ШҲТ делегацияси Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусини қандай қабул қилди?
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Минтақавий аксилтеррор тузилмаси делегацияси Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва 2017 йил 23 июлдаги қарори асосида ташкил этилган ва қарийб 9 йил давомида бунёд этилган улкан лойиҳа – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Нуфузли халқаро ташкилот делегацияси ушбу ноёб илмий-маърифий мажмуа билан танишиб, уни “жаҳондаги энг илғор ва таъсирчан музейлардан бири” сифатида баҳолади.
Ташриф аввалида делегация “Буюк сиймолар галереяси” залида бўлиб, 110 хил рангдаги микромозаика тошлари билан қўл меҳнати асосида яратилган 14 та равоқда тасвирланган буюк алломалар ва тарихий шахслар сиймосини катта қизиқиш билан томоша қилишди. Ушбу санъат асарлари ҳақида тақдим этилган маълумотлар меҳмонларда кучли маънавий таассурот қолдирди.
Музейнинг Исломдан аввалги давр цивилизациялари экспозициясида намойиш этилган ҳайвон суягидан ясалган най, “Авесто” китоби парчалари ҳамда Буюк Ипак йўли тарихи делегация аъзоларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Айниқса, камон отиш имконияти яратилган экспозиция меҳмонларда ўша давр муҳитини жонли ҳис қилиш имконини бергани алоҳида таъкидланди.
Биринчи Ренессанс даври бўлимида Самарқанд қоғози, 1988 йилга оид Каъба ёпинчиғи ҳамда XII–XIV асрларда Мисрда Мамлуклар даврида яратилган Каъба калитлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ушбу нодир экспонатлар ислом цивилизациясининг юксак маданий ва маънавий даражасини ёрқин намоён этувчи намуна сифатида баҳоланди.
Иккинчи Ренессанс даври экспозициясида эса Амир Темур салтанати хариталари ва шахмат тарихи делегация аъзоларининг қизиқишини янада оширди. Айниқса, ушбу давр экспозициясида Заҳириддин Муҳаммад Бобурга бағишланган қисм ҳиндистонлик вакилларда алоҳида эҳтиром ва қизиқиш уйғотди. Улар Бобур шахсияти, унинг мероси ва Тожмаҳал каби буюк меъморий ёдгорликлар орқали ҳанузгача сақланиб келаётган тарихий қадриятлар ҳақида фикр билдирдилар.
Суреш Жангҳу, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директор ўринбосари (Ҳиндистон):
Бу марказ жуда чиройли ва замонавий бўлиб, унда кенг кўламда технологиялардан фойдаланилган. Бу ерда уч минг йиллик тарих намойиш этилган ва шу орқали Ўзбекистон цивилизацияси ҳамда маданиятининг нақадар бой эканини кўриш мумкин. Ўйлайманки, бу маскан келажак авлодлар учун муҳим таълим манбаи бўлиб хизмат қилади, чунки бу ерда улар мамлакат тарихини ва унинг бугунги тараққиёт даражасига қандай етиб келганини чуқурроқ англай оладилар.
Бу марказ узоқни кўзлаган, стратегик аҳамиятга эга ташаббусдир. Айниқса, замонавий технологияларнинг кенг қўлланилгани ёшларни жалб қилиш ва уларга тарихни янада қизиқарли шаклда етказиш имконини беради. Бу ёндашув бугунги кун учун жуда муҳим.
Биз бу ерда барпо этилган ушбу гўзал марказ ҳақида эшитиб, уни ўз кўзимиз билан кўриш учун ташриф буюрдик. Бу ерда бўлиш мен учун катта мамнуният бўлди.
“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида намойиш этилган ислоҳотлар ҳақидаги роликлар меҳмонларда алоҳида таассурот қолдирди. Делегация вакиллари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар мамлакатда янги Ренессанс пойдеворини мустаҳкам барпо этилаётганидан далолатлигини таъкидладилар.
Шунингдек, ушбу бўлимнинг “Ташқи сиёсат” қисмида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан чоп этилган ва давлат раҳбарларига тақдим этилган китоблар билан танишишди. Делегация аъзолари мазкур адабиётлар билан аввалдан таниш эканликларини, уларнинг айнан шу каби нуфузли Марказда жамланганини кўриб мамнун бўлганликларини билдирдилар.
Навид Анжум, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмасида директор ўринбосари (Покистон):
Очиғини айтсам, бу марказ жуда ажойиб. Бу ерга сарфланган меҳнат ва фидойилик даражаси ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли. Турли тарихий даврлар бўйлаб сайр қилиб, жамланган экспонатларнинг ягона ҳикоя сифатида тақдим этилгани жуда таъсирли таассурот қолдиради.
Биз дунёнинг турли жойларида бўлганмиз, лекин шуни айтишим мумкинки, бу марказ кўрганларим ичида энг яхшиларидан бири. Бу ерга келишнинг асосий сабаби — Ўзбекистон тарихини ва ушбу ҳудудда исломнинг қандай ривожланганини чуқурроқ англашдир. Кимки минтақа тарихи ва ислом тараққиёти билан қизиқса, албатта бу масканга ташриф буюриши керак.
Айниқса ислом тарихи билан боғлиқ қисм катта таассурот қолдирди. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга оид бўлим ҳам жуда қизиқарли.
Умуман олганда, бу жуда таъсирли маскан. Бу ерда бўлганимиздан жуда мамнунмиз. Аслида, бу марказни шошилмасдан, камида бир кун вақт ажратиб томоша қилиш керак.
VII асрга оид Усмон мусҳафи жойлаштирилган Қуръони карим зали ташрифнинг энг таъсирли нуқтасига айланди. Зал атрофида жойлашган 114 та муқаддас Қуръон нусхалари китоб нусхалари — Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар ва бошқа сулолалар даврига оид қўлёзмалар билан танишиб, уларнинг қадимий ўзбек ёзувидаги таржималари ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Зал марказида жойлашган Усмон Мусҳафи ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилгач, 4 дақиқалик мэппинг-голограмма, айниқса, “Иқро” сурасининг нур билан тушиши, “Фотиҳа” сурасининг янграши ҳамда 1 миллиондан ортиқ сваровски тошларидан иборат қандилдаги ёруғлик шоуси делегация аъзоларини чуқур ҳайратга солди.


