“Бир кунда кўриб бўлмайди”: Москва университети делегацияси Тошкентдаги марказдан ҳайратда
М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети Давлат сиёсати кафедраси мудири Владимир Якунин бошчилигидаги делегация аъзолари Президент Шавкат Мирзиёев ғояси асосида лойиҳалаштирилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, унинг кўлами ва мазмунан бой экспозицияларини юқори баҳолади. Айниқса, Аҳмад Фарғоний нилометри ва Иккинчи Ренессанс даври мероси меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Президент Шавкат Мирзиёев ғояси асосида лойиҳалаштирилиб, сўнгги 8 йил давомида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро жамоатчилик учун йирик илмий-маърифий маскан сифатида намоён бўлмоқда.
М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети Давлат сиёсати кафедраси мудири Владимир Якунин бошчилигидаги делегация аъзолари марказнинг нафақат ички экспозициялари, балки ташқи меъморий ечими тўрт томондаги порталлар, улардаги нозик нақшлар ва ёзувлар, ҳар бир деталнинг пухта ўйланган ҳолда қўлланилгани билан ҳам ҳайратда қолганликларини билдирдилар.
Меҳмонларда айниқса музейнинг Биринчи Ренессанс даври экспозицияси катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда буюк алломаларнинг илмий мероси, хусусан, Аҳмад Фарғоний томонидан такомиллаштирилган нилометр алоҳида эътибор марказида бўлди. Мазкур асбоб қадимда Нил дарёси сув сатҳини ўлчаш учун хизмат қилган бўлиб, гидростатика қонунларига асосланган. Нилометр ёрдамида дарёнинг йиллик сув ҳажми аниқланиб, қурғоқчилик ёки тошқин эҳтимоли башорат қилинган, шунингдек, ҳосилдорлик даражаси ва солиқ сиёсати ҳам шу кўрсаткичларга боғлиқ ҳолда белгиланган. Ушбу илмий ёндашув делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Иккинчи Ренессанс даври бўлимида эса меҳмонларни айниқса Шоҳрух Мирзо даврига оид экспозициялар қизиқтирди. Бу ерда илм-фан ва маданият тараққиёти, Шоҳрух Мирзонинг маърифатпарварлик фаолияти кенг ёритилган. Хусусан, унинг кутубхонасига оид 50 дан ортиқ қўлёзмалар аниқлангани ҳақидаги маълумотлар делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Жумладан, 1434 йилда уйғур ёзувида эски ўзбек тилида ёзилган “Меърожнома” асари, ундаги миниатюралар алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, делегация аъзолари “Янги Ўзбекистон” ҳамда “Қуръони Карим” заллари экспозициялари билан ҳам яқиндан танишдилар.
Владимир Якунин, М.В. Ломоносов номидаги Москва давлат университети Давлат сиёсати кафедраси мудири:
Бу ерда амалга оширилган ғоянинг буюклиги, унинг ижросидаги гўзаллик ва экспозицияларнинг мазмунан бойлиги таҳсинга лойиқ. Ушбу марказ, энг аввало, билим манбаи ва жамиятни тарбиялаш воситасидир. Экспозиция шу қадар кенгки, уни қисқа вақтда тўлиқ ўрганиб бўлмайди. Бу эса яна қайтиб келиш учун асос бўлади.
Шунингдек, у халқаро ҳамкорликни дўстлик ва ўзаро ҳурмат асосида ривожлантириш муҳимлигини таъкидлаб, тарихий билимлар ёш авлод тарбиясида алоҳида ўрин тутишини қайд этди.


