The Economist: Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази — билим, маданият ва халқаро мулоқот макони
Халқаро нашр The Economist Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган материални эълон қилди. Унда мазкур марказ мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва унинг халқаро майдондаги аҳамияти ортиши нуқтаи назаридан кўриб чиқилган.
Қайд этилишича, марказ Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида амалга оширилган муаллифлик лойиҳаси бўлиб, инсонпарварлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларига таянадиган изчил давлат сиёсатини акс эттиради. Бу ёндашув замонавий дунё чақириқларига муносиб жавоб сифатида баҳоланади.
Мақолада марказ Ўзбекистоннинг замонавий маданий ва интеллектуал қиёфасини шакллантиришда муҳим омил сифатида тавсифланган. Шунингдек, мамлакатнинг ўз тарихий меросини чуқур англаш ва уни глобал кун тартибига уйғунлаштиришга интилиши таъкидланган.
Алоҳида эътибор Марказий Осиёга — илмий ва фалсафий анъаналар асрлар давомида шаклланган, жаҳон тамаддунига катта таъсир кўрсатган ҳудуд сифатида қаратилган.
Шу билан бирга, меъморий анъаналар ва замонавий технологиялар уйғунлиги маданий ўзликни сақлаган ҳолда модернизация йўли танланганини кўрсатади.
Марказнинг очилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлиб, уни маданий ва интеллектуал ҳамкорликнинг асосий марказларидан бири сифатида намоён этади.





