Ёшлар учун янги “интеллектуал стартап”: ЖИДУ талабалари ноодатий тажрибада иштирок этишди
Тошкентда жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун ёшлар учун ноёб таълим майдонига айланмоқда. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети делегациясининг Марказга ташрифи ушбу масканнинг нафақат музей, балки назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштирувчи замонавий илмий мактаб эканини яна бир бор намоён қилди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (ЖИДУ)нинг махсус таълим курси доирасида университет ректори, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигида талабалар ва профессор-ўқитувчиларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Ташрифнинг асосий мақсади талабаларни Ўзбекистоннинг бой илмий-маънавий мероси, ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётидаги ўрни ва аҳамияти билан яқиндан таништириш, шунингдек, таълим жараёнида эгалланаётган назарий билимларни амалий кузатувлар орқали мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Экскурсия давомида иштирокчилар Марказ экспозициялари билан батафсил танишиб, қадимги даврлардан тортиб бугунги кунга қадар бўлган тарихий тараққиёт босқичларини ўз ичига олган ноёб илмий-тарихий манбалар, қўлёзмалар ва артефактларни кўздан кечирдилар.
Ташриф доирасида маърифий мулоқот ташкил этилиб, Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ҳамда университет ректори Содиқ Сафоев маърузалари тингланди.
Содиқ Сафоев ўз нутқида марказнинг стратегик ва маънавий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, қуйидагиларни таъкидлади:
Мазкур марказнинг барпо этилиши, аввало, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва стратегик қарашлари маҳсулидир. Бу ерда халқимизнинг кўп асрлик тарихи, унинг инсоният тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси яққол намоён бўлган. Ҳар бир зиёли инсон учун ушбу масканни кўриш — нафақат ҳуқуқ, балки маънавий бурчдир. Айниқса, халқаро муносабатлар соҳасида фаолият юритишга тайёрланаётган ёшлар учун бу жой ўзига хос мактаб вазифасини ўтайди. “Ҳаёт — бу эсда қолган кунлар”, деган ҳикмат бор. Ишончим комилки, бугунги ташриф талабаларимиз хотирасида ўчмас из қолдиради. Чунки бу марказ бизнинг тарихий хотирамизни, миллий ўзлигимизни ва келажакка бўлган ишончимизни уйғун тарзда намоён этади. Бу ер, айни пайтда, биз интилаётган Учинчи Ренессанс ғоясининг илмий-назарий пойдеворидир.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов эса ўз чиқишида марказ фаолиятининг устувор йўналишлари ва ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди:
Марказ фаолиятининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири — ёшларни илмий ва маърифий жараёнларга кенг жалб этишдан иборат. Ҳурматли Президентимиз томонидан бизга айнан шу вазифа юклатилган. Бугун сизлар ушбу марказда ўтказилаётган илк расмий семинар иштирокчилари сифатида тарихий жараённинг бевосита гувоҳи бўлмоқдасиз. Бу ерда нафақат музей экспозицияси, балки халқаро илмий ҳамкорлик майдони ҳам шакллантирилган. Хусусан, UNESCO, ICESCO, IRCICA каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор илмий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Келгусида ушбу ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш, ёшларни халқаро тадқиқотлар ва таълим дастурларига жалб этиш устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Айни пайтда жаҳонда кузатилаётган турли зиддиятлар замирида кўп ҳолларда жаҳолат ётганини инобатга олсак, биз маърифат орқали ушбу муаммоларга ечим топишимиз лозим.
Ташриф иштирокчилари Марказдаги экспозициялар ва яратилган шароитлар уларда чуқур илмий ва ҳиссий таассурот қолдирганини таъкидладилар.
Махинора Амирҳамидова, ЖИДУ доценти:
Назарий жиҳатдан ўрганган билимларимизнинг амалдаги ифодасини кўриш инсон тафаккурига бутунлай янги таъсир кўрсатади. Бу ерда ҳар бир экспонат, ҳар бир зал ўзига хос тарихий ҳужжат сифатида намоён бўлади. Гўё инсон ўтмиш билан юзма-юз мулоқотга киришгандек. Бу марказ нафақат бугунги кун учун, балки келажак авлодлар учун ҳам муҳим илмий ва маънавий манба бўлиб хизмат қилади.
Лайло Тошпулатова, ЖИДУ кафедра мудири:
Бу марказ ҳақида эшитганимиз заҳотиёқ уни кўриш истаги пайдо бўлган эди. Бугун эса ушбу орзу рўёбга чиқди. Илк қадамданоқ қалбимизда юртимизнинг бой тарихи билан фахрланиш туйғуси шаклланди. Биз турли мамлакатларда бўлганмиз, кўплаб музей ва илмий марказларни кўрганмиз. Аммо бундай кенг қамровли ва концептуал жиҳатдан мукаммал марказни учратмаганмиз. Бу маскан нафақат тарихни намоён этади, балки ёшларнинг фикрлаш доирасини кенгайтиради, уларни келажак олдидаги масъулияти ҳақида чуқур ўйлашга ундайди.
Мазкур ташриф таълим, илм-фан ва маърифатни ўзаро уйғунлаштирган ҳолда, талабаларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, миллий ўзликни англаш ва тарихий меросга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлашда муҳим амалий аҳамият касб этди.


