Sonic Chair: Марказ кутубхонасида инновацион аудио муҳитини шакллантирувчи илғор технология

Бугунги кунда кутубхоналар анъанавий китоб мутолааси маконидан ташқари, замонавий рақамли технологиялар орқали билим олиш имкониятларини кенгайтирувчи инновацион марказларга айланмоқда. Айниқса, мультимедиа технологиялари ахборотни қабул қилиш ва ўзлаштириш жараёнини янада самарали ва интерактив тарзда ташкил этишга хизмат қилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугун ана шундай илғор маърифий маскан сифатида фаолият юритмоқда. Марказ ўз эшикларини очган илк кунларданоқ кенг жамоатчилик эътиборини тортди — ҳар куни минглаб, ҳатто миллионлаб ташриф буюрувчилар бу ерга келиб, ушбу улкан мажмуада яратилган шарт-шароитлардан ҳайратга тушиб, ўз муносабатларини билдирмоқда.
Ташриф буюрувчилар, айниқса, муҳтарам Президентимиз ташаббуси ва моҳир, қўли гул меъморлар меҳнати самарасида яратилган бу ноёб масканни юксак баҳолаб, уни янги Ўзбекистоннинг маънавий юксалиш тимсоли сифатида эътироф этмоқда.
Марказ кутубхонасида ҳам фойдаланувчилар учун замонавий ахборот муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Европа сифатига эга бўлган Sonic Chair технологиясининг жорий этилиши бу борада муҳим қадам бўлди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Sonic Chair — бу аудио ахборотни махсус индивидуал муҳитда тинглаш имконини берувчи инновацион мультимедиа ўриндиғи ҳисобланади. Унинг асосий хусусияти — ўриндиққа ўрнатилган акустик тизим орқали овоз фақат фойдаланувчи атрофида тарқалади ва ташқи муҳитга деярли чиқмайди.
Бу эса кутубхонадаги умумий сукут ва қулайликни сақлаган ҳолда, аудиокитоблар, илмий маърузалар, мультимедиавий контент ва турли рақамли ресурслардан фойдаланиш имконини яратади.
Маълум қилинишича, Марказ кутубхонасига жами тўртта Sonic Chair ўрнатилган бўлиб, уларнинг айримлари компьютер тизимлари билан, бошқалари эса планшет қурилмалари билан интеграция қилинган. Бу эса фойдаланувчиларга ахборотни турли форматларда мустақил ва қулай тарзда ўзлаштириш имкониятини тақдим этади.
Мутахассислар фикрича, бундай инновацион ечимлар кутубхона фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Чунки замонавий кутубхоналар эндиликда фақат китоб сақланадиган жой эмас, балки турли форматдаги билим ва ахборот манбалари жамланган интеллектуал марказга айланмоқда.
Шу жиҳатдан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасида Sonic Chair технологиясининг жорий этилиши нафақат ахборот хизматларини бойитади, балки фойдаланувчилар учун мутлақо янги — қулай, индивидуал ва инновацион билим олиш муҳитини яратади.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қисқа вақт ичида нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Ҳар куни ўртача 5 мингдан ортиқ ташриф буюрувчиларнинг келаётгани унинг юксак нуфузи ва жозибасини яққол намоён этмоқда. Шунингдек, мажмуа таркибидаги бой фондга эга кутубхона ҳам яқин кунларда китобхонлар учун ўз эшикларини очиши кутилмоқда.
Гўзал Бекназарова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


