Diplomat Magazine: “Ислом цивилизацияси маркази: Халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган мегалойиҳа”
Нуфузли халқаро Diplomat Magazine нашрида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов муаллифлигида эълон қилинган мазкур мақолада Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази замонавий даврда халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган мегалойиҳа сифатида илмий-аналитик жиҳатдан ёритилади. Кириш қисмида муаллиф марказнинг барпо этилиш тарихи, унинг концептуал асослари ва глобал цивилизацион мулоқотни мустаҳкамлашдаги стратегик аҳамиятини таҳлил қилиб, ушбу ташаббусни Президент Шавкат Мирзиёевнинг стратегик қарашлари асосида шаклланган янги гуманитар модел сифатида баҳолайди.
Бундан бир йил аввал, 2025 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Ташриф давомида давлат рахбари марказ экспозицияларига икки мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар томонидан яратилган илмий ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш бўйича қатор тавсия ва топшириқлар берди.
Бу, шубҳасиз, тарихий ташриф эди. Ўтган бир йил мобайнида марказ қурилиши тўлиқ якунланди. Марказ фаолиятини такомиллаштириш ва экспозицияларини бойитишда 40 дан ортиқ мамлакатдан мутахассис ва дизайнерлар иштирок этди. Уларнинг барчаси Президент ташаббуси ва стратегик қарашлари асосида амалга оширилаётган ушбу мегалойиҳа атрофида бирлашди.
2025 йил сентябрь ойида давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиши якунлангани ва унинг яқин вақт ичида очилиши ҳақида эълон қилди. Шундан сўнг экспозицияларнинг ички мазмуни янада бойитилди. Марказ жаҳон ҳамжамияти эътиборини ўзига жалб этаётган ноёб маконга айланди. Бугун дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюраётган меҳмонлар, давлат ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари марказ фаолияти, цивилизациялар, буюк шахслар ва кашфиётларга бағишланган илмий лойиҳалар билан танишиб, унинг аҳамиятини очиқ эътироф этмоқда.
Жаҳон бугун чуқур цивилизацион ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда. Технологик тараққиёт кўпинча маънавий мулоҳазалардан илгарилаб кетмоқда, геосиёсий зиддиятлардан тортиб маданий ўзликнинг емирилишигача бўлган глобал инқирозлар инсоннинг мулоқотга бўлган қобилияти ҳақида жиддий саволларни ўртага ташламоқда. Айрим ҳолларда дин зиддият қуролига айланиб, маданият эса ажратувчи чизиқ бўлиб қолмоқда. Бундай шароитда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг бунёдкор моҳиятини тиклай оладиган янги майдонларга эҳтиёж ниҳоятда долзарбдир.
Айнан шундай тарихий паллада, Евросиё марказида — буюк цивилизациялар ва империялар юзага келган, савдо йўллари, динлар, илмий мактаблар ва маданиятлар минг йиллар давомида туташган заминда Ўзбекистондаги ноёб Ислом цивилизацияси маркази барпо этилди. Унинг яратилиши тасодифий эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг стратегик қарашларининг бевосита ифодасидир.
2017 йилдаёқ Президент Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб жаҳон ҳамжамиятига мурожаат қилиб, ислом цивилизациясининг ҳақиқий ўрнини тиклашга чақирган эди. У муқаддас ислом асосида маърифат, илм-фан ва инсонпарварлик қадриятлари ётишини таъкидлаб, экстремизм ва жаҳолатга қарши курашда билим ва маданиятнинг аҳамиятини алоҳида қайд этган.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қурилиш жараёнидаги марказга ташрифи чоғида ушбу ташаббусга юқори баҳо бериб, шундай деган эди:
“Сизнинг Президентингиз Шавкат Мирзиёев — БМТ минбаридан доимий равишда мулоқот, маърифат ва ўзаро ҳурмат ғояларини илгари сураётган буюк ва ҳурматли раҳбардир”.
Бу сўзлар халқаро ҳамжамиятда шаклланган тушунчани акс эттиради: Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон замонавий тарихни шакллантиришда фаол иштирок этмоқда.
Президентнинг БМТ минбаридан қилган нутқи мазкур марказ учун интеллектуал ва илмий асос бўлиб хизмат қилди. У нафақат меъморий мажмуа, балки глобал аҳамиятга эга мутлақо янги гуманитар моделдир. Бу моделда ислом цивилизацияси буюк илмий инқилоблар, мадрасалар ва академиялар, кутубхоналар ва лабораториялар барпо этилган, тиббиёт, фалсафа, санъат ва илмий тафаккур асослари шаклланган цивилизация сифатида намоён бўлади.
Президентнинг шахсий сиёсий иродаси ва изчил раҳбарлиги туфайли Ислом цивилизацияси маркази ғояси мазмун, кўлам ва халқаро аҳамият жиҳатидан мисли кўрилмаган даражада рўёбга чиқди. Бу ерда янги авлод музейи, илғор илмий инфратузилма, замонавий кутубхона, Марказий Осиё цивилизациялари тарихи бўйича миллий ва халқаро архивлар, рақамли гуманитар технологиялар ҳамда кенг қамровли халқаро илмий-маданий ҳамкорлик тармоғи бирлаштирилган ноёб мажмуа яратилди.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам ушбу лойиҳага юксак баҳо бериб, шундай деган:
“Бу йирик ва ноёб иншоотдир. У илмий, сайёҳлик ва этномаданий лойиҳадир. Мен Ўзбекистон Президенти фикрига қўшиламан: Ислом цивилизацияси маркази ушбу муҳим соҳада умумий тадқиқотлар учун платформага айланиши мумкин”.
Мутахассислар фикрича, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази оддий инфратузилмавий лойиҳа ёки маданий сиёсат рамзи эмас. У замонавий глобал чақириқларга Ўзбекистон раҳбарининг онгли цивилизацион жавобидир. Ислом олами тарихида илк бор цивилизациялар ўртасидаги ҳақиқий мулоқот учун бундай кенг кўламли доимий майдон яратилди.
Ўзбекистон тарихий ва маънавий миссияни ўз зиммасига олди — баёнотлар билан эмас, балки жаҳон даражасидаги интеллектуал макон барпо этиш орқали ислом ва ислом цивилизациясига оид нотўғри талқинларга қарши курашмоқда.
Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев шундай таъкидлаган:
“Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, мамлакат раҳбариятининг ўзбек халқининг бой маданий ва маънавий қадриятларини сақлаш ва тарғиб қилишга бўлган чуқур садоқатига яна бир бор амин бўлдик. Исломофобия кучайиб бораётган шароитда бу марказнинг очилиши алоҳида аҳамият касб этади. У ислом яратувчанлик, инсонпарварлик, бағрикенглик, дўстлик ва биродарлик дини эканини яққол намоён этади”.
Мутахассислар якдил фикр билдирмоқда: мазкур лойиҳа билимга асосланган ҳолда қурилган радикализм ва ислом ҳақидаги бузиб кўрсатилган тасаввурларга қарши гуманитар қалқондир.
Марказ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири — маданий меросни қайтаришдир. Президент топшириғига кўра, дунёнинг етакчи аукцион уйлари — Sotheby’s, Christie’s, Bonhams, шунингдек, йирик музейлар ва хусусий коллекционерлар билан ҳамкорлик механизмлари йўлга қўйилди. Натижада икки мингга яқин нодир артефактлар, жумладан, Ибн Сино қўлёзмалари, Беруний асарлари, Темурийлар даври миниатюралари ва ислом санъати дурдоналари юртимизга қайтарилди.
Бу ютуқ Марказий Осиёнинг цивилизацион хотирасини тиклаш ва тарихий адолатни қарор топтиришнинг амалий ифодасидир.
Парагвай Президенти Сантьяго Пенья ташриф чоғида шундай деган:
“Ислом цивилизацияси марказига ташриф менда чуқур таассурот қолдирди. Инсониятнинг кўплаб илмий ва маданий ютуқлари айнан шу заминда пайдо бўлган. Афсуски, дунё бундан доим ҳам хабардор эмас. Бу ташриф мени илҳомлантирди ва Ўзбекистоннинг улкан салоҳиятига бўлган ишончимни янада мустаҳкамлади”.
Мутахассислар таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти ўтмишни тиклашда қандай изчиллик кўрсатса, келажакни шакллантиришда ҳам шундай ёндашмоқда. Шу боис марказ илк бошданоқ динамик ривожланувчи тизим сифатида яратилган — халқаро илмий платформа, медиа макон ва нашриёт-маърифий марказ сифатида.
Финляндия Президенти Александр Стубб ташрифидан сўнг шундай деган:
“Бу ерда мен ҳеч қаерда ҳис қилмаган таассуротни бошдан кечирдим. Уч минг йиллик тарих замонавий ва жозибали тарзда тақдим этилган. Бу ерда тарихни ҳақиқатан ҳис этасиз — бефарқ қолишнинг иложи йўқ”.
Бугун Ислом цивилизацияси маркази замонавий дунёнинг интеллектуал марказига айланмоқда. У Бағдоддаги “Байт ал-Ҳикма”, Хоразмдаги Маъмун академияси ва Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси каби илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган марказлар анъанасини давом эттирмоқда.
Марказ XXI аср учун янги турдаги цивилизацион институтдир. Бу ерда тарихий билимлар рақамли технологиялар билан уйғунлашган, қўлёзмалар глобал рақамли ресурсларга айланган, музей илмий лаборатория хусусиятларини касб этган, миллий мерос эса халқаро мулоқот ва ўзаро тушуниш учун пойдеворга айланган.
Хулоса ўрнида Сербия Президенти Александр Вучичнинг сўзларини келтириш жоиз:
“Мен бундай марказни ҳеч қаерда кўрмаганман. У замонавий ва жуда таъсирчан меъморий услубда қурилган. Бу ерда кўп нарсаларни ўргандим ва албатта яна қайтиб келаман. Фуқароларимга айтардим: азиз дўстлар, мен бу ерга олдин келмаганим билан катта хато қилдим. Илтимос, имкон қадар тезроқ Ўзбекистонга ташриф буюринглар”.
Фирдавс Абдухолиқов
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори






