Eurasia Today:"Тошкентда минтақанинг янги маданий ва илмий маскани — Ислом цивилизацияси маркази очилди"
Нуфузли таҳлилий Eurasia Today нашрида эълон қилинган мазкур материалда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши минтақа миқёсида янги маданий ва илмий марказ шаклланаётганининг муҳим ифодаси сифатида талқин этилади. Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ушбу лойиҳа нафақат музей мажмуаси, балки интеллектуал тараққиётни рағбатлантирувчи, илмий изланишлар ва халқаро мулоқотни бирлаштирувчи стратегик платформа экани академик услубда асослаб берилади.
Ўзбекистон пойтахтида сўнгги йиллардаги энг йирик маданий-илмий лойиҳалардан бири — Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг расмий сайти хабар берди.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, янги мажмуа нафақат музей, балки жамият тараққиёти учун кучли интеллектуал платформага айланиши лозимлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, марказ ёшларни илҳомлантиришга хизмат қилиб, Муҳаммад ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Улуғбек, Аҳмад Фарғоний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк олим ва мутафаккирлар етишиб чиқиши учун замин яратади.
Марказнинг барпо этилиши Ўзбекистоннинг минтақанинг тарихий ва маънавий меросини тиклаш, шунингдек уни ислом маданияти ва илмининг муҳим марказларидан бири сифатида мустаҳкамлашга қаратилган кенг қамровли давлат стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Мажмуа таркибига музей майдонлари, илмий-тадқиқот лабораториялари, ноёб қўлёзмалар архивлари, таълим зоналари ва мультимедиа экспозициялар киради.
Айниқса, аввал ёпиқ фондларда сақланган кўплаб ноёб манускриптларни асраш ва рақамлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Марказ халқаро ҳамкорликка ҳам йўналтирилган бўлиб, дунёнинг турли мамлакатларидан тадқиқотчилар, теологлар ва тарихчилар иштирок этиши, шунингдек форумлар, кўргазмалар ва илмий анжуманлар ўтказилиши кутилмоқда.
Аслида, гап фақат маданий объект ҳақида эмас, балки Ўзбекистоннинг “юмшоқ кучи”ни мустаҳкамловчи геосиёсий ва гуманитар лойиҳа ҳақида бормоқда.
Дунёда диннинг замонавий жамиятдаги ўрни ҳақидаги глобал муҳокамалар фонида Тошкент ислом меросига маърифатли ва илмий асосланган ёндашувни илгари сурмоқда ҳамда уни радикал талқинларга муқобил сифатида намоён этмоқда.
Ҳукумат марказ келгусида цивилизациялар мулоқоти майдони, маданий дипломатия воситаси ва турли мамлакатлардан келувчи сайёҳлар, тадқиқотчилар ҳамда талабалар учун жалб этувчи нуқтага айланишига умид қилмоқда.






