

Янгиликлар
Сергей Кириенко : Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутилгандан анча улкан!
Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Меҳмонларни марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди.
Ташриф аввалида делегация аъзоларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган марказнинг бош ғояси, унинг илмий-маърифий йўналиши ва экспозиция мазмуни ҳақида батафсил маълумот берилди.
Экскурсия марказнинг Буюк сиймолар галереясидан бошланиб, тарихий босқичлар изчилликда намойиш этилди. Делегация аъзолари экспозицияларни катта қизиқиш ва эътибор билан кўздан кечириб, марказда нафақат ислом маданияти ва санъати, балки илм-фан, таълим ва илоҳиёт масалаларига ҳам кенг ўрин берилганини алоҳида таъкидладилар.
Делегация аъзолари экспозицияларда акс этган турли даврлар, хусусан, исломгача бўлган маданият намуналари, Бақтрия ва Хоразм цивилизацияси, Буюк Ипак йўли тарихи ҳамда уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва интеграциялашган тараққиётидан катта таассурот олдилар. Шунингдек, Биринчи Ренессанс давридаги илм-фан тараққиёти, жумладан, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Муҳаммад Хоразмий каби буюк алломалар мероси алоҳида эътиборга сазовор бўлди.
Экспозицияда намойиш этилган Суғд даврига оид металл буюмлар, жумладан, қанотли туя тасвири туширилган кумуш идиш нусхаси ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Ушбу асарнинг асл нусхаси Давлат Эрмитажи коллекциясида сақланиши қайд этилди.
Шунингдек, делегация Имом Бухорийга бағишланган бўлим билан танишди. Меҳмонлар Самарқанд яқинида барпо этилган замонавий мемориал мажмуа ва унинг кенг кўламли тарзда ривожлантирилганини юқори баҳоладилар.
Иккинчи Ренессанс даври экспозицияси ҳам алоҳида қизиқиш уйғотиб, унинг ўзига хос жиҳатлари ва давлатчилик, маданият ҳамда меъморчиликдаги юксак ютуқлари таъкидланди.
Экскурсия якунида Сергей Кириенко марказнинг фахрий меҳмонлар китобига ўз қайдларини қолдириб, ушбу маскан ҳақида чуқур таассуротларини изҳор этди.
У ўз сўзида марказнинг ноёблиги ва аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, қуйидагиларни қайд этди:
“Ушбу ноёб Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш имконияти яратилгани учун чуқур миннатдорлик билдираман. Бу марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилган. Бу ерда маънавий мерос ва бой тарих яққол намоён этилган ҳамда замонавий технологиялар ёрдамида тўлиқ намойиш қилинган. Ислом цивилизацияси маркази ислом оламининг бой меросини ўрганиш ва тарғиб этишда муҳим ўрин тутади. Марказга келгусида янада ривож, муваффақият тилайман. Ҳурмат билан, С. Кириенко.”
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов мартабали меҳмонга 1510 йилда Ҳиротда кўчирилган Ҳусайн Бойқаро девонининг факсимиль нусхасини марказ номидан совға қилди. Китобдан буюк темурий ҳукмдор Ҳусайн Бойқаронинг туркий тилдаги ғазаллари, шунингдек Камолиддин Беҳзод томонидан ишланган 4 та нодир миниатюра ўрин олган.
Делегация аъзолари марказ фаолиятини юксак баҳолаб, уни ноёб илмий-маърифий маскан сифатида эътироф этдилар ҳамда келгусида яна ташриф буюриш истагини билдирдилар.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.