ИИВ ходимлари Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплекси ходимлари Тошкент шаҳрида жойлашган Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, ушбу маскан фаолияти, экспозициялари ҳамда илмий-маърифий имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Мазкур ташриф ходимлар учун нафақат оддий экскурсия, балки миллий қадриятларимиз ва бой тарихий меросимизни чуқурроқ англашга хизмат қилган муҳим маънавий-маърифий тадбир бўлди.
Ташриф давомида иштирокчилар марказда яратилган замонавий шароитлар ва илғор технологиялар асосида ташкил этилган экспозициялар билан танишдилар. Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида жонлантирилган кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотди. Бу ерда ҳар бир зал ташