Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Италиялик депутатлар ҳайратда: “Тошкентдаги бу маскан — тарих ва келажакни бирлаштирган ноёб марказ”

Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи сифатида расман эътироф этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Guinness World Recordsнинг нуфузли унвонига лойиқ кўрилди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган ушбу улкан мажмуа бугун нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилигининг эътибор марказида бўлиб турибди.

Ана шундай нуфузли меҳмонлар сафини бу гал Италия Республикаси Парламенти депутатлар палатаси депутати, “Италия — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари Фабрицио Бенцони бошчилигидаги делегация давом эттирди. Делегация таркибида Италиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг ўринбосари Анна Амари ҳам иштирок этди.

Меҳмонлар Марказ ҳудудига кириб келган дастлабки дақиқаларданоқ унинг улкан меъморий ечими, маҳобати ва мукаммал лойиҳасига юқори баҳо бердилар. Хусусан, Марказнинг тўртта кириш эшиги ва уларнинг ҳар бири ўзига хос рамзий маънони англатиши делегацияда катта қизиқиш уйғотди. Улар асосий кириш қисми — Улуғбек портали орқали кириб, эшик юқори қисмида битилган “Алақ” сураси оятларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Саёҳат “Буюк сиймолар галереяси”дан бошланди. Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларининг буюк алломалари 110 хил рангдаги микромозайкалар орқали яратилгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Қўл меҳнати билан терилган ушбу санъат асарлари нафақат тарихий, балки эстетик жиҳатдан ҳам юқори баҳоланди.

Исломдан аввалги даврга бағишланган бўлимда эса делегация вакиллари инсониятнинг илк цивилизацион босқичлари билан танишди. Айниқса, тош даври инсонларининг турмуш тарзи, ов манзаралари ва ҳайвонлар тасвирининг тошларга туширилгани уларда катта қизиқиш уйғотди. Бақтрия, Хоразм, Фарғона ва Чоч цивилизацияларига оид бўлимлар энг таъсирли қисмлар сифатида қайд этилди. Хоразмдаги илк суғориш тизимларининг замонавий технологиялар орқали тушунарли шаклда тақдим этилгани эса меҳмонларга ўша давр муҳитини жонли ҳис қилиш имконини берди.

Фабритсио Бенсони, Италия Республикаси Парламенти депутатлар палатаси депутати, “Италия — Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари:

“Марказнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири — унинг меъморий ечимида қадимийлик руҳи билан замонавийликнинг уйғунлашганидир. Бу ерда интерфаол ва кўп форматли ёндашув қўлланилгани туфайли у турли ёшдаги ташриф буюрувчиларни маданият, дин ва тарих билан самарали таништириш имконини беради. Айниқса, айнан шу интерфаоллик ва кўп йўналишли тақдимот музейнинг энг катта устунлиги сифатида намоён бўлади.

Марказнинг Guinness World Records рўйхатига киритилиши тўлиқ асосли ва ўринли қарор. У ўз ҳажми, улканлиги ва мазмунан бойлиги билан дунёдаги энг йирик ва салобатли музейлардан бири сифатида баҳоланди. Бу эътироф мазкур лойиҳанинг кўлами ва аҳамиятини янада мустаҳкамлайди”. 

Биринчи Ренессанс бўлимида Салжуқийлар даврига оид тилла буюмлар, айниқса ҳукмдорлик туғроси делегациянинг алоҳида эътиборини тортди. Ушбу экспонатлар орқали ислом цивилизациясининг давлатчилик ва маданият соҳасидаги юксак даражаси намоён этилгани таъкидланди.

Иккинчи Ренессанс бўлимида эса Амир Темур даври тарихи ва маданияти кенг ёритилгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Умар Ақто томонидан кўчирилган Қуръони Карим нусхаси, шунингдек, интерактив технологиялар орқали Амир Темур ва унинг авлодлари билан “мулоқот қилиш” имконияти делегация вакилларини ҳайратга солди. Айниқса, Амир Темур давлатидаги бошқарув тизими ва дипломатик муносабатлар ҳақидаги маълумотлар уларда катта қизиқиш уйғотди. 22 килограммлик Бибихоним либоси эса, айниқса, Анна Амарида алоҳида таассурот қолдирди.

Анна Амари, Италиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисининг ўринбосари: 

“Ислом цивилизацияси маркази ўзбек халқининг юксак эстетик дидини яққол намоён этадиган ноёб маскан сифатида катта таассурот қолдиради. Ислом маданияти жонлилик, ранг-баранглик ва самимийлик уйғунлашгани билан ажралиб туради. Бу жиҳат билан у нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам ўрнак бўла олади.

Марказнинг Guinness World Records рўйхатига киритилиши унинг нақадар улкан ва юксак савияда амалга оширилган лойиҳа эканини тасдиқлайди. Бу эътироф ўзбек халқининг катта мақсадларни амалга оширишдаги матонати ва имкониятларини намоён этади”.

“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида тақдим этилган 2050 йилгача бўлган тараққиёт стратегияси делегация аъзолари томонидан юқори баҳоланди. Улар бу ерда тарих ва келажак ўртасидаги узвий боғлиқликни яққол ҳис қилганликларини таъкидладилар.

Экскурсия якунида меҳмонлар Марказнинг энг таъсирли нуқталаридан бири — Қуръони Карим зали билан танишдилар. Зал марказида жойлашган VII асрга тегишли Усмон Мусҳафи, унинг атрофида жойлаштирилган 114 та Қуръон нусхаси ва 4 дақиқалик меппинг голограмма делегация аъзоларида чуқур ҳиссий таассурот уйғотди. Айниқса, голограмма якунида 45 тонналик қандилда Ўзбекистон байроғининг акс этиши меҳмонларда катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотди.

Ташриф якунида Италия делегацияси Марказ фаолиятини юксак баҳолаб, уни нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун муҳим илмий-маърифий платформа сифатида эътироф этди. Шунингдек, бундай масканлар халқлар ўртасидаги маданий мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидладилар.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1278626.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1023529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
804627.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.