Diplomatic Society: "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Амир Темур мероси — Учинчи Ренессанснинг интеллектуал асоси"
Нуфузли Diplomatic Society нашрида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2026 йил 9 апрель куни давлат арбоби, буюк саркарда ва илм‑фан ҳамда маданият ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллик тадбирига бағишланган мақола эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистондаги Iслом цивилизацияси маркази орқали Амир Темур меросининг жаҳон тарихидаги ўрни, темурийларнинг илм‑маданият излари ва марказнинг минтақавий ҳамда глобал аҳамияти ҳақида сўз юритилади, шу билан бирга марказнинг маърифий ва маданий ривожланишдаги роли ёритилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2026 йил 9 апрель куни давлат арбоби, буюк саркарда ва илм-фан ҳамда маданият ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.
Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, буюк цивилизациялар интеллектуал ютуқлар, маънавий қадриятлар ва маданий мерос уйғунлиги асосида шаклланади. Марказий Осиё азалдан илм-фан, санъат ва фалсафа маркази бўлиб келган ҳамда бутун дунё цивилизацияси ривожига таъсир кўрсатган.
Бугун ушбу салоҳият Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази каби йирик лойиҳада ўз ифодасини топмоқда. Бу марказ нафақат тарихий меросни сақлайди, балки илм-фан, таълим ва маънавий тараққиёт учун жонли майдон вазифасини ҳам бажаради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик ғояси асосида барпо этилган мазкур марказ маънавий ва маърифий қадриятлар миллий тикланиш ва халқаро ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкинлигини намоён этмоқда. Бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан олимлар, сайёҳлар ва кенг жамоатчилик ташриф буюрмоқда.
Амир Темур жаҳон тарихида буюк давлат арбоби, саркарда ва ўз даврининг энг йирик империяларидан бири асосчиси сифатида алоҳида ўрин тутади. XIV аср охири ва XV аср бошлари чуқур сиёсий ўзгаришлар даври бўлган бўлса, айнан шу шароитда Амир Темур Ҳиндистондан Яқин Шарққача бўлган улкан ҳудудларни бирлаштириб, мустаҳкам давлат тизимини барпо этди.
Унинг сиёсатида дипломатия алоҳида аҳамият касб этган. Амир Темур Франция, Англия ва Кастилия каби Европа давлатлари билан алоқалар ўрнатган. 1404 йилда Самарқандга келган испан элчиси Руй Гонсалес де Клавихо давлат бошқаруви юқори даражада эканини, инфратузилма ривожланганини ва хорижий элчиларга катта ҳурмат кўрсатилганини таъкидлаган.
1404 йилда Руй Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур саройига, Самарқандга келиши
Амир Темур ўз давлати учун мукаммал ҳуқуқий асос ҳам яратди. “Темур тузуклари”га кўра, давлат тўрт устунга — кенгаш, маслаҳат, пухта режа ва қатъиятга таянган. Ишларнинг тўққиз қисми маслаҳат ва оқилона чоралар билан ҳал этилган, фақат бир қисмигина куч билан амалга оширилган. Бу эса давлат бошқарувида адолат ва мувозанат устувор бўлганини кўрсатади.
Амир Темур вафотидан кейин унинг ворислари — темурийлар давлатни ривожлантиришни давом эттириб, илм-фан, маданият ва таълимга катта эътибор қаратдилар. Бу давр Шарқнинг Иккинчи Ренессанси сифатида тарихга кирди.
Темурийлар орасида Мирзо Улуғбек алоҳида ўрин эгаллайди. У буюк олим, астроном ва давлат арбоби сифатида Самарқандни Шарқнинг йирик илмий марказига айлантирди. 1420-йилларда қурилган Улуғбек расадхонаси ўша даврнинг энг илғор илмий иншоотларидан бири бўлган. У ерда “Зижи Султоний” асари яратилган бўлиб, унда 1000 дан ортиқ юлдуз координаталари аниқ ҳисоблаб чиқилган.
“Байсунғур Қуръони” — Умар Ақта томонидан Амир Темур учун кўчирилган
Бугунги кунда темурийлар мероси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўз аксини топган. Бу ерда даврнинг маданий ва маънавий бойлигини намоён этувчи ноёб экспонатлар сақланмоқда. Жумладан, хаттот Умар Ақто томонидан Амир Темур учун кўчирилган “Байсунғур Қуръони”дан парча ҳам шу ерда намойиш этилган. Унинг нафис хатлари ва сиёҳ оқими ўзига хос санъат намунасидир.
Шунингдек, Бобурийлар даврига оид туморли чопон ҳам алоҳида аҳамиятга эга. У қалин пахта матосидан тайёрланган бўлиб, унда Қуръон оятлари, шаҳодат калимаси ва Аллоҳнинг 99 исми ёзилган. Орқа қисмида “Аллоҳ энг яхши сақловчидир ва у раҳмлиларнинг раҳмлисидир” (Юсуф сураси, 12:64) ояти жойлашган.
Бобурийлар даврига оид туморли либос
Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки замонавий таълим майдони ҳамдир. Унинг меъморий ечими темурийлар анъаналари ва замонавий технологияларни уйғунлаштирган. 65 метрлик гумбаз ва маҳобатли порталлар мамлакат ҳудудларининг бирлигини ифодалайди.
Марказ экспозицияси “Цивилизациялар — Шахсиятлар — Кашфиётлар” тамойили асосида қурилган бўлиб, исломгача бўлган даврдан тортиб Янги Ўзбекистонгача бўлган тарихий босқичларни қамраб олади. Бу ерда VR ва AR технологиялари, голограммалар ва сунъий интеллект орқали тарих жонли намоён этилади.
Марказ таркибида интерактив лабораториялар, “1001 ихтиро” болалар музейи, 2500 дан ортиқ қўлёзма ва литографиялар, 40 мингдан зиёд китоблар, 350 мингдан ортиқ рақамли ресурслар сақланган кутубхона, хаттотлик ва анъанавий санъат мактаби, шунингдек, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари мавжуд.
Бу ёндашув марказни билимлар хазинасидан ташқари, тарихий ренессанслар ва Учинчи Ренессанс ўртасидаги жонли кўприкка айлантирмоқда.
9 апрель куни Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бу сана нафақат тарихий хотирага эҳтиром, балки миллий ўзликни мустаҳкамлаш, илмий салоҳиятни ошириш ва маданий дипломатияни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Юбилей доирасида Ислом цивилизацияси маркази халқаро мулоқот майдонига айланмоқда. Жумладан, 9–10 апрель кунлари бу ерда Европа, Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Америкадан 300 нафардан ортиқ олим ва мутахассис иштирокида халқаро илмий конференция ўтказилмоқда.
Ушбу конференция Амир Темур ва темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрнини чуқур ўрганиш, шунингдек, халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Бугунги кунда Ислом цивилизацияси маркази минтақада интеллектуал ва маданий тараққиёт локомотивига айланиб, инсониятни тинчлик, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт сари бирлаштиришга хизмат қилмоқда. Унинг асосий шиори эса буюк даъватни ифода этади: “Яратган Роббинг номи билан ўқи…”






