
Янгиликлар
Италия қишлоқ хўжалиги вазири: “Бугунги цивилизация тараққиётидаги кўплаб ютуқлар тасодифий эмас”
“Италия – Марказий Осиё (C5) + Озарбайжон” давлатлари Бизнес-форуми доирасида хорижий делегация аъзолари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Ушбу ташриф меҳмонларга мамлакатнинг бой тарихи, маданий мероси ва замонавий илмий-маърифий салоҳиятини яқиндан таништириш имконини берди.
Ташриф давомида делегация аъзолари Марказ экспозициялари билан батафсил танишиб, қадимий даврлардан то бугунги кунгача бўлган цивилизацион ривожланиш босқичларини акс эттирувчи ноёб экспонатларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди. Замонавий мультимедиа технологиялари, интерактив ечимлар ва визуал тақдимот усуллари меҳмонларда алоҳида таассурот уйғотди.
Меҳмонлар аввало “Буюк сиймолар галереяси”да бўлиб, Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк алломалар, мутафаккирлар ва давлат арбоблари фаолияти билан танишди. Шундан сўнг делегация Исломдан аввалги давр цивилизациялари бўлимига ташриф буюриб, қарийб 3000 йиллик тарихга эга археологик топилмалар ва маданий мерос намуналарини юқори баҳолади.
Ташриф давомида Биринчи Ренессанс даврига бағишланган экспозициялар ҳам алоҳида қизиқиш уйғотди. Мадраса макетлари, илмий муҳитни акс эттирувчи композициялар ҳамда интерактив ўйинлар орқали ушбу даврнинг илмий ва маърифий юксалиши ёрқин намоён этилгани таъкидланди. Шунингдек, Иккинчи Ренессанс даври экспозициясида намойиш этилган илмий асбоблар, қўлёзмалар ва маданий мерос намуналари меҳмонларда чуқур таассурот қолдирди.
Делегация “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлими билан ҳам танишиб, мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, илмий-маърифий лойиҳалар ва маданий ташаббуслар ҳақида маълумот олди.
Ташриф сўнггида меҳмонлар Марказнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлган Қуръони карим залида бўлди. Бу ерда жойлашган Усмон Мусҳафи тарихи, унинг сақланиши ва илмий ўрганилишига оид маълумотлар делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Қуръон нозил бўлиш жараёнини акс эттирувчи замонавий мэппинг шоу намойиши меҳмонларда ёрқин таассурот қолдирди.
-Қисқа вақт ичида барпо этилган ушбу улкан иншоот катта таассурот қолдиради. У қадимий цивилизациянинг замонавий технологиялар ва модернизация билан уйғун ривожлана олишини яққол намоён этади. Қадимий анъаналардан бошланиб, турли маданий босқичлар орқали шаклланган жараёнларни чуқур ўрганиш асносида Ўзбекистон тарихи, айниқса исломдан олдинги ва исломий цивилизациялар мероси ниҳоятда қизиқарли эканига яна бир бор амин бўлдим. Италия компанияларининг ушбу ноёб иншоотни барпо этишда иштирок этгани мен учун алоҳида мамнуният бағишлайди. Бу, шубҳасиз, жуда муҳим аҳамиятга эга. Экспозицияларда ҳар бир босқичнинг батафсил ва пухта ёритилгани орқали буни яққол ҳис этиш мумкин. Шу билан бирга, ислом цивилизациясининг кўплаб жиҳатлари — санъат, ҳунармандчилик, касб-ҳунар, математика, тиббиёт ва астрономия соҳаларидаги ютуқлар таъсирчан тарзда намоён этилган. Кўрганларимиз шуни кўрсатадики, бугунги цивилизация тараққиётидаги кўплаб ютуқлар тасодифий эмас, балки уларнинг барчаси қадимий анъаналар ва чуқур илдизларга таянади, — деди Италия қишлоқ хўжалиги вазири Франческо Лоллобриджида.
Мазкур ташриф Марказнинг халқаро миқёсдаги аҳамиятини яна бир бор намоён этиб, унинг турли давлатлар ўртасидаги маданий ва илмий ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим платформа сифатидаги ўрнини тасдиқлади.
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.