Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  1. Бош саҳифа
  2. /
  3. Янгиликлар

Янгиликлар

Макаланын толук тексти, сүрөттөр жана Борбордун башка жаңылыктары.

Ипакка кўчган тарих — Бобурийлар нафаси жонланган панно

23.04.2026, 14:481191
Ипакка кўчган тарих — Бобурийлар нафаси жонланган панно

Ҳиндистоннинг Бобурийлар даврига оид, тахминан 1800 йилларга мансуб ипак каштали панно Шарқ безак санъатининг юксак босқичини намоён этувчи ноёб асарлардан биридир. Бугунги кунда ушбу артефакт Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган бўлиб, Ислом цивилизацияси марказининг Иккинчи ренессанс бўлими — Бобурийлар секторида сақланмоқда. Буюк Британиянинг машҳур аукционида харид қилинган мазкур панно нафақат эстетик жиҳатдан, балки тарихий ва маданий алоқалар нуқтайи назаридан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Каштачилик санъати инсоният тарихида жуда қадимий илдизларга эга. Тадқиқотларга кўра, илк каштачилик элементлари милоддан аввалги даврлардаёқ Шарқ ва Хитой ҳудудларида пайдо бўлган. Кейинчалик бу санъат Буюк ипак йўли орқали Марказий Осиё, Эрон ва Ҳиндистонга кенг тарқалган. Айниқса, ислом тарқалган даврда каштачилик нафақат маиший буюмларни безаш воситаси, балки эстетик ва рамзий ифода шаклига айланган. Ҳар бир нақш, ҳар бир гул ёки ҳайвон тасвири муайян маъно юклаган.

Бобурийлар даврида каштачилик санъати ўзининг энг юқори чўққиларидан бирига етди. Бу даврда сарой устахоналарида яратилган асарлар мураккаб композицияси, ранглар уйғунлиги ва нозик ишлови билан ажралиб туради. Айниқса, гуллар, дарахтлар, қушлар ва ҳайвонлар тасвири кенг қўлланилган. Бу мотивлар тасодифий эмас эди — улар жаннат боғи, абадий ҳаёт ва илоҳий гўзаллик тимсоли сифатида талқин қилинган.

Мазкур паннода ҳам айнан шу ғоялар мужассам. Композиция марказида товус тасвирланган медалён жойлашган. Товус Шарқ маданиятида гўзаллик, абадийлик ва жаннат рамзи сифатида қаралади. Унинг атрофида папугайлар жойлаштирилган бўлиб, улар қувонч, ҳаётийлик ва табиат уйғунлигини ифодалайди. Буларнинг барчаси гуллаб турган новдалар билан ўралган. Бу эса “гуллаган боғ” концепциясини яратади — яъни инсон орзу қилган мукаммал, уйғун ва абадий макон тасвири.

Паннода шер ва буғу тасвирларининг ҳам мавжудлиги композицияни янада бойитади. Шер — куч ва ҳокимият тимсоли, буғу эса нафислик ва руҳий поклик белгиси сифатида талқин қилинади. Бу ҳайвонлар ўзаро уйғунликда тасвирланиб, табиатдаги мувозанат ғоясини ифодалайди. Демак, асар фақат безак эмас, балки мураккаб фалсафий мазмунни ўзида мужассам этган визуал тизимдир.

Ушбу паннони янада қизиқарли қиладиган жиҳат — унинг Марказий Осиё каштачилик анъаналари билан яқинлигидир. Хусусан, Шаҳрисабз, Тошкент ва Пискент ҳудудларида яратилган сузаналар билан ўхшашлик яққол сезилади. Бу ўхшашлик безак ритми, композицион марказлашув ва “ҳаёт дарахти”га яқин мотивларда намоён бўлади. Бу эса Бобурийлар санъати ва Марказий Осиё анъаналари ўртасида мустаҳкам маданий алоқалар мавжуд бўлганини кўрсатади.

Академик Акбар Ҳакимов бу борада шундай фикр билдиради: 

“Бундай асарлар ўзбек хонликлари каштачилик анъаналари билан Бобурийлар даврининг сўнгги босқичи ўртасидаги яқинликни яққол кўрсатади. Бу ерда орнамент оддий безак эмас — у маданиятлараро мулоқотнинг ўзига хос тилига айланади. Ҳар бир нақш ва тимсол ўзаро таъсир, илҳом ва тарихий хотирани акс эттиради.”

Асарнинг техник жиҳати ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Пахта асосида ипак иплар билан бажарилган каштачилик ниҳоятда нозик ва пухта ишланган. Ўлчамининг катталиги — унинг сарой ёки тантанали муҳит учун яратилганини кўрсатади. Бундай паннолар одатда девор безаги сифатида ишлатилган ва у орқали муҳитга тантанаворлик ҳамда эстетик мукаммаллик бахш этилган.

Мазкур артефактнинг ноёблиги бир нечта омиллар билан белгиланади. Биринчидан, у Бобурийлар даврининг сўнгги босқичига оид кам учрайдиган намунадир. Иккинчидан, унинг сақланиш даражаси ниҳоятда яхши. Учинчидан, у икки йирик маданий ҳудуд — Ҳиндистон ва Марказий Осиё ўртасидаги бадиий алоқаларни жонли тарзда акс эттиради.

Ушбу ипак каштали панно оддий безак буюми эмас. У ўзида тарих, санъат ва фалсафани мужассам этган мураккаб маданий қатламдир. Ундаги ҳар бир нақш, ҳар бир тимсол ўтмишдан келаётган маъно ва қадриятларни ифодалайди.

Шу боис бу асар нафақат музей экспонати, балки бутун бир даврнинг эстетик тафаккурини англаш имконини берувчи бебаҳо манба ҳисобланади.

Лайло Абдуқаххарова

P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин

Дагы окуңуз

26.09.2025·14827
Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
29.10.2025·12221
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
27.09.2025·9949
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
30.09.2025·7979
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Барча янгиликлар

Ислом цивилизацияси маркази

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Марказ ҳақида

  • Янгиликлар
  • Ташриф маълумотлари
  • Қисқача маълумот

Веб-сайт

  • Мультимедиа
  • Мавзули галереялар

Ижтимоий тармоқлар

Биз билан боғланиш

  • Телефон рақами: +998 55 511 23 06
  • Электрон почта: info@cisc.uz
  • E-XAT: uz.ism@exat.uz
  • Манзил: Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорасарой 47

© 2026 Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

Иштеп чыккан Neovex

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказиИслом цивилизацияси маркази
Чипта сотиб олиш
  • Лойиҳа муаллифи
  • Меҳмонларга
  • Қўлланма