Сирли давом: Темурийлардан кейинги “йўқолган” Ренессанс излари / фоторепортаж

Кўпчилик тарихчилар Темурийлар давридан кейин юртимизда Иккинчи Ренессанс ўз ниҳоясига етган, деган фикрни илгари суради. Аммо бугунги илмий изланишлар бошқа манзарани намоён этади. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги Иккинчи Ренессанс экспозициясида айнан шу давр — хонликлар замони ҳам алоҳида ёритилган. Бу бўлимда намойиш этилган ёдгорликлар Темурийлардан кейин ҳам маданий ва илмий анъаналар узилмаганини кўрсатади.
Шайбонийлар ва Аштархонийлар сулолалари даврида Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хива каби шаҳарларда барпо этилган обидалар, яратилган тарихий, илмий ва адабий асарларда темурийлар маданияти таъсири яққол намоён бўлади. Бу даврда китобат санъати янада ривожланиб, Бухоро миниатюра мактаби шаклланди.
Хонликлар даврида ҳам юртимизда илм-фан ва тараққиётга интилиш юқори бўлган. Хива хони Муҳаммад Раҳимхон ва бош вазир Исломхўжа ташаббуси билан мадраса ва миноралар, Нуруллабой саройи, касалхона ва электростанция барпо этилди. Шу билан бирга жадид мактаблари ва рус мактаблари очилиб, янги билим ва ғояларга йўл очилди.
Экспозицияда машҳур итальян коллекционери Игназио Вок тўпламига мансуб ўзбек кашталари ҳам намойиш этилган.
XVIII–XIX асрларга оид Тошкент, Шаҳрисабз, Нурота ва Самарқанд каштачилик мактабларининг бу нодир намуналари халқ ҳунармандчилигининг юксак бадиий диди ва анъаналарини намоён этади.
Қўқон хонлиги даврида Амир Умархон атрофида бой маданий муҳит шаклланди. У Ҳирот анъаналарига ўхшаш илмий ва адабий муҳитни вужудга келтириб, кўплаб шоир ва олимларни бирлаштирди. Нодира, Увайсий, Дилшоди Барно, Фазлий Намангоний ва Адо каби ижодкорлар бу давр адабиётининг ёрқин намояндалари бўлди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилаётган ушбу экспозиция хонликлар даврини Иккинчи Ренессанс тарихи доирасида қайта кўриш имконини беради. Бу ерда жамланган ёдгорликлар Темурийлардан кейин ҳам илм-фан, санъат ва маданий анъаналар узлуксиз давом этганини, хонликлар даври эса ушбу цивилизацион мероснинг муҳим босқичи бўлганини яққол намоён этади.


