

Янгиликлар
Нур билан жонланган тарих: Ислом цивилизацияси марказида 3D мэппинг шоу намойиш этилмоқда
Замонавий технологиялар ва тарихий хотира уйғунлашган янги маданий макон бугун Тошкент марказида намоён бўлмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази расман очилди ва бу ерда ноёб 3D мэппинг-шоу томошабинларга тақдим этилмоқда. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон музей маконида замонавий рақамли технологиялар орқали тарих ва маърифат ғояларини етказишга қаратилган илк йирик ташаббуслардан бири сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази бугун нафақат ўзининг илмий ва маърифий мазмуни, балки инновацион ва креатив ечимлари билан ҳам жамоатчилик эътиборини тортмоқда. Марказ ичидаги экспозициялар илғор рақамли технологиялар асосида ташкил этилган бўлса, унинг ташқи меъморий қиёфаси ҳам томошабинлар учун ўзига хос саҳнага айлантирилган. Қуёш ботиб, кун қорая бошлаши билан Марказ деворларида ёруғлик, ранг ва ҳаракат уйғунлигида намойиш этилаётган 3D мэппинг-шоу тарихни кўз олдингизда янада жонлантиради.
Мазкур мэппинг-шоуни томоша қилиш учун Марказ атрофига 5 мингдан зиёд маҳаллий аҳоли ва хорижлик меҳмонлар тўпланишди. Томоша икки сеансда намойиш этилди, ҳар бир чиқиш катта қизиқиш ва олқишлар билан қарши олинди. Шоу бошланишидан олдин Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов меҳмонларни байрам муносабати билан самимий табриклаб, ушбу визуал лойиҳа ҳар бир инсон қалбида ўзига хос туйғулар уйғотиши, тарих ва маърифатни янги шаклда ҳис қилиш имконини беришига ишонч билдирди.
Фирдавс Абдухолиқов, Марказ директори:
“Бу ерда “Цивилизациялар, шахслар ва кашфиётлар” номли мэппинг-шоу орқали халқимиз, айниқса ёш авлодимиз юртимизнинг бой ва бебаҳо тарихи билан янада яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади. Ушбу ноёб лойиҳа уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва фахр туйғуларини мустаҳкамлаб, юксак ватанпарварлик руҳини уйғотиши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, хорижлик меҳмонлар нигоҳида ҳам Ўзбекистон – улуғвор тарихий ва маданий меросга эга, жаҳон цивилизацияси тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар юрти сифатида янада ёрқин намоён бўлмоқда.
Ушбу юксак бадиий ва маънавий аҳамиятга эга санъат асарининг яратилишида иштирок этган барча ижодкорларга алоҳида миннатдорлик билдираман.Мазкур мэппинг-шоу Марказга ташриф буюрувчи барча меҳмонлар ва зиёратчилар учун Рамазон ҳайити ҳамда Наврўз байрами муносабати билан муносиб совға бўлиб, келгусида ҳам у барча ташриф буюрувчиларнинг энг севимли ва унутилмас маданий лойиҳаларидан бирига айланиши шубҳасиздир”.
Мэппинг-шоу нинг матн муаллифи Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод. Унинг шеърий матни ёруғлик ва визуал проекциялар билан уйғунлашиб, томошабинга нафақат тарихий воқеаларни, балки маънавий ва фалсафий ғояларни ҳам етказади.
Бобур Бобомурод, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир:
“Жуда ҳаяжондаман — бу ернинг муҳитини, маҳобатини сўз билан тўлиқ ифодалаш қийин. Ростини айтсам, биз бу кунларга етишни орзу қилардик, лекин натижа бу даражада бўлишини тасаввур ҳам қилмагандик. Бу — катта меҳнат ва изланишлар самарасидир.
Президентимизнинг ушбу ғояси устозимиз Хайриддин Султонов ва Марказ раҳбари бошчилигида шаклланди. Аслида қасида бир ўтиришда ёзилган бўлса-да, кейинчалик у қайта-қайта ишланиб, сайқалланиб, бугунги мукаммал ҳолатига келтирилди.
Мен доимо бир орзу билан яшардим — халқимизнинг бой ва улкан тарихини содда, равон ва ҳаммага тушунарли тилда ифодалашни истардим. Шундай асар бўлсинки, уни одамлар ўқибгина қолмай, ёдлаб, такрорлаб юришсин. Бугун қайсидир маънода шу ниятим амалга ошгандек бўлди”.
