Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Гиннес рекордини қўлга киритиб, Ислом цивилизациясидаги энг йирик музейга айланди

2026 йил 13 апрель куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази "Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи"сифатида расман эътироф этилиб, Guinness World Records нинг нуфузли унвонига лойиқ кўрилди.

Тантанали тақдирлаш маросими Guinness World Records расмий вакили ва ҳаками — Шейда Субаши иштирок этиб, Марказ барча халқаро стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади.

Тадбирда, шунингдек, лойиҳани амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшган меъморлар, олимлар, дизайнерлар ва қурувчилар иштирок этди. Мукофот Марказ Илмий кенгаши аъзоларига топширилди.

Тантанали маросимда Guinness World Records  расмий вакили Шейда Субаши шундай таъкидлади:

"Guinness World Records расмий вакили сифатида шуни айтишим мумкинки, музейнинг ҳар бир бурчаги ва тақдим этилган ҳар бир экспонат ўзига хос ноёбликка ҳамда маданий қийматга эга. Ушбу мажмуани барпо этиш ортида йиллар давомида олиб борилган кенг кўламли ва машаққатли меҳнат ётганлиги яққол кўриниб турибди.

Музейга ташриф буюриш мени жуда ҳайратда қолдирди — бу ҳақиқатан ҳам чуқур ва мазмунли тажриба бўлди. Ташриф доирасида барча нарсани тўлиқ қамраб олишнинг имкони бўлмасада, баҳолаш жараёни белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилди. Мен томонимдан расмий логбук (қайдлар дафтари)дан фойдаланилди, унда ҳар бир экспонат қайд этилиб, ислом археологияси, санъати ва фани соҳасидаги мутахассислар томонидан тасдиқланди.

Мен амалга оширилган ишлар даражасидан чин дилдан ҳайратдаман ва ушбу лойиҳани ҳаётга тадбиқ этишда иштирок этган барчага ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бу улкан саъй-ҳаракатлар ва юксак профессионаллик натижаси бўлган улкан ютуқдир. Ҳар бир иштирокчининг ҳиссаси алоҳида ҳурматга лойиқ. Guinness World Records  тили билан айтганда, бу — ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли".

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик мегалойиҳаси сифатида ҳаётга тадбиқ этилган улкан илмий-маърифий ва музей мажмуасидир. Лойиҳа 2017 йилда бошланган бўлиб, 2026 йил 17 мартда якунига етди. У илмий салоҳият, маданий мерос ва замонавий технологияларни ягона маконда бирлаштирган "Янги Ўзбекистон"нинг ноёб маданий-маърифий платформаси сифатида қад ростлади. Лойиҳа давлат раҳбарининг миллий ўзликни англашни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистонни жаҳон майдонида Ислом цивилизациясининг асосий марказларидан бири сифатида тарғиб қилиш борасидаги стратегик қарашларини акс эттиради.

Лойиҳанинг бош меъмори Абдуқаҳҳор Турдиев шундай деди:

"Марказнинг ўзига хослиги шундаки, унинг меъморчилиги Ўзбекистоннинг бой маданияти ва меросини акс эттиради. Амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз ўзини нафақат фан ва маданият маркази, балки цивилизациялараро глобал мулоқотда фаол иштирок этаётган давлат сифатида намоён этиб, дунёга ишонч билан очилмоқда".

Бугунги кунда Марказ минтақанинг энг кўп ташриф буюриладиган маданий-илмий масканларидан бирига айланди: ҳар куни унга 5 000 нафаргача киши ташриф буюрмоқда, бу эса ҳам Ўзбекистон фуқаролари, ҳам хорижий меҳмонлар томонидан қизиқиш юқори эканлигидан далолат беради.

Guinness World Records унвонининг берилиши нафақат лойиҳа кўламининг эътирофи, балки уни амалга оширишда иштирок этган юзлаб мутахассислар, олимлар ва экспертлар меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида шундай таъкидлади:

"Шубҳасиз, ушбу мукофот Ўзбекистон Республикасининг муҳтарам Президенти Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик лойиҳасига берилган муносиб эътироф ва мукофотдир. Муҳтарам Президентимиз томонидан фаолиятимиз учун барча зарур шароитлар яратиб берилди ва бугунги кунда бизнинг асосий мақсадимиз — Ўзбекистоннинг бой маданий меросини сақлаш ва оммалаштириш, шунингдек, муқаддас Ислом динимизнинг эзгулик, тинчлик, маърифат ва бағрикенглик дини сифатидаги инсонпарвар ғояларини тарғиб қилишга қаратилган кенг кўламли илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишда ушбу салоҳиятдан самарали фойдаланишдир".

Guinness World Records мақомининг олиниши Ўзбекистоннинг Ислом фани, маданияти ва маърифатининг муҳим туристик ва тарихий марказларидан бири сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Бу, шунингдек, Марказнинг ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик тамойилларига асосланган цивилизациялараро мулоқотнинг замонавий платформаси сифатидаги аҳамиятини тасдиқлайди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1273726.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1018929.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
800027.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.