Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

“Феруза ранглар, муқаддас калималар ва юлдузлар: Самарқанд портали қандай сирларни яширади?” / фоторепортаж

2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази – бу оддий музей эмас. Бу марказ фан, маданият ва таълимнинг халқаро даражадаги маркази сифатида фаолият юритади, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини замонавий технологиялар ва илмий тадқиқотлар билан бирлаштиради.

Марказ ташриф буюрувчиларини тўртта ноёб портал кутади: Самарқанд(Улуғбек), Хоразм, Бухоро ва Қўқон порталлари. Ҳар бири ўзига хос дизайн, ранг ва маъно орқали тарих, илм-фан ва маънавият ҳикоясини очиб беради.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг шарқий кириш қисми — Самарқанд(Улуғбек) портали. Миллий меъморчилик анъаналари асосида барпо этилган ушбу иншоотда ҳар бир безак, ҳар бир чизиқ чуқур маъно ва нозик бадиий тафаккурни ифода этади.

Бош порталнинг икки томонида бештадан — жами 10 та равоқ жойлашган. Ён томонлардаги квадрат шаклдаги миноралар эса унинг салобати ва меъморий мувозанатини янада кучайтиради. Баландлиги 37,7 метр, эни 33,7 метр бўлган портал мажмуанинг энг таъсирли кириш нуқталаридан бири сифатида намоён бўлади.

Унинг бадиий илҳоми XV асрда Самарқандда барпо этилган Улуғбек мадрасаси порталига бориб тақалади. Симметрик тузилиш уйғунлик ва тартиб рамзи бўлса, Самарқанд наққошлик мактаби анъаналарида ишланган феруза кошинлар геометрик, ўсимликсимон ва эпиграфик нақшлар билан бойитилган.

Порталдаги ранглар ҳам рамзий маъно касб этади: феруза — осмон ва тинчлик тимсоли, оч кулранг эса она замин ва камтарликни англатади. Порталнинг юқори қисмида Мирзо Улуғбекнинг астрономик меросини ёдга солувчи метагалактика шаклидаги геометрик композиция акс этган. Бу ерда меъморлик, илм ва коинот тасаввури ягона бадиий ғояга бирлашган.

Самарқанд(Улуғбек) порталининг чап ва ўнг томонида бештадан — жами 10 та равоқ жойлашган. Ҳар бири геометрик, ўсимликсимон ва эпиграфик нақшлар билан безатилган. Бешта равоқ исломнинг беш устуни — имон, намоз, рўза, закот ва ҳажни англатади. Ўн рақами эса тасаввуфдаги маънавий камолот босқичларига ишора қилади. Равоқлар тепасида учтадан равоқли дераза ва китобалар жойлашган бўлиб, уларда Аллоҳнинг 99 исми безакли хатларда битилган.

Портал деворлари ва пештоқларида куфий ва сулс услубида битилган эпиграфик ёзувлар алоҳида эътиборни тортади. Жумладан, куфий-баноий хаттотлик услубида қуйидаги ҳадис келтирилган:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: طلب العلم فريضة على كل مسلم

«Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун фарз» (Ибн Можа ривояти).

Бу ҳадис портал ғоясини очади: инсонни зулматдан ёруғликка олиб чиқадиган куч — илмдир.

Портал пештоқларида Қуръони карим оятлари ҳам жойлашган. Масалан:

﴿وَهُوَ الَّذي جَعَلَ لَكُمُ النُّجومَ لِتَهتَدوا بِها في ظُلُماتِ البَرِّ وَالبَحرِ﴾

«У сизлар учун қуруқлик ва денгиз қоронғуликларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратган зотдир» («Анъом» сураси, 97-оят).

Шунингдек:

﴿اللَّهُ لا إِلهَ إِلّا هُوَ لَهُ الأَسماءُ الحُسنى﴾

«Аллоҳ — Ундан бошқа илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир» («Тоҳа» сураси, 8-оят).

Портал бурчакларида куфий-баноий хаттотлик услубида битилган Аллоҳ ва Муҳаммад (с.а.в.) муборак исмлари бутун меъморий композицияга улуғворлик ва маънавий мазмун бағишлаб туради.

Самарқанд(Улуғбек) портали — бу шунчаки меъморий кириш эшиги эмас. У илм, маърифат ва маънавият уйғунлигини ўзида мужассам этган рамзий макондир. Портал безакларидаги геометрик нақшлар, эпиграфик ёзувлар ва Қуръон оятлари бир-бири билан уйғунлашиб, ислом цивилизациясининг илмга, гўзалликка ва тартибга бўлган юксак муносабатини намоён этади.

Бу ерда меъморчилик санъати Мирзо Улуғбекнинг астрономик мероси, ислом маънавияти ва миллий наққошлик анъаналари билан бир нуқтада туташади. Шу жиҳатдан Самарқанд(Улуғбек) портали Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг нафақат меъморий, балки ғоявий ва маърифий рамзларидан бири сифатида намоён бўлади.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1367226.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1108729.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
889027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.