Томошанинг марказий саҳнаси Қуръони карим рамзи билан бошланади. Бу ерда Марказ деворлари гўё шаффофлашиб, ичкарига нур киради ва муқаддас китоб саҳифалари ёруғлик орқали жонланади. Шу пайтда “Иқро” сураси янграб, билим ва маърифат ғояси бутун томошанинг маънавий асоси сифатида намоён бўлади.
Шуҳрат Зокиров, Ўзбекистон муаллифлар ва ижрочилар гилдияси Кенгаши аъзоси, бастакор:
“Бу лойиҳа жуда кўп инсонларнинг меҳнати натижасида амалга оширилди. Менимча, лойиҳа мукаммал даражада бажарилди — Ўрта Осиёда бунақа лойиҳа ҳали бўлмаган. Шу бинода 3D мэппинг орқали тарихий тасвирлар жонланади, улар билан мусиқа ва овоз уйғунлашади. Натижада, 25 дақиқа давомида тарихий воқеалар бутунлай жонли тарзда намоён бўлади. Ўйлайманки, лойиҳа жуда юқори даражада бажарилди ва ҳар бир дақиқасига алоҳида эътибор қаратилган. Энг қийин жиҳати — овозларни салобатли ва майдонда яхши эшитиладиган қилиш. Ҳар бир детал бир неча марта, камида 15–20 марта қайта ишланган”.
Лойиҳа технологик жиҳатдан ҳам мураккаб ва кенг кўламли ҳисобланади. 3D мэппинг-шоу Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси ва буюртмаси асосида Россиянинг “Sila Sveta” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Томошани яратишда 47 та юқори қувватли “Barco” проекторидан фойдаланилган. 25 дақиқалик бу визуал саҳна ортида 100 нафардан ортиқ ижодий ва техник мутахассислар меҳнати мужассам.
Александр Ус, “Sila Sveta” компаниясининг ҳаммуассиси ва креатив директори:
“Ростини айтсам, Ўзбекистон тарихидан чинакам ҳайратдаман. Бизнинг рассомларимиз ҳам жуда таъсирланди. Биз бу ишни ярим йилдан кўпроқ давомида катта завқ билан бажардик, материал тўпладик, ҳудудларга саёҳат қилдик ва тарихга, дунё тарихига катта таъсир кўрсатган қаҳрамонларни ўргандик. Бу ҳақида одамлар билиши керак ва шунинг учун биз катта шараф ва фахр билан шуни айтамизки, ушбу шоу Ислом цивилизацияси маркази деворларида намойиш этилмоқда ва бундан асосий мақсад ёшларга янги ютуқларга илҳом беришдир.
Ушбу лойиҳанинг муқобили жуда кам, деярли йўқ, чунки энг замонавий лазер проекторлар ишлатилган ва шоу доимий равишда намойиш этилади. Ҳатто Дубайда ҳам шунақа лойиҳа мавжуд эмас”.
Раъно Тўхтаева, томошабин:
“Кўзимдан ёш чиқиб кетяпти — шунчалик таъсирландим.Бундай муборак масканни яратиб бергани учун президентимизга раҳмат. Тарихимизни шу даражада жонли кўриш — бу жуда катта бахт. Китобларда ўқиганмиз, лекин бунчалик салобатини тасаввур қилмаганмиз. Ҳозир эса кўриб фахр туйғуси янада ортяпти”.
Иброҳим Авазов, томошабин:
“Бу ерда яратилган замонавий ёндашув менга жуда катта таассурот қолдирди. Тарихий воқеалар шунчалик жонли ва интерактив тарзда берилганки, ўзингизни гўё ўша давр ичида яшаётгандек ҳис қиласиз. Айниқса, бу лойиҳа болалар учун жуда муҳим, деб ўйлайман. Бугунги кунда китоб ўқишга қизиқиш бироз камайган, аммо бу ерда кўрган ва эшитган маълумотлар уларнинг онгида албатта қизиқиш уйғотади. Ҳар бир тарихий шахс, ҳар бир давр улар учун жонланади ва бу билим кейинчалик ўз самарасини беради”.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.