Венгрия университети илмий ҳамкорликни таклиф қилмоқда
Венгриянинг Людовика давлат хизмати университети ректори Гергели Дели бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, музей экспозициялари билан яқиндан танишди. Меҳмонлар марказ залларини синчиклаб кўздан кечирар экан, ҳар бир бўлимда тақдим этилган тарихий мерос ва замонавий экспозиция ечимларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Делегация аъзоларида “Исломдан аввалги давр цивилизациялари” экспозициясидаги “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” энг кучли таассурот қолдирди. Унда Бақтрия, Хоразм, Суғд, Чоч ва Фарғона каби қадимги цивилизациялар, шунингдек, Буюк ипак йўли орқали шаклланган савдо ва маданий алоқалар барельеф композициялар орқали тасвирланган. Меҳмонлар ушбу экспозиция орқали минтақанинг кўп асрлик тарихи ва цивилизацион ривожланиш босқичлари таъсирчан тарзда намоён этилганини алоҳида қайд этдилар.
“Биринчи Ренессанс”га бағишланган бўлим ҳам делегация эътиборидан четда қолмади. Айниқса, XII асрга мансуб шахмат доналари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг ноёб шакли ва тарихи Марказий Осиёда илмий ва маданий тараққиёт қанчалик юксак бўлганини яққол кўрсатиб бериши таъкидланди.
Бухородаги IX–X асрларга оид Мағоки Аттор масжиди меъморчилиги ҳақидаги маълумотлар ҳам делегация аъзолари эътиборини тортди. Хусусан, масжиддаги икки гумбазли акустик тизимнинг ўша давр меъморлари томонидан қандай мукаммал ўйлаб топилгани меҳмонларда ҳайрат уйғотди.
Темурийлар даврига бағишланган “Иккинчи Ренессанс” экспозициясининг меъморий безаклари ва санъат намунаси, хусусан, Самарқанддаги улкан гумбазлар безаклари ва уларнинг нафис ишланиши делегация вакилларида чуқур таассурот қолдирди. Улар бундай мукаммал санъат намуналари ўша даврдаёқ яратилганига қойил қолганликларини таъкидладилар.
Музейда қўлланилган замонавий интерактив технологиялар ҳам делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, тарихий шахслар аватарлари билан мулоқот қилиш имконияти меҳмонлар учун кутилмаган ва жуда қизиқарли тажриба бўлди. Улар Мирзо Улуғбек аватари билан савол-жавоб қилиб кўриб, бундай инновацион ечимлар тарихни янада жонли ва таъсирчан тарзда тақдим этишга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Гергели Дели, Венгриянинг Людовика давлат хизмати университети ректори:
Ростини айтсам, бу мен ҳаётимда кўрган энг гўзал музейлардан бири. У жуда инновацион ва замонавий. Илк фикрим шу бўлди: албатта болаларимни бу ерга олиб келишим керак, улар буни кўришлари шарт. Музей интерактивлиги ва замонавий ечимлари билан ажралиб туради. Шу билан бирга, у ушбу минтақа ва Ўзбекистон тарихи ҳақида жуда бой маълумот беради.
Мен исломдан олдинги ва ислом даврини ажратиб кўрсатишда қийналдим, чунки ҳар иккиси ҳам жуда таъсирли. Бироқ шахмат ва шахмат донасига бағишланган қисм менда айниқса катта таассурот қолдирди.Агар таққослайдиган бўлсам, аввал Варшавадаги музей ёдимга тушади. У ерда Польшада яшаган яҳудийлар тарихи ҳақида замонавий ва инновацион музей бор. Аммо бу ердагидек турли ғоялар ва усуллар у ерда камроқ. Бу марказда эса кўплаб янги ечимлар, интерактив ўйинлар ва ғоялар жамланган.
Яна бир мисол — Лондондаги музейлар. Улар ҳам жуда таъсирли. Аммо Британия музейи анча анъанавий услубда. Яъни экспонат билан ташриф буюрувчи ўртасида муайян масофа сақланади. Бу ерда эса аксинча: экспонатларга тегиш, зираворлар ҳидини ҳис қилиш, мусиқани тинглаш мумкин. Шунинг учун бу музей ташриф буюрувчига жуда яқин ва инсоний муҳит яратади.
Менимча, ёш авлод учун визуал ечимлар жуда муҳим. Фильмлар, анимациялар, сунъий интеллект орқали яратилган образлар уларни ўзига жалб қилади. Чунки улар визуал маданият даврида яшамоқда. Шу боис бу ерда кўплаб видео ва визуал материаллар жойлаштирилгани жуда тўғри қарор.
Ёшлар учун энг зарур нарса — аниқ йўналиш, аниқ ғоя ва ҳаётдаги миссияни англашдир. Менимча, бу марказга ташриф буюриш орқали улар ўз йўлларини топишлари ва ҳаётдаги мақсадларини белгилашлари учун илҳом олишлари мумкин.
Лилиана Смих, Венгриянинг Людовика давлат хизмати университети халқаро муносабатлар бўйича бош директори:
Ишончим комилки, бу марказ дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб меҳмонларни жалб қилади. Менимча, у нафақат ёш тадқиқотчилар, балки ушбу минтақани ўрганаётган барча олимлар учун ҳам жуда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бизнинг университетимиз учун ҳам бу марказ катта қизиқиш уйғотади.
Яқинда университетимизда Турк тадқиқотлари маркази ташкил этилди. Шу боис, сизларнинг марказингизни тарғиб қилиш ва келажакда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнун бўламиз, деб ўйлайман.
Бу ерга, аввало, янги билим олиш учун келишади. Чунки бу минтақа жуда бой ва муҳим тарихга эга. Шу билан бирга, Тошкент каби гўзал шаҳарда Ўзбекистоннинг маданияти ва динини кўриш ва ҳис қилиш имкониятига эга бўлиш ҳам бу ташрифнинг алоҳида аҳамиятини оширади.


