Баҳоуддин Нақшбанддан Нажмиддин Куброгача: тасаввуф мероси замонавий талқинда тақдим этилмоқда
Марказий Осиё қадимдан буюк алломалар, улкан ғоялар ва бой илм-фан мероси билан жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган минтақадир. Шунингдек, бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ана шу бебаҳо илмий-маънавий меросни замонавий талқинда намоён этаётган муҳим масканга айланди. Хусусан, Марказнинг Биринчи Ренессанс даври бўлимидаги “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”да Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро каби тасаввуф илми вакилларининг 3D форматдаги мақбаралари ҳамда улар ҳақидаги видеороликлар намойиш этилмоқда.
Марказий Осиё тасаввуфининг улуғ мутасаввифлари ўзларининг юксак маънавий мероси ва инсон камолоти ҳақидаги ғоялари билан бутун дунёга танилган. Марказдаги ушбу экспозиция эса ташриф буюрувчиларга бу буюк зотларнинг ҳаёти, таълимоти ва тасаввуф илмининг мазмунини янада яқинроқ англаш имконини беради.
Обид Тангиров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими:
“Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”нинг Биринчи Ренессанс қисми умумий маънода бунёдкор ҳукмдорлар, буюк шахслар ҳамда муҳим илмий кашфиётларга бағишланган. Бу давр тарихий жараён сифатида илм-фан ривожида катта бурилиш ясаган, айниқса ислом илмларининг тараққиётида муҳим ўрин тутган. Шу сабабли ушбу бўлимда тасаввуф илми вакилларини акс эттирмаслик катта камчилик бўларди. Шу боис бу ерда тасаввуф илмининг энг машҳур намояндаларидан бўлган Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий ва Нажмиддин Кубро сиймоларининг мақбаралари голограмма технологиялари орқали намойиш этилган. Мазкур экспозицияни шакллантириш жараёни мутахассис олимлар, тасаввуф илми тадқиқотчилари ҳамда соҳа экспертларининг тавсиялари асосида амалга оширилди. Шунингдек, экспозицияда уларнинг адабиёт билан боғлиқ ижодига ҳам эътибор қаратилган, чунки тасаввуф олимларининг аксарияти ўз ғояларини бадиий ва илмий асарлар орқали ифодалаган.
ХI асрдан бошлаб Марказий Осиёда тасаввуф илми кенг тараққий топди. Шу боис экспозицияда унинг йирик намояндалари ва меросига алоҳида эътибор қаратилган. Нақшбандия, Кубровия, Яссавия ҳамда Абдулхолиқ Ғиждувоний асос солган Хўжагон тариқати таълимотларининг шаклланиши ва уларнинг кейинги даврлардаги таъсири ҳам кенг ёритилган. Марказ меҳмонлари интерактив экранларда тасаввуф вакилларининг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ махсус тест саволлари орқали ўз билимларини синаб кўриш имконига эга бўладилар. Бундай ёндашув ёшларнинг маънавий камолоти, ватанпарварлик туйғулари ҳамда инсоний фазилатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Марказ экспозицияларининг ажралмас қисми бўлган медиа маҳсулотлар ўша давр муҳитини ва тасаввуф илмининг маънавий меросини замонавий тасвирлар орқали ёритади. Тайёрланган видеороликлар томошабинларга мутасаввиф олимларнинг асарларида илгари сурилган ғоялар ҳамда уларнинг маънавий меросини янада чуқурроқ англашга ёрдам беради. Шу билан бирга, роликларда тасаввуф илмининг жамият ҳаётидаги ўрни ва унинг бугунги давр билан боғлиқлиги ҳам кўрсатиб берилган.


