Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ислом мероси ва жаҳон тамаддунига қўшилган ҳисса тақдимотидан Беларус делегацияси ҳайратда

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қарийб 9 йил давомида бунёд этилиб, жорий йил Рамазон ҳайити арафасида кенг жамоатчилик учун ўз эшикларини очди. Қисқа фурсатда ушбу муҳташам маскан юксак эътирофларга сазовор бўлмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, марказнинг асосий мақсади халқимизнинг уч минг йиллик бой тарихини, бунёдкорлик салоҳиятини, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини ҳамда аждодларимизнинг бебаҳо маданий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат.

Ана шу мақсадда ташкил этилган Марказга Беларус Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников бошчилигидаги делегация ташриф буюриб, экспозициялар билан батафсил танишди. Меҳмонлар ҳар бир зални катта қизиқиш билан кўздан кечирар экан, айниқса хариталарга алоҳида эътибор қаратишди.

Маълумки, Буюк Ипак йўли Ўзбекистон тарихида беқиёс ўрин тутади. Эрамиздан аввалги II асрда шаклланган ушбу савдо йўли қарийб 18 аср давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган. Йўлнинг муҳим йўналишлари айнан бугунги Ўзбекистон ҳудудидаги йирик шаҳарлардан ўтган. Исломдан аввалги давр экспозициясида акс этган савдо йўлларининг интерактив хариталари эса ушбу тарихий жараёнларни замонавий ёндашув асосида ёритиб, делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлим марказидан ўрин эгаллаган Сомонийлар мақбараси макети, Салжуқийлар даврига оид нафис заргарлик буюмлари ҳамда икки бошли бургут тасвири туширилган шоҳлик рамзлари меҳмонларни бефарқ қолдирмади. Эътиборлиси, ушбу нодир экспонатлар Президентимиз ташаббуси билан хорижий мамлакатлардан юртимизга қайтарилган.

Айниқса, миллий амалий санъатимизнинг дурдонаси бўлган сўзаналар делегация аъзоларининг қизиқишига сабаб бўлди. Иккинчи Ренессанс даври экспозициясининг хонликлар бўлимида намойиш этилган ноёб сўзана нақшлари уларнинг эътиборини тортди.

Александр Огородников, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

– Бу ерда асрлар, бир неча минг йиллар давомидаги тарих намоён этилган. Барча даврлар менга қизиқ, чунки ҳар бирида кўплаб қизиқарли жиҳатларни топиш ва уларни бугунги кун билан қиёслаш мумкин.

Ҳатто шубҳа ҳам қилмайманки, ёш авлод учун бу марказ энг аввало таълимий аҳамиятга эга. Чунки бу ерга келиб, жонли кўришнинг таъсири бошқача — буни ҳеч қандай тарих дарсида ёки бошқа машғулотда ўқитувчи тўлиқ етказиб бера олмайди. Синфхонада бу қадар гўзалликни, санъатнинг чуқурлигини, инсониятнинг имкониятларини, ҳатто сиёсатни, ҳарбий йўналишларни, санъат ва спортни бир бутун ҳолда кўрсатиб бўлмайди. Бу ерда эса ҳаммаси мужассам. Шунинг учун, менимча, ёшлар учун бу шундай масканки, бир марта келиб кетиш учун эмас, балки ҳар сафар келганда янги бир тарихий жиҳатни, аввал кўрмаган янги бир музей элементини кашф этиш мумкин. Менимча, Ислом цивилизацияси марказининг энг катта қадрияти ҳам ана шунда.

Яратилган Ислом цивилизацияси маркази ҳақиқатан ҳам ислом динининг моҳиятини, унинг пайдо бўлишидан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихини жуда чуқур очиб беради. Шунинг учун мен ишонаманки, бу марказ барча фуқаролар учун уларнинг эътиқоди, келиб чиқиши, моддий аҳволи ёки динидан қатъи назар қизиқ. Бу шундай масканки, у бизга тарихни, ер юзидаги тинчликни қадрлашни ва келажак авлодлар учун ўтмишни билиш қанчалик муҳим эканини англашни ўргатади.

Александр Oпимах, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси: 

– Ислом цивилизацияси маркази, албатта, ғояси ва амалга оширилиши жиҳатидан жуда йирик лойиҳа. У илк қадамданоқ, бу ерга киришингиз биланоқ таассурот қолдиради ва, албатта, ташриф буюрувчига очиладиган чуқур мазмуни билан ҳайратга солади. Бу ер жуда бой маълумотларга ва шундай визуал ечимларга эгаки, улар ҳақиқатан ҳам инсонни кўп нарсалар ҳақида ўйлашга ундайди ва Ўзбекистоннинг минг йиллар давомида қандай ривожланганини анча чуқурроқ англаш имконини беради.

Мен ўзим маълумотим бўйича тарихчиман, шунинг учун менга, албатта, исломдан олдинги даврнинг тақдим этилиши ва Биринчи ҳамда Иккинчи Ренессанс даврларининг ёритилиши жуда ёқди. Шунинг учун айтишим керакки, экспозиция устида ишлаган ва ҳозир ҳам ишлаётган мутахассислар ҳақиқатан ҳам жуда катта ва чуқур тадқиқот ишларини амалга оширишган. Шу боис, бу ишни яратган барча инсонларга катта миннатдорчилик ва ҳурматимни билдираман.

Тақдим этилган экспозиция шуни кўрсатадики, ислом турли даврларда яшаган буюк мутафаккирларнинг фалсафий қарашлари асосида қанчалик чуқур ўрин тутган. Энг муҳими, айнан ислом асосида инсонлар буюк маданий ва санъат асарларни яратганини кўриш мумкин. Шунинг учун инсоният тараққиётида ислом цивилизациясининг ҳиссаси, албатта, шубҳасиздир — жаҳон маданияти ва цивилизациясида уни ҳеч ким инкор этмаган.

Делегация вакиллари қайд этишича, бу ҳудуддаги олимлар ўз даврида юксак илмий ютуқларга эришиб, ҳатто Америка Христофор Колумб томонидан кашф этилишидан анча олдин илмий фаразлар билдирган.

Алгебра, астрономия ва геометрия каби фанлар ривожи айнан шу замин билан боғлиқ экани, бу даврда Европа ҳали бундай тараққиётга эришмагани таъкидланди. Шунингдек, Амир Темур даврида илм-фанга яратилган шароит ва олимларни қўллаб-қувватлаш сиёсати ҳам муҳим омил сифатида баҳоланди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1367026.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1108529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
888727.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.