Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистон Олий суд делегацияси 3000 йиллик тарихий ҳақиқатнинг кутилмаган тақдимотига гувоҳ бўлишди

Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси Бахтиёр Исломов бошчилигидаги делегация Президент Шавкат Мирзиёев ғояси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Меҳмонлар Марказ музейида уч минг йиллик тарих ва цивилизациялар билан танишар экан, экспозициялардаги ноодатий ёндашувлардан катта таассурот олишди.  

Олий суди раиси бошчилигидаги делегацияда Марказда ташкил этилган “Буюк сиймолар галереяси”да яқин кунларда таваллудининг 690 йиллиги нишонланадиган соҳибқирон Амир Темурнинг мозаикада ифодаланган сиймоси алоҳида қизиқиш уйғотди. Унинг 35 ёшида марказлашган давлат барпо этгани, темурийлар салтанатига асос солгани ва Иккинчи Ренессансга замин яратгани ҳақидаги тарихий ҳақиқатлар ҳақида янада кенгроқ маълумотлар берилди.

Исломдан аввалги даврга бағишланган экспозицияларда 250 метрлик “Цивилизация ва кашфиётлар девори”дан ўрин олган барельефлар, миниатюралар ва маҳобатли рангтасвир асарлари орқали 3000 йиллик давлатчилик тарихи таъсирчан тарзда намойиш этилгани делегация томонидан юқори баҳоланди. Айниқса, Сурхондарёдаги Далварзинтепа ҳудудидан топилган ва Ҳиндистондаги шахмат доналаридан 4 аср олдин яратилган ноёб шахмат доналари меҳмонларда катта ҳайрат уйғотди.

Шунингдек, Лондондаги нуфузли аукционлардан олиб келинган 500 дан ортиқ артефактлар, жумладан, Суғд либослари ва матолари коллекцияси катта қизиқиш билан кўздан кечирилди. Ушбу либосларни сунъий интеллект орқали виртуал тарзда “кийиб кўриш” имконияти эса делегация учун замонавий ва ўзига хос янгилик бўлди.

Бахтиёр Исломов, Олий суд раиси: 

– Биз марказдан жуда катта таассуротлар олдик. Бу ерда мисли кўрилмаган иш амалга оширилган. Ҳурматли Президентимиз ташаббуси асосида бунёд этилгани бу масканнинг аҳамиятини янада оширади. Бу ерда бутун тарихимиз ва давлатчилигимиз мужассам бўлиб, менимча, у келажакда ҳам бутун дунё учун муҳим мерос бўлиб қолади.

Бу мажмуа ҳатто Гиннесс рекордлар китобига киритилишига муносиб. Агар шундай даражадаги лойиҳалар танланадиган бўлса, мен айнан шу марказни биринчи бўлиб тавсия қилган бўлардим. 

Биринчи Ренессанс даври бўлимида салжуқийлар даврига оид икки бошли бургут тасвири туширилган туғронинг тарихи ва аҳамияти алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Шунингдек, VIII–XII асрларда юз берган, ислом цивилизацияси доирасида илм-фан, маданият ва маърифатнинг улкан юксалиш босқичи ҳисобланган, тарихда “Исломнинг олтин асри” сифатида ҳам машҳур бўлган ушбу давр экспозициясида 7 та капсула жамлангани ва уларнинг биринчисида Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг жаҳон ҳукмдорларига юборган мактублари, Каъба сурати ва илҳомли дуолар битилган кашталар ҳақидаги маълумотлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Алишер Усманов, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари:

– Ислом цивилизацияси марказининг очилиши арафасидаёқ бу масканга катта қизиқиш билан қараб, қачон ишга тушишини кутиб юрардик. Бугун эса марказ фаолияти ва ундаги экспонатлар билан танишдик.

Очиғини айтсам, кўрганларим менда жуда катта таассурот қолдирди. Тарихимизнинг нақадар қадимийлиги, халқимизнинг буюклиги бу ерда жуда ёрқин намоён этилган. Айниқса, аждодларимиз — Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек каби буюк сиймоларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини яна бир бор чуқур ҳис қилдим. Шу боис ўзбек халқининг вакили эканимдан чин дилдан фахрланаман.

Бу марказда уч Ренессанс даври изчил ва аниқ далиллар асосида кўрсатиб берилгани алоҳида аҳамиятга эга. Ҳар бир экспонат, ҳар бир бўлим халқимизнинг буюк тарихидан дарак беради.
Менимча, ҳар бир фуқаро бу ерга албатта келиб кўриши керак. Ўзим ҳам фарзандларим ва набираларим билан яна ташриф буюришни ният қилдим. Чунки тарихимизни билиш ва ундан фахрланиш ҳар биримиз учун муҳим.

Ушбу масканни барпо этганларга ва бу ерда фаолият юритаётган жамоага катта раҳмат. Бу марказ орқали халқимизнинг бой тарихи ва маънавий мероси янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Иккинчи Ренессанс даври бўлимида соҳибқирон Амир Темур даврига оид дипломатик муносабатлар ҳақидаги экспозиция ҳам алоҳида эътиборни тортди. Хусусан, буюк соҳибқирон Амир Темурга Франция қироли Карл VI томонидан юборилган мактубларда давлатлар ўртасидаги дўстлик, савдо ва хавфсизлик масалаларига алоҳида урғу берилгани делегацияда катта қизиқиш уйғотди. 

“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида жойлашган “Давлатчилик устунлари” композицияси делегация учун янги мазмун ва фалсафий ёндашувни очиб берди. Ушбу ансамбль орқали қадимги цивилизациялардан тортиб, мустақил Ўзбекистонгача бўлган давлатчилик тараққиёти изчил ва рамзий тарзда намойиш этилгани алоҳида эътироф этилди.

Абдуҳалим Холмахматов, Ўзбекистон Республикаси Олий суд аппарати раҳбари:

– Албатта, шуни айтишим мумкинки, бу ерга келган ҳар бир инсон — нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё вакиллари ҳам катта ҳайрат билан чиқиб кетади. Бу маскан инсонга чуқур ўй беради: аждодларимиз ким бўлган, биз аслида қандай буюк тарих эгасимиз — деган саволларга жавоб топади. Натижада ҳар бир ташриф буюрувчи фахр туйғуси билан бу ердан чиқади.

Шу боис давлатимиз раҳбарига катта раҳмат айтиш керак — тарихимизни тиклаб, аждодларимизнинг буюк меросини шу даражада намоён этиб берганлари учун. 

Аввал айрим маълумотларни қисман билган бўлсак, бу ерга келиб тўлиқ тасаввурга эга бўлдик. Бу ҳақиқатан ҳам бебаҳо бойлик. Дунё миқёсида қиёси кам бўлган бундай марказ учун яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз.

Марказга ташриф адолат пешволари учун ана шундай мазмунли хулосаларга сабаб бўлди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1266426.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1012129.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
793327.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.