

Янгиликлар
“Хатти Бобурий” да кўчирилган Қуръон: Ислом цивилизацияси марказида намойишга қўйилган ноёб мерос
Марказий Осиё тарихида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи одатда буюк саркарда, давлат арбоби ва “Бобурнома” асари муаллифи сифатида тилга олинади. Бироқ тарихий манбалар Бобур Мирзонинг ислом илмлари, хаттотлик ва китобат маданиятига ҳам чуқур қизиқиш билан ёндашганини кўрсатади. Айниқса, унинг Қуръони каримга бўлган эҳтироми ва араб ёзувини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлари бу буюк шахснинг маърифатпарвар олим сифатидаги қиррасини намоён этади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Марказ экспозицияларида турли даврларга мансуб асл тарихий артефактлар жамланган бўлиб, улар Марказий Осиё цивилизациясининг бой маданий ва илмий меросини намоён этади. “Мусҳафи Бобурий” эса ана шу мероснинг энг ноёб намунаси сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Чунки у бир вақтнинг ўзида ислом китобат маданияти, хаттотлик тарихи ва Бобур шахсиятининг маънавий дунёси ҳақида муҳим маълумот берадиган ноёб тарихий манба ҳисобланади.
Манбаларга кўра, Бобур Қуръони каримга ва исломий илмларга улкан эҳтиром билан муносабатда бўлган. Унинг давлат бошқарувига оид икки фармонида Қуръони каримдан 50 дан ортиқ ояти карималар келтирилган. Бу эса Бобурнинг диний манбаларни чуқур билганини ва уларни давлат бошқаруви масалаларида ҳам асос сифатида қўллаганини кўрсатади. Форс тилида ёзилган ушбу фармонлар кейинчалик таржима қилиниб, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Бобур номидаги халқаро жамоат фонди кўмагида нашр этилган 6 жилдлик Бобур куллиёти таркибига киритилган.
Бобур Мирзо араб алифбосини таҳрир қилиш орқали ёзувни соддалаштиришга қаратилган янги график тизим яратишга ҳам ҳаракат қилган. Натижада тарихда “Хатти Бобурий” номи билан машҳур бўлган ёзув шакли юзага келган. Бу алифбо араб алифбоси асосида тузилган бўлса-да, айрим жиҳатлари билан ундан фарқ қилади. У 29 ҳарфдан иборат бўлиб, Бобур ушбу тизим орқали ёзувни соддалаштириш ва уни туркий тилларнинг талаффуз меъёрларига мослаштиришни мақсад қилган.
Абдумажид Мадраҳимов, тарих фанлари доктори, профессор:
– “Хатти Бобурий” ҳақидаги маълумотлар Бобур томонидан ёзилган махсус рисолада баён қилинган. Унда ёзувни ислоҳ қилиш, ҳарфларнинг шаклини соддалаштириш ва уларни ўқишни енгиллаштириш масалалари муҳокама қилинган. Бобур Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган даврида шу ёзувда кўчирилган айрим шеърларини Мовароуннаҳр ва Афғонистонга юборгани ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. У бу қўлёзмаларни ўғли Ҳумоюн Мирзо, шунингдек Хожа Калон ва Ҳиндол Мирзога юборган.
Тарихий маълумотларга кўра, “Хатти Бобурий” ёзувида Қуръони карим ҳам кўчирилган бўлиб, бу нусха “Мусҳафи Бобурий” номи билан машҳур. Бобур ушбу Қуръон нусхасини Маккаи мукаррамага юборгани ҳақида манбаларда қайдлар бор. Бу ҳолат Бобурнинг ислом дунёсидаги муқаддас марказлар билан маданий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлашга ҳам аҳамият берганини кўрсатади.
Фарғона хаттотлик мактаби ва Марказий Осиё китобат анъаналари ҳақида сўз кетганда ҳам тадқиқотчилар Бобур Мирзони алоҳида тилга оладилар. Айрим илмий ишларда ҳатто Фарғона хаттотлик мактаби вакиллари рўйхатининг бошида Бобур номи туриши таъкидланади. Бу эса унинг нафақат шоир ва саркарда, балки хаттотлик анъаналарига таъсир кўрсатган шахс сифатида ҳам эътироф этилишини кўрсатади.
“Мусҳафи Бобурий” деб аталадиган ушбу ноёб қўлёзманинг асл нусхаси Эроннинг Машҳад шаҳридаги Имом Ризо ёдгорлик мажмуаси кутубхонасида сақланмоқда. Бу қўлёзма Бобур давридаги ёзув маданияти ва китобат санъатини ўрганишда муҳим манба сифатида баҳоланади.
Бугунги кунда ушбу тарихий меросга бўлган қизиқиш янада ортиб бормоқда. Хусусан, Бобур номи билан боғлиқ бу нодир қўлёзма ҳозирда Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида, Иккинчи Ренессанс бўлимидаги Бобур секторида намойиш этилмоқда.
Лайло Абдуқаххарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.