Амир Темур ва Темурийлар мероси халқаро майдонда қайта кашф этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Амир Темур ва Темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги нуфузли халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, мамлакатимизда Амир Темур меросини чуқур ўрганиш, уни халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш ҳамда Темурийлар даврининг илмий ва маънавий ютуқларини замонавий илм-фан асосида қайта баҳолашга қаратилган муҳим илмий платформа сифатида эътироф этилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда буюк аждодлар меросини асраб-авайлаш ва уни янги авлод онгига сингдириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ушбу конференция айнан Темурийлар ренессансининг миллий ва умуминсоний моҳиятини чуқур англаш, Иккинчи Уйғониш даври асосларини мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари этиб тарбиялаш йўлидаги илмий-амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Анжуман доирасида жами 13 та шуъба йиғилиши ташкил этилиб, уларда Амир Темур даврида давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий санъат, шаҳарсозлик ва меъморчилик, тарихий манбалар, илм-фан ва таълим, адабиёт ва китобат, тасвирий ҳамда амалий санъат, ижтимоий-маънавий ҳаёт, Бобурийлар мероси, тарихшунослик, шунингдек, Темурийлар даври меросининг жаҳон тўпламларидаги ўрни ва рақамли технологиялар орқали тадқиқ этилиши каби долзарб йўналишлар қамраб олинди.
“Темурийлар даври тарихий манбалари” мавзусидаги шуъба йиғилишида тақдим этилган маърузаларда Темурийлар даврининг маданий ҳаёти ва унинг манбашунослик аҳамияти атрофлича ёритилди.
Хусусан, Темурийлар даврида халқ маданиятига бағишланган маърузада таъкидланганидек, XIV–XV асрлар Марказий Осиё тарихида нафақат сиёсий бирлашув, балки юксак маданий тараққиёт “Темурийлар ренессанси” билан ажралиб туради.
Ҳиротда ХV аср охирида китобат ва миниатюра санъати ривожига бағишланган маърузада таъкидланишича, мазкур даврда бу санъат Султон Ҳусайн Байқаро саройида ўзининг энг юксак чўққисига чиққан ва кейинчалик Тaбриз ҳамда Мовароуннаҳр мактабларининг шаклланишига кучли таъсир кўрсатган.
Олга Василева, Россия Миллий кутубхонаси вакили:
“Ҳирот миниатюра мактаби нафақат ўз даврида юксак тараққий этган, балки кейинги маданий марказлар — Тaбриз ва Мовароуннаҳр санъати ривожига ҳам бевосита таъсир кўрсатган. Буни Россия Миллий кутубхонаси фондларида сақланаётган ХVI аср бошларига оид қўлёзмалар мисолида яққол кўриш мумкин.
Хамса қўлёзмаси миниатюраларида Султон Ҳусайн Байқаро, Алишер Навоий ва бошқа тарихий шахслар образлари бадиий ва рамзий уйғунликда акс эттирилган.
Миниатюраларда рассомлар кўпинча адабий қаҳрамонлар орқали реал тарихий шахсларни тасвирлаган. Бу эса санъатда рамзий фикрлаш ва бадиий ифода юқори даражада бўлганини кўрсатади.
ХVI асрнинг биринчи чорагига оид қўлёзмалар таҳлили шуни кўрсатадики, Ҳирот анъаналари турли ҳудудларда давом этган ҳолда, ҳар бир мактабда ўзига хос услубий хусусиятлар билан бойитилган.”
Амир Темур ва Темурийлар даврида ижтимоий-маънавий ҳаёт шуъба йиғилишида Темурийлар даврида маданий ренессанс: илм-фан, адабиёт ва санъат ривожи, унинг дунё тамаддунига таъсири каби мавзуларда марузалар тингланди.
Марям Эдилова, Халқаро “Ала-Тоо” университети профессори, фалсафа фанлари доктори (Қирғизистон)
“Темурийлар даврида халқ маданияти турли анъаналар уйғунлиги асосида шаклланди. Бу жараёнда оғзаки ижод, мусиқа, ҳунармандчилик ва кундалик турмуш тарзи муҳим ўрин тутди. Айниқса, элитар ва халқ маданияти ўртасидаги ўзаро таъсир маданий тараққиётни янада жадаллаштирди.
Мазкур даврда Самарқанд ва Ҳирот каби марказларда илм-фан, меъморчилик ва санъат юксак даражада ривожланди, халқ маданияти эса маросимлар, урф-одатлар ва ижодий анъаналар орқали авлоддан-авлодга узатилди.
Темурийлар даврида шаклланган халқ маданияти кейинчалик бутун Марказий Осиё маданий меросининг пойдеворига айланди ва бошқа цивилизацияларга ҳам таъсир кўрсатди.”
Рақамли технологияларда Темурийлар ренессанси мавзусидаги шуъбада эса тарихий меросни рақамлаштириш, қўлёзмаларни илмий таҳлил қилишнинг замонавий усуллари, виртуал реконструкция ва интерактив платформалар яратиш масалалари устувор йўналиш сифатида муҳокама этилди.
Элчин Гусейнов, Озарбайжон Миллий фанлар академияси тарих фанлари номзоди:
“Амир Темур нафақат буюк саркарда, балки туркий халқлар бирлигини мустаҳкамлаган, давлатчилик анъаналарини ривожлантирган улкан тарихий шахсдир. У барпо этган давлат турли халқ ва маданиятларни бирлаштириб, умумий цивилизацион макон шаклланишига хизмат қилди.
Унинг кучли бошқарув тизими, ҳарбий маҳорати ва илм-фан ҳамда маданиятга бўлган эътибори бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу маънода Амир Темур мероси замонавий дунё учун ҳам муҳим сабоқдир.
Бугун туркий дунё олдида турган энг муҳим вазифа — умумий тарих ва қадриятлар асосида бирлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашдир. Бу йўлда яқин ҳамкорликни кучайтириш барчамиз учун устувор аҳамиятга эга.”
Халқаро конференция ўз мазмун-моҳияти билан нафақат тарихий хотирани тиклаш, балки уни замонавий тараққиёт билан уйғунлаштиришга хизмат қилувчи муҳим илмий ва маънавий майдон сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.


