

Янгиликлар
24.kg: "Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди"
Қирғизистоннинг 24.kg нашри Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилишига бағишланган материални эълон қилди. Унда таъкидланишича, Тошкентда барпо этилган мазкур марказ мамлакатнинг энг йирик маънавий-маърифий ва илмий лойиҳаларидан бири бўлиб, у Ўзбекистоннинг кўп минг йиллик тарихи, бой маданий мероси ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини комплекс тарзда намоён этувчи муҳим илмий ва маданий макон сифатида баҳоланмоқда.
Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилди. Тантанали маросимда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди, дея унинг матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари таъкидлашича, Ўзбекистон муборак Рамазон кунларини тинчлик, барқарорлик ва жамиятдаги ҳамжиҳатлик шароитида қарши олмоқда. Шу билан бирга, замонавий таҳликали даврда тинчлик ва ички барқарорликнинг аҳамияти янада чуқурроқ англанмоқда.
Президент матбуот хизмати қайд этишича, Ислом цивилизацияси маркази республикадаги энг йирик маънавий-маърифий ва илмий лойиҳалардан бири сифатида қаралмоқда. У халқнинг уч минг йиллик тарихини, интеллектуал салоҳиятини, маданий чуқурлигини ва жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини акс эттиради. Шавкат Мирзиёев бундай марказни барпо этиш кўп авлодларнинг орзу-интилишлари ифодаси эканини, шунингдек миллий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишда муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда амалга оширилаётган сиёсатнинг асосида илм-фан ва таълим устуворлиги ётади. Чунки айнан билим, маърифат ва инсон салоҳиятини ривожлантириш орқали кучли давлат ва эркин жамиятни барпо этиш мумкин.
Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш ташаббуси президент томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган бўлиб, халқаро ҳамжамият, айниқса ислом олами томонидан қўллаб-қувватланган.
Натижада Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси ёнида миллий бадиий анъаналар, замонавий инфратузилма ва кенг кўламли илмий-маданий концепцияни ўзида мужассам этган йирик меъморий ансамбль шакллантирилди.
Ислом цивилизацияси маркази қарийб 10 гектар ҳудудда жойлашган бўлиб, унинг биноларининг умумий майдони 50 минг квадрат метрга яқинни ташкил этади. Мажмуа ичида Ўзбекистон ҳудудидаги исломгача бўлган давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Учинчи Ренессанс пойдевори сифатида Янги Ўзбекистонга бағишланган кенг экспозиция майдонлари яратилган. Марказ ягона маърифий маконда мамлакатнинг қадимий тарихи, бой цивилизацион мероси ва ўзбек халқининг юксак маданий ҳамда илмий салоҳиятини намоён этишга хизмат қилади.
Мажмуада алоҳида ўринни Марказнинг асосий маънавий маскани ҳисобланган Қуръони карим зали эгаллайди. Бу ерда дунёдаги энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири бўлган Усмон мусҳафи сақланмоқда.
Шунингдек, Ислом цивилизацияси марказида қатор халқаро ташкилотлар ваколатхоналари фаолияти учун шароитлар яратилган. Жумладан, ISESCO, IRCICA, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, Темурийлар даври тарихи ва санъатини ўрганиш ассоциацияси ҳамда ТУРКСОЙ каби тузилмалар шулар жумласидандир.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.