«Тошкентнинг янги дурдонаси»: Ислом цивилизацияси маркази XL Semanal журналида кенг ёритилди
Нуфузли испан журнали — XL Semanal’да, ҳафталик тиражи 1,5 миллион нусхадан ортиқ бўлиб, кўп миллионли аудиторияни қамраб оладиган нашрда, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳақида мақола чоп этилди. «La nueva joya de Tashkent» («Тошкентнинг янги дурдонаси») сарлавҳаси остида эълон қилинган материал журналнинг очилиш саҳифаларида (7-саҳифа) жойлаштирилган бўлиб, бу таҳририят томонидан унга юқори устуворлик берилгани ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатнинг жаҳон илм-фани ва маданияти марказларидан бири сифатидаги тарихий ролини тиклашга қаратилган муаллифлик лойиҳасига катта халқаро қизиқиш мавжудлигини кўрсатади.
Хорижий журналистлар мажмуа кўламининг кенглиги, унинг меъморий ифодадорлиги, шунингдек, анъанавий мерос ва замонавий технологияларнинг ўзига хос уйғунлигига алоҳида эътибор қаратадилар. Материалда Марказнинг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилган: унинг мавзули экспозициялари исломдан олдинги давр, илм-фан гуллаб-яшнаган давр ва минтақанинг замонавий тараққиётини қамраб олиши, шунингдек, ташриф буюрувчиларга тарихий муҳитга чуқур шўнғиш имконини берувчи инновацион мультимедиа ечимлари батафсил ёритилган. Таъкидланишича, Марказ фақат музей вазифаси билан чекланиб қолмай, балки ноёб қўлёзма ва маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва оммалаштиришга қаратилган тўлиққонли илмий-тадқиқот ва таълим платформаси сифатида фаолият юритади.
Хорижий матбуот шунингдек, Марказнинг турли мамлакатлардан келган олимлар, мутахассислар ва маданий муассасаларни бирлаштирувчи халқаро ҳамкорлик майдони сифатидаги аҳамиятини ҳам қайд этади. Нашрда Ўзбекистоннинг ислом илмий меросини сақлаш ва тарғиб этишдаги ўрни, шунингдек, минтақани жаҳон тарихининг муҳим интеллектуал марказларидан бири сифатида намоён этишга бўлган интилиши алоҳида таъкидланган. Айниқса, Усмон Қуръони каби ноёб артефактлар ва уларнинг жаҳон маданий мероси учун аҳамиятига эътибор қаратилган.
Фақат март ойининг ўзида Ислом цивилизацияси маркази ҳақида нуфузли халқаро нашрларда 60 дан ортиқ мақолалар эълон қилинганини инобатга олсак, бу лойиҳага бўлган глобал қизиқишнинг жадал ўсиб бораётгани ва унинг жаҳон ахборот маконидаги долзарблиги юқори эканидан далолат беради.






