
Янгиликлар
Минтақавий ҳамкорлик учун муҳим майдон
Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Хайриддин Усмонзода Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида меҳмон Марказ экспозиция залларини тўлиқ кўздан кечириб, юртимиз ҳудудида шаклланган бой тарихий ва маданий мерос намуналари билан яқиндан танишди.
Меҳмон аввало Марказнинг асосий кириш қисми — фойе интерьери билан танишди. Бу ерда жойлашган 14 та йирик равоқдан иборат меъморий ечим меҳмоннинг алоҳида эътиборини тортди. Фойе ўзига хос шон-шараф йўлаги сифатида шакллантирилган бўлиб, равоқлар учун ишланган маҳобатли рангтасвир асарларида ислом дини Ўзбекистон ҳудудига кириб келганидан кейин юз берган улкан тарихий ўзгаришлар ҳамда халқ тақдирида муҳим ўрин тутган тарихий воқеалар қаҳрамонлари акс эттирилган. Асарлар фойенинг ўнг тарафидан бошланиб, мавзувий-хронологик тартибда жойлаштирилган.
Шундан сўнг меҳмон Марказ экспозициясининг Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлими билан танишди. Ушбу бўлимда Марказий Осиё ҳудудида қадим замонлардан шаклланган цивилизацияларнинг археологик ва маданий мероси, турли даврларга оид ноёб артефактлар намойиш этилган. Хусусан, “Цивилизация ва кашфиётлар девори”да қўлланилган интерактив ёндашув меҳмонда катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда ташриф буюрувчилар замонавий технологиялар ёрдамида инсоният тараққиётида муҳим ўрин тутган кашфиётлар ва цивилизацион жараёнлар билан танишиш имкониятига эга.
Ташриф давомида Хайриддин Усмонзода Марказда намойишга қўйилган ислом цивилизациясининг ривожи, илм-фан, маданият ва маърифат соҳаларида юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг илмий мероси, қўлёзмалар, нодир китоблар ҳамда турли даврларга оид маданий ёдгорликлар ҳақида батафсил маълумот олди. Шунингдек, замонавий мультимедиа технологиялари, интерактив экранлар ва рақамли намойиш воситалари орқали тарихий маълумотларни тақдим этиш усуллари меҳмонда катта таассурот қолдирди.
Хайриддин Усмонзоданинг таъкидлашича, мазкур мажмуа бой тарихий меросни намоён этувчи ноёб маскан бўлиб, унда замонавий илмий ёндашув ва тарихий меросга эҳтиром уйғунлашган.
— Ростдан ҳам бу бино жуда бой тарихий хазинани ўзида жамлаган ноёб маскандир. Унда замонавий тарихшунослик маҳорати ҳамда тарихий меросга бўлган эҳтиром уйғунлашганини кўриш мумкин. Кўп ҳолларда тарихга муносабат билдирилганда, уни фақат ўтмишга назар ташлаш, деб тушунишади. Аммо аслида инсон ўз ўтмишига назар солар экан, бу унга келажак йўлини равшанроқ кўришга ёрдам беради. Шу билан бирга, инсон яшаб турган ҳозирги замонига ҳам чуқурроқ маъно бахш этади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, мазкур муҳташам бинода тарихий мероснинг мазмун-моҳиятини очиб беришда замонавий ва жозибадор санъат ечимлари қўлланилганини кузатиш мумкин. Бунда бугунги кун технологиялари инсонни тарихни янада чуқурроқ англашга яқинлаштираётгани яққол намоён бўлади. Шунинг учун ҳам Марказий Осиёда ана шундай йирик ва бой тарихий меросни ўзида жамлаган музей мажмуасини барпо этган ўзбек мутахассисларининг юксак маҳорати ва санъати учун миннатдорчилик билдирамиз.
Мен тўлиқ ишонч билан айта оламанки, бу маскан бугунги ёш авлодга тарихдан қандай сабоқ олиш мумкинлигини кўрсатиб беради. Чунки кўп ҳолларда ёшлар ва уларнинг тарихга муносабати ҳақида сўз борганда, баъзан уларнинг тарихга бефарқ экани айтилaди. Аммо агар тарих ва тарихий мерос мана шундай замонавий технологиялар орқали ёшларга тақдим этилса, менимча, уларнинг тарихга бўлган қизиқиши ва муносабати тубдан ўзгариши мумкин. Буни айнан шу музейда муваффақиятли амалга оширилганини кўриш мумкин, — деди Хайриддин Усмонзода.
Ташриф давомида Марказнинг халқаро аҳамияти ҳақида ҳам фикр билдирилди. Хайриддин Усмонзоданинг таъкидлашича, Марказий Осиё халқларининг маданияти ва цивилизацияси турли халқлар ва маданиятлар ўзаро таъсири натижасида шаклланган. Шу боис мазкур марказ умумий тарихий меросни намоён этувчи муҳим илмий ва маданий майдон ҳисобланади.
У, шунингдек, Тожикистон Республикаси Президенти, миллат пешвоси Эмомали Раҳмон ҳам ушбу марказга ташриф буюрганини эслатиб, Марказнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятига берилган юқори баҳо жуда ўринли эканини таъкидлади.
Ташриф якунида Хайриддин Усмонзода Тожикистон фуқароларини ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, Марказий Осиё халқларининг умумий тарихи ва маданий мероси билан яқиндан танишишга чақирди.
Бундай ташрифлар Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги илмий-маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқларимизнинг умумий тарихи ва маданий меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилади.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.