
Янгиликлар
“Бу ерда бутун Марказий Осиё тарихи мужассам” — халқаро делегация таассуроти
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва қарори асосида ташкил этилган бўлиб, қисқа фурсатда халқаро миқёсда эътироф этилиб, ўзининг маҳобати ва бой мазмуни билан жаҳон эътиборини қозониб келмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Қирғиз Республикаси мудофаа вазири, генерал-маёр Руслан Мукамбетов бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Делегация аъзолари марказнинг ҳар бир залини батафсил кўздан кечирди. Ташриф давомида меҳмонлар Буюк сиймолар галереясида жойлашган 14 та равоқдаги асарлар билан танишиб, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси ҳақида атрофлича маълумот олдилар.
Шунингдек, улар марказ музейидаги Қуръони Карим зали, Исломдан аввалги давр цивилизациялари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, ўзбек хонликлари даври ҳамда “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” экспозициялари билан яқиндан танишдилар.
Делегация аъзоларида айниқса Қуръони карим зали катта таассурот қолдирди. Улар бу ерда намойиш этилган замонавий маппинг-шоуни томоша қилиб, машҳур Усмон Мусъҳафи билан танишдилар. Шунингдек, Ўзбекистонга дахлдор 114 та Қуръон қўлёзмасини ўз ичига олган лойиҳа доирасидаги ноёб манбаларни кўришди. Жумладан, Катта Лангар Қуръони, Сомонийлар ва Қорахонийлар даврига мансуб Қуръонлар ҳамда Ўзбекхон Қуръони меҳмонларда катта таассурот уйғотди.
Делегация аъзолари эътиборини тортган асосий бўлимлардан яна бири Иккинчи Ренессанс экспозицияси бўлди. Бу ерда Амир Темур ҳукмронлиги давридаги сиёсий, маданий ва илмий-маърифий ҳаёт кенг ёритилган. Буюк Амирнинг давлат арбоби, бунёдкор ва илм-фан ҳомийси сифатидаги сиймоси мазкур залда таъсирчан тарзда акс эттирилган.
Қирғиз Республикаси мудофаа вазири, генерал-маёр Руслан Мукамбетов:
“Биз бундай марказ қурилаётгани ҳақида анча вақтдан бери эшитиб келаётгандик. Омадимиз келиб, айнан очилишидан кейин ташриф буюриш насиб этди. Албатта, жуда катта таассурот қолдиради. Бу ерда нафақат Ўзбекистон тарихи, балки бутун Марказий Осиё тарихи ҳам акс этган, десак муболаға бўлмайди. Ва буларнинг барчаси замонавий технологиялар билан уйғунлаштирилгани сабабли, ҳаммаси бошқача кўринади, бошқача қабул қилинади..
Маълумки, ўз тарихини билмаган халқнинг келажаги бўлмайди. Шунинг учун, айниқса ёшлар, ўсиб келаётган авлод учун ўз тарихини билиш жуда муҳим. Менимча, бу жуда катта аҳамиятга эга. Бу ерга одамлар жуда кўп келаётгани ҳам шуни кўрсатяпти. Бу жуда яхши, ва шундай бўлиши керак.”
Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.