Ислом цивилицияси маркази Норвегия элчисини тарих ва замонавийлик уйғунлиги билан мафтун этди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Норвегиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Хелен Санд Андресен ташриф буюриб, Марказ фаолияти билан яқиндан танишди.
Меҳмонга музейнинг барча экспозиция заллари бўйлаб батафсил маълумот берилди. Элчида алоҳида таассурот қолдирган жиҳатлардан бири Марказнинг марказий композицион элементи ҳисобланган, узунлиги қарийб 250 метрга чўзилган “Вақт девори” бўлди. Ушбу ноёб экспозицияда халқимизнинг уч минг йиллик давлатчилик тарихи барелефлар, миниатюра намуналари ҳамда маҳобатли ранг тасвир асарлари орқали яхлит бадиий концепция асосида акс эттирилган.
“Вақт девори” бўйлаб жойлаштирилган турли даврларга оид экспонатлар, нумизматика намуналар, тарихий хариталар, видеороликлар ва интерактив ўйинлар эса тарихни замонавий талқинда англаш имконини яратади. Айниқса, юқори маҳорат билан ишланган барелеф композициялари элчи эътиборини ўзига тортди.
Ташриф давомида элчи “Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори” бўлими билан ҳам танишди. Ушбу экспозицияда мамлакатнинг бой туристик салоҳияти, ҳудудлардаги тарихий-меъморий обидалар, миллий ҳунармандчилик намуналари ҳамда ўзбек миллий чолғу асбоблари кенг намойиш этилган. Мазкур бўлим меҳмонларда Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти ва маданий меросига бўлган қизиқишни янада оширди.
Шунингдек, халқимизнинг кундалик турмуш тарзи, урф-одатлари ва замонавий ҳаётини акс эттирувчи видеоматериаллар ҳамда бошқа интерактив маълумотлар билан ҳам танишди.
Хелен Санд Андресен, Норвегиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси :
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази менда жуда катта таассурот қолдирди. Ростини айтсам, у кутганимдан ҳам анча юқори даражада экан. Мажмуа юксак дид ва пухта ўйланган ёндашув асосида барпо этилгани яққол сезилиб туради. Энг муҳими, бу маскан барча ёш тоифаларини — болалардан тортиб кекса авлод вакилларигача — ўзига жалб қила олади. Бу ерда ҳар ким ўзи учун қизиқарли ва мазмунли жиҳат топади. Айниқса, интерактив ёндашув ташриф буюрувчини фаол ўрганишга ундайди.
Мен илгари ушбу минтақада бир неча йил яшаганман ва Марказий Осиё тарихи ҳақида етарлича тасаввурга эгаман, деб ўйлардим. Бироқ бугунги ташриф давомида жуда кўп янги маълумотларга эга бўлдим. Шу жиҳатдан, мазкур марказ тарихий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий шаклда келажак авлодларга етказишнинг ёрқин намунасидир.
Менингча, бу маскан муҳим бир ҳақиқатни яққол намоён этади: тараққиёт, илм-фан ва билим тинчликсиз мавжуд бўла олмайди. Жамиятда барқарорлик ва инсонлар учун муносиб шароит яратилган бўлиши зарур — оддий меҳнаткашлардан тортиб олимларгача.
Айнан шундай муҳитда инсоният тараққий этади: ҳамкорлик орқали, ўтмишни унутмасдан, тарихни асраб, биргаликда олдинга интилиш орқали.
Маълумки, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида бу минтақа илм-фан ва маданият маркази сифатида дунёда етакчи ўринни эгаллаган.
Қизиқ жиҳати шундаки, менинг юртим тарихида айнан ўша даврлар Викинглар даврига тўғри келади ва у кўпроқ ҳарбий юришлар билан эсда қолган. Шу маънода, бу ерда намоён этилаётган юксак тараққиёт биз учун ҳам муҳим сабоқдир — жамият қандай ривожланиши, қўшнилар билан қандай муносабат ўрнатилиши, қонун устуворлиги ва халқаро тартиб-қоидаларга ҳурмат билан ёндашиш зарурлигини англатади.
Айнан шу қадриятлар асосида биз тинчлик ва барқарор тараққиёт сари биргаликда интилишимиз мумкин.”


