

Янгиликлар
Қалъалар, қўлёзмалар ва сирлар: Қадимги Хоразмга саёҳат / фоторепортаж
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Исломдан аввалги давр” бўлимида жойлашган “Қадимги Хоразм цивилизацияси” экспозицияси Марказий Осиёда давлатчилик анъаналари қандай шаклланганини археологик топилмалар ва ёзма манбалар орқали ёритади.
Милоддан аввалги I мингйилликдаёқ Хоразм воҳасида ўтроқ ҳаёт тарзи, суғорма деҳқончилик ва шаҳар маданияти шаклланган. Экспозицияда намойиш этилган материаллар ўша давр жамиятининг бошқарув тизими, ҳунармандчилиги ва маънавий ҳаёти ҳақида тасаввур беради.
Бу ерда қадимги Хоразм цивилизациясининг шаклланиш жараёни, унинг ижтимоий ҳаёти ва тарихий тараққиёти билан боғлиқ муҳим ёдгорликлар ҳам алоҳида ўрин эгаллайди.
Қадимги Хоразм аҳолиси Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг унумдор ерларидан фойдаланиб, суғорма деҳқончиликни ривожлантирган ва шаҳар маданиятини шакллантирган. Археологик топилмалар эса бу ҳудудда иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт жуда эрта даврлардаёқ тартибли ва тизимли тарзда ривожланганини кўрсатади.
Қўйқирилганқалъа Қадимги Хоразм меъморчилигининг ноёб ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Тадқиқотчилар фикрича, бу иншоот фақат мудофаа мақсадида қурилган қалъа бўлибгина қолмай, балки қадимги аҳолининг астрономик кузатувлари олиб борилган илмий ва маънавий марказлардан бири ҳам бўлган.
Тупроққалъадан топилган ёзма ҳужжатлар Қадимги Хоразм давлатида анча ривожланган бошқарув тизими, ҳисоб-китоб ва маъмурий амалиёт мавжуд бўлганини кўрсатади. Бу топилмалар минтақада давлатчилик анъаналари жуда эрта шакллана бошлаганини тасдиқлайди.
Экспозицияда «Авесто» саҳифалари, қадимги Хоразм шаҳарлари макетлари ҳамда зардуштийлар маросимларида ишлатилган оссуарийлар ҳам намойиш этилган. Бу экспонатлар ҳудудда шаклланган қадимий диний тасаввурлар ва маданий анъаналар ҳақида муҳим тасаввур беради.
Қадимги Хоразм цивилизацияси Марказий Осиё тарихида муҳим ўрин тутади. Бу ҳудудда шаклланган шаҳар маданияти, суғорма деҳқончилик, ёзув ва давлатчилик анъаналари кейинги давр тараққиёти учун мустаҳкам замин яратган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ташкил этилган ушбу экспозиция қадимги Хоразмнинг бой тарихий мероси ҳамда унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётидаги ўрнини янада яққолроқ тасаввур этиш имконини беради.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.