The Wall Street Journal: Ислом цивилизацияси маркази бой тарихий меросни бирлаштиради
Нуфузли халқаро нашр The Wall Street Journal да Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган мақола чоп этилди. Унда мазкур марказ Янги Ўзбекистоннинг энг йирик маданий-илмий лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этилган. Темурийлар меъморчилиги анъаналари асосида барпо этилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев муаллифлик лойиҳаси бўлган ушбу марказ Буюк Ипак йўли мероси илғор технологиялар ва замонавий илмий ёндашувлар билан уйғунлашган ноёб макон сифатида тақдим этилган.
Мақолада таъкидланишича, марказ нафақат музей мажмуаси, балки илмий тадқиқотлар, маданий мулоқот ва ислом цивилизацияси меросини асрашга қаратилган кенг қамровли халқаро платформа ҳисобланади. Қарийб 10 гектар ҳудудни эгаллаган мажмуа музей экспозициялари, илмий-тадқиқот ва реставрация лабораториялари, шунингдек, ихтисослаштирилган кутубхонани ўз ичига олади.
Нашрда марказнинг асосий экспонати — VII асрга оид Қуръоннинг энг қадимий нусхаларидан бири бўлган Усмон Мусҳафига алоҳида эътибор қаратилган. У UNESCOнинг “Жаҳон маданий меъроси” реестрига киритилган. Шу билан бирга, замонавий иммерсив технологиялар, интерактив ечимлар ва 3D реконструкциялар қўлланилиши орқали ислом цивилизацияси тарихи ҳамда Марказий Осиёнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси янгича талқин этилаётгани қайд этилган.
Марказ очилиши кунларида чоп этилган ушбу мақола Ўзбекистонга бўлган халқаро қизиқиш ортиб бораётганини ҳамда мамлакатнинг маданият, илм-фан ва цивилизациялар мулоқоти орқали янги глобал мувозанатни шакллантиришдаги роли кучайиб бораётганини тасдиқлайди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нафақат меросни асраш рамзи, балки глобал илмий ва маданий ҳамкорликнинг янги марказига айланмоқда.







