Олтин ва кумуш билан ёзилган “Мовий Қуръон” саҳифаси Тошкентда!
Индиго рангга бўялган саҳифа, олтин ва кумуш билан ёзилган оятлар ва геометрик куфий хат — буларнинг барчаси ислом санъати тарихидаги энг сирли қўлёзмалардан бири бўлган “Мовий Қуръон”га хосдир. Бугун ушбу нодир қўлёзманинг саҳифаларидан бири Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги “114 Қуръон” лойиҳаси доирасида намойиш этилишга тайёр ва ташриф буюрувчиларга ислом каллиграфияси ва китобат маданиятининг юксак анъаналари билан танишиш имконини бериши шубҳасиз.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жойлашган Қуръони Карим зали ислом дунёсида яратилган ноёб Қуръон қўлёзмалари ва уларнинг бадиий хусусиятларини намойиш этувчи муҳим экспозициялардан бири ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Марказда амалга оширилаётган “114 Қуръон” лойиҳаси доирасида турли давр ва ҳудудларда яратилган Қуръон нусхалари жамланган бўлиб, улар орқали ислом цивилизациясида китобат маданияти, хаттотлик ва безак санъатининг тараққиёт босқичлари намоён этилади. Ана шу ноёб намуналар қаторида жаҳон ислом санъатида алоҳида ўринга эга бўлган Мовий Қуръон (Blue Qurʾān) саҳифаси ҳам намойиш этилмоқда.
Мовий Қуръон ислом санъати тарихида энг нодир ва бадиий жиҳатдан юксак қўлёзмалардан бири сифатида эътироф этилади. У нафақат Қуръон китобат санъатининг ноёб намунаси, балки ўша даврдаги маданий муҳит, эстетик қарашлар ва диний эҳтиромни ўзида мужассам этган муҳим тарихий ёдгорликдир.
Марказ экспозициясида намойиш этилаётган ушбу саҳифа “Оли Имрон” сурасининг 7–10 ва 11–13 оятлари жой олган парчадан иборат. У VIII аср охири – IX аср ўрталарига мансуб бўлиб, тадқиқотчилар унинг яратилиш жойи сифатида Туниснинг Қайрувон шаҳри ёки Умавийлар даври Испаниядаги Қурдовани кўрсатадилар. Бу ҳолат ўша даврда ислом маданияти ва китобат санъати кенг ҳудудларда — Шимолий Африкадан то Андалусгача бўлган минтақада ривожланганини кўрсатади.
Қўлёзма куфий хатда битилган бўлиб, уни кўчирган хаттот ҳақида аниқ маълумот сақланмаган. Бугунги кунда ушбу нодир саҳифа нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилмоқда.
Мовий Қуръоннинг энг диққатга сазовор хусусияти — унинг индиго рангга бўялган пергамент саҳифаларидир. Индиго — табиий ўсимликлардан олинадиган чуқур, тўқ мовий ранг бўлиб, қадимдан мато ва пергаментларни бўяшда ишлатилган. Бу рангни тайёрлаш жараёни мураккаб ва қиммат бўлгани сабабли, у оддий қўлёзмаларда эмас, балки ҳашаматли ва нуфузли асарларда қўлланилган. Шунинг учун индиго рангли саҳифалар ўша даврдаги бойлик, ҳашамат ва юксак санъат даражасини ифода этган. Мовий Қуръонда айнан шу чуқур мовий фон устига ёзилган матн қўлёзмага ўзига хос таъсирчан кўриниш бахш этади.
Саҳифадаги матн олтин ва кумуш ҳарфлар билан ёзилган. Чуқур индиго фон устида ялтираб турган олтин ҳарфлар Қуръон каломининг муқаддаслигини янада ёрқин ифода этади. Бу бадиий услуб нафақат эстетик гўзаллик, балки Қуръон матнига бўлган чуқур эҳтиром ва ҳурматни ҳам намоён этади. Айрим жойларда матн ораларини ажратиш учун кумушдан ишланган белгилар ёки чизиқлар қўлланган. Асрлар давомида бу кумуш элементлар табиий равишда оксидланиб, саҳифаларда ўзига хос тарихий излар қолдирган,– деди Марказ илмий котиби Рустам Жабборов.
Қўлёзма куфий ёзув услубида битилган. Куфий хат ўзининг геометрик шакллари, ўткир бурчаклари ва аниқ тартибга солинган қаторлари билан ажралиб туради. Бу услуб ислом каллиграфиясининг энг қадимий ёзув турларидан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда Мовий Қуръон саҳифалари дунёнинг турли музейлари ва хусусий коллекцияларида сақланмоқда. Уларнинг бир қисми эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги Қуръони Карим залидаги “114 Қуръон” лойиҳаси доирасида намойиш этилмоқда. Марказ экспозициясида ушбу саҳифанинг намойиш этилиши ташриф буюрувчиларга ислом китобат санъатининг юксак бадиий анъаналари билан яқиндан танишиш имконини беради.
Дурдона Расулова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


