчи Toshkent city мажмуаси макети билан ҳам яқиндан танишдилар. Макет меҳмонлар ўртасида қизғин муҳокамалар ва кўплаб саволларга сабаб бўлди.
Ираклий Квергелидзе Orbi Group компанияcи раҳбари (Грузия):
“Марказда амалга оширилган ишлар ҳайратланарли даражада. Жуда катта меҳнат қилинган. Бу ерда ислом тарихининг деярли барча даврларини қамраб олган бой тарихий мерос намойиш этилган. Айниқса, тарихий руҳ билан замонавий технологияларнинг уйғунлиги менга жуда манзур бўлди.
Ишончим комилки, Марказ очилгач, бу маскан бутун дунёдан юз минглаб, ҳатто миллионлаб инсонларни жалб этадиган йирик илмий-маданий марказга айланади. Бу ерга келган меҳмонлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун яратилган бебаҳо бойликни кўриш имконига эга бўладилар.
Очиғи, бу ерда кўрганларимнинг барчасига тўлиқ баҳо бериш осон эмас. Чунки ҳаммаси жуда гўзал ва пухта ўйланган. Меъморчилик марказнинг мақсади, руҳи ва ғоясини жуда аниқ ифода этади.
Биринчидан, меъморий ечимлар ниҳоятда қизиқарли ва чиройли.
Иккинчидан, бу ишлар устида жуда юқори малакали мутахассислар ишлагани яққол кўриниб турибди. Бажарилган ишларнинг сифати жуда юқори. Агар ўн баллик тизимда баҳолаш керак бўлса, мен бу марказга 12 балл берган бўлардим.
Айниқса, лойиҳа устида ишлаган жамоанинг меҳнатини алоҳида таъкидлашни истардим. Бу ерда ишлаётган барча ходимларга — кўринадиган ва кўринмайдиган меҳнат эгалари — ўз миннатдорчилигимни билдираман. Уларнинг ушбу лойиҳани янада мукаммал қилиш учун катта фидойилик билан ишлаётганлари сезилиб турибди.”
Торнике Жанашвили, Block Group қурилиш компанияcи раҳбари, Грузия:
“Менимча, бу жуда улкан ва салобатли маскан. Бундай марказнинг мавжудлиги ниҳоятда муҳим, деб ўйлайман.
Марказда кўплаб замонавий технологиялар қўлланилгани алоҳида эътиборга лойиқ. Мен кўплаб музейларда бўлганман, аммо шуни айтишим мумкинки, замонавий технологиялар ташриф буюрувчиларнинг таассуротини сезиларли даражада бойитади. Бу жуда муҳим, чунки айнан шундай ёндашув орқали одамлар кўпроқ маълумотни осонроқ қабул қилади.”
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.