Новосибир муфтийси: Марказ — мусулмон меросини жаҳонга танитувчи ноёб маскан

Қарийб 9 йил давомида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илк очилган кунлариданоқ кенг жамоатчилик, айниқса хорижий меҳмонлар ва мусулмон аҳли томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Бугунги кунда Марказга ташриф буюрувчилар оқими тобора ортиб, унинг нуфузи халқаро миқёсда юксалиб бормоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Марказнинг асосий мақсади — халқимизнинг кўп минг йиллик бой тарихи, илмий мероси ва ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этишдан иборат. Бугунги ташрифлар ва юқори баҳолар эса ушбу эзгу мақсадлар амалда ўз ифодасини топаётганини яққол намоён этмоқда.
Россия Федерациясининг Новосибир вилояти мусулмонлари диний бошқармаси муфтийси ҳам Марказга ташриф буюрди. Ташриф аввалида муфтий исломдан аввалги даврга бағишланган экспозицияларда намойиш этилган “Авесто” қўлёзмалари варақлари билан танишиб, ушбу манбалар инсоният тарихининг энг қадимий маънавий илдизларини ёритишда беқиёс аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Биринчи Ренессанс даврига бағишланган бўлим, айниқса, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк муҳаддислар меросига бағишлаб яратилган алоҳида капсулалар, уларнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятининг хариталар орқали замонавий форматда тақдим этилганини муфтий юксак эътироф этди. Ушбу ёндашув ислом илм-фани тараққиётини янада чуқур англаш имконини беришини қайд этди.
Иккинчи Ренессанс бўлимида эса Амир Темур давлати хариталари сунъий интеллект асосида ёритилгани, тарихий жараёнларни жонли ҳис қилиш имконини бериши муфтийда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, Мирзо Улуғбекнинг астрономик кашфиётлари ва расадхона муҳити шундай таъсирли яратилганки, меҳмон ўзини гўёки ўша давр ичида тургандай ҳис қилганини таъкидлади.
Қуръони карим зали эса ташрифнинг энг таъсирли нуқталаридан бири бўлди. Залдаги мэппинг-голограмма, ипак гиламлар дизайни ва умумий маънавий муҳит меҳмон қалбида чуқур туйғулар уйғотиб, “бу ердаги муҳит ҳар бир мусулмон юрагини ларзага келтиради”, дея таъкидлади.
Абдулҳамид Шакирзянов, Новосибир вилояти муфтийси:
Алҳамдулиллаҳ, мана шундай йирик ва замонавий музейни зиёрат қилиш насиб этди. Бу ерда ўзимиз учун жуда кўп янги маълумотларга эга бўлдик.
Марказда намойиш этилган мерос мен учун мусулмон сифатида бевосита катта аҳамиятга эга. Тарихий қадриятларимизнинг шу тарзда жамлангани ва сақланаётгани катта фахр уйғотади. Айрим экспонатлар реставрация қилинган бўлса-да, уларнинг барчаси жуда юқори савияда тақдим этилган.
Бу марказ ўз олдига қўйилган вазифани албатта юқори даражада бажармоқда. Чунки бу ерга нафақат маҳаллий, балки кўплаб хорижий сайёҳлар ҳам ташриф буюрмоқда. Улар бу ер орқали ислом маданияти ва қадимги ислом цивилизацияси ҳақида янги билимларга эга бўлишади.
Шахсан мен учун диний йўналишдаги бўлимлар айниқса қизиқарли бўлди. Хусусан, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби улуғ алломаларимизга бағишланган экспозициялар катта таассурот қолдирди. Шунингдек, ислом уйғониш даврига оид олимларнинг асарлари намойиши ҳам эътиборимни тортди.
Муфтийнинг фикрича, бундай масканлар исломнинг ҳақиқий моҳияти — илм, маърифат ва тинчлик ғояларини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.


