El Mundo Financiero: "Учинчи Ренессанс — Янги Ўзбекистоннинг маънавий-интеллектуал тараққиётида Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти"
Испаниянинг El Mundo Financiero нашрида эълон қилинган материалда таъкидланишича, Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази Янги Ўзбекистоннинг “Учинчи Ренессанс” ғояси доирасидаги стратегик маданий ва интеллектуал лойиҳаси сифатида баҳоланиб, у тарихий мерос, замонавий технологиялар ва илмий-тадқиқот салоҳиятини уйғунлаштирган ҳолда, цивилизациялар ўртасида мулоқот ва билим алмашинувини таъминловчи глобал платформа сифатида намоён бўлмоқда.
Бугун Марказий Осиё қалбидан юзага келган бир лойиҳа ўз кўлами ва аҳамияти билан жаҳон эътиборини тортмоқда: Ислом цивилизацияси маркази нафақат меъморий ёдгорлик, балки минтақанинг ўтмиши, бугуни ва келажагини боғловчи интеллектуал кўприкдир.
Мажмуанинг 2026 йил март ойида режалаштирилган очилиши аллақачон нуфузли халқаро нашрлар ва ташкилотлар эътиборини қозонган бўлиб, у Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим маданий лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Лойиҳанинг асоси 2017 йилда қўйилган эди. Ўша йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида ушбу ташаббусни илгари сурган. У ўз нутқида ислом динининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини — маърифат, тинчлик ва яратувчанлик ғояларини халқаро жамоатчиликка етказиш зарурлигини таъкидлаган. Бу нафақат сиёсий баёнот, балки асрлар давомида илм-фан ва маданият бешиги бўлган замин илдизларига қайтиш дастури ҳам эди.
Ушбу улкан лойиҳанинг пайдо бўлиши дунёда маънавий янгиланишга бўлган эҳтиёж кучайиб бораётган даврга тўғри келди. Исломофобия ва радикализм тарқалаётган бир пайтда, Ўзбекистон бу муаммоларга илм ва таълим орқали жавоб бериш моделини таклиф қилди.
Бугун бу ғоя Тошкентнинг тарихий марказида жойлашган, 10 гектар ҳудудни қамраб олган муҳташам мажмуада ўз ифодасини топган. Унинг 65 метрли кўк гумбази ва тўртта олтин дарвозаси Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бирлигини ифодалайди. Бино меъморчилигида Темурийлар даври анъаналари замонавий технологиялар билан уйғунлашган.
Марказ дин ва илм ўртасидаги мувозанатни ўзида мужассам этади. Унинг асосий устуни Мирзо Улуғбек мадрасаси меъморчилиги анъаналари асосида яратилган бўлиб, унда Қуръони Каримнинг илк ояти — “Иқро” (“Ўқи”) каллиграфик ёзувда акс эттирилган. Бу билим излашни ҳар бир инсоннинг энг олий маънавий бурчи сифатида ифода этади.
Экспозициянинг марказий экспонати VII асрга оид Усмон Қуръони бўлиб, у ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган ноёб муқаддас ёдгорликдир.
Мажмуанинг меъморий концепцияси нафақат улканлиги, балки замонавий шаҳарсозлик ва экологик барқарорлик талабларига тўлиқ мослиги билан ҳам ажралиб туради. Лойиҳанинг ҳар бир қисми тарихий меросга ҳурмат билан яратилган. Уни ўраб турган яшил ҳудудлар эса уни нафақат илмий марказ, балки кенг маданий-маърифий маконга айлантиради.
Марказ экспозицияси анъанавий музейлардан тубдан фарқ қилади. Шавкат Мирзиёев илгари сурган “Цивилизация – Шахслар – Кашфиётлар” тамойили асосида ташкил этилган экспозиция ташриф буюрувчиларни жонли интеллектуал муҳитга олиб киради. У хронологик тартибда — исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс ҳамда Янги Ўзбекистон босқичларини қамраб олади.
Марказнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори” бўлиб, у инсоният тафаккури тараққиётини узлуксиз жараён сифатида намоён этади. Унда Ал-Хоразмий, Ал-Фарғоний, Ибн Сино, Ал-Беруний ва Мирзо Улуғбек каби алломалар кашфиётларининг замонавий технологиялар билан боғлиқлиги кўрсатилади.
Виртуал ва қўшимча реаллик (VR ва AR), голограммалар ва сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш Марказга IX аср қўлёзмаларини “жонлантириш”, қадимий обсерваторияларни рақамли қайта тиклаш имконини беради.
Бу рақамли интеграция Марказни келажак музейига айлантиради. Ташриф буюрувчилар нафақат маълумот оладилар, балки виртуал равишда буюк олимлар билан “мулоқот” қилиб, уларнинг тажрибаларида иштирок этишлари мумкин. Болалар учун мўлжалланган “1001 Inventions Laboratory” лабораторияси эса ёшларда илм-фанга қизиқиш уйғотади.
Президент Шавкат Мирзиёев миллатнинг ҳақиқий кучи унинг тарихи ва маданий илдизларида эканини кўп бор таъкидлаган. Шу асосда музей экспозицияларини миллий мерос намуналари билан бойитиш ва чет элларда сақланаётган ноёб экспонатларни ватанга қайтариш вазифаси қўйилган.
Бу мақсадда Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов бошчилигидаги делегация кенг кўламли тадқиқотлар олиб борди. Натижада мингдан ортиқ қўлёзма ва ноёб артефактлар Ўзбекистонга қайтарилди.
Марказ илмий-таълим платформаси сифатида ҳам фаолият юритади. Унда 200 мингдан ортиқ китоб фондига эга кутубхона, реставрация лабораториялари, каллиграфия мактаби ва рақамли архивлар мавжуд. Шунингдек, ICESCO, IRCICA ва Oxford Centre for Islamic Studies каби нуфузли ташкилотлар ҳам бу ерда фаолият олиб боради.
Лойиҳада 40 дан ортиқ давлатдан 1500 га яқин мутахассис иштирок этган. Халқаро экспертлар Марказни янги авлод музейи, илмий инфратузилма ва глобал ҳамкорлик платформасини бирлаштирган ноёб мажмуа сифатида баҳоламоқда.
Финляндия Президенти Александр Стубб Марказни замонавий дунёнинг интеллектуал маркази деб атаб, уни Байт ал-Ҳикма ва Мирзо Улуғбек мадрасаси каби тарихий илм масканлари билан таққослади.
2026 йил февраль ойида Париждаги Prix Versailles халқаро қўмитаси Марказни “дунёнинг энг гўзал музейлари” рўйхатига киритди. Шунингдек, Smithsonian Magazine, BBC ва National Geographic каби нашрларда ҳам эътироф этилди.
Бу эътироф Марказнинг илмий ва туристик салоҳиятини янада ошириб, уни жаҳон миқёсидаги муҳим масканга айлантирмоқда.
Марказнинг очилиши Рамазон ойига тўғри келиши ҳам рамзий аҳамиятга эга. Чунки 2018 йил айнан шу ойда унинг илк пойдевори қўйилган эди. Энди, саккиз йилдан сўнг, у келажак авлодлар учун ислом маданий меросини асраш ва ривожлантириш рамзи сифатида эшикларини очади.






