Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Озарбайжон делегацияси: “Тарихни ана шундай музейлар орқали тақдим этиш зарур”

“Ҳатто элликта китоб ўқиш орқали ҳам тарих ҳақида бундай тасаввур ҳосил қилиш қийин бўлиши мумкин. Тарихни ана шундай замонавий музейлар орқали тақдим этиш зарур.”

Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси раҳбари Вугар Гулмаммадов Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида айнан шу фикрни таъкидлади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси раҳбари Вугар Гулмаммадов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар марказ экспозициялари билан яқиндан танишиб, ушбу маскан нафақат Марказий Осиёда, балки дунё миқёсида ҳам ислом тарихи ва цивилизациясига бағишланган ноёб илмий-маърифий мажмуалардан бири эканини қайд этишди.

Делегация вакиллари, айниқса, қадимий ёзма манбаларга бағишланган экспозицияларга алоҳида қизиқиш билдирди. Хусусан, “Авесто” китоби саҳифалари, ундаги дуо парчалари ва Авесто ёзувида битилган матнлар меҳмонларнинг эътиборини тортди. Буюк Ипак йўли харитаси ҳам делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотиб, кўплаб саволларга сабаб бўлди.

Делегация вакиллари Амир Темурнинг аватари билан мулоқот қилиб, буюк саркарда ҳаёти ва фаолиятига оид саволларига виртуал тарзда жавоб олиш имкониятига эга бўлди. Бу интерактив тажриба меҳмонлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, Амир Темур даврида Умар Ақто томонидан кўчирилган Қуръон, темурийлар даврида қад ростлаган Оқсарой мажмуаси макети ҳамда Марказдаги сенсорли панелларда озарбайжон тилининг ҳам мавжудлиги юқори баҳоланди.

Ташриф давомида Озарбайжон делегацияси вакиллари туризм масаласига ҳам тўхталиб, ҳозирда Озарбайжонда сайёҳлик йўналишлари рекламасида Ўзбекистон кенг тарғиб қилинаётганини таъкидлашди. Уларнинг айтишича, рекламаларда асосан Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар кўрсатилади.

Делегация вакиллари ушбу рўйхатга Ислом цивилизацияси марказини ҳам киритиш зарурлигини билдириб, бу Ўзбекистон туризм салоҳиятини янада кенгроқ намойиш этишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Вугар Гулмаммадов, Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси раҳбари:

“Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу Марказ нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда ҳам ўхшаши кам бўлган, ислом тарихига бағишланган ноёб илмий-маърифий маскандир.

Марказ экспозициялари орқали инсон ўзининг келиб чиқиши, тарихий илдизлари, яшаган даври ҳамда ўша даврда етишиб чиққан буюк сиёсий ва жамоат арбоблар ҳақида жуда батафсил тасаввурга эга бўлиши мумкин.

Баъзан тарих ҳақида бундай кенг тасаввурни ҳатто ўнлаб китобларни ўқиб ҳам ҳосил қилиш қийин. Тарихни айнан шундай масканларда, интерактив ва замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект ёрдамида намойиш этиш жуда самарали усулдир.

Бу эса ташриф буюрувчилар учун тарихни янада тушунарли ва қизиқарли қилади. Чунки айрим музейлар одамни ўзига тортмайди — “бориб кўрайми ёки йўқми?” деган савол туғилади. Аммо бу Марказ бутунлай бошқа даражадаги лойиҳа.

Одатда сайёҳлар Ўзбекистонга келганда Самарқанд, Бухоро ёки Хивани кўришни режалаштиради. Аммо менинг фикримча, Тошкентга келган ҳар бир инсон кўриши шарт бўлган муҳим масканлардан бири айнан шу Марказдир.

Бу маскан болалар учун ҳам, катталар учун ҳам жуда қизиқарли ва фойдали. Ёш авлодни тарихга ҳурмат руҳида тарбиялаш айнан мана шундай замонавий ва интерактив усуллар орқали амалга оширилиши керак.

Яна бир бор айтаман: ҳатто элликта китоб ўқиш орқали ҳам бундай тасаввур ҳосил қилиш қийин бўлиши мумкин. Тарихни эндиликда ана шундай музейлар орқали, замонавий шаклда тақдим этиш зарур.

Шу улкан лойиҳани яратган барча инсонларга раҳмат айтаман. Ушбу ғоя муаллифи Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ҳам миннатдорлик билдирамиз.”

Ташриф якунида Озарбайжон Республикаси Ҳисоб палатаси делегацияси марказ жамоасига миннатдорлик билдириб, эсдалик совғаси сифатида Ҳисоб палатасининг маъмурий биноси тасвирланган сувенирни тақдим этди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1367226.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1108829.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
889027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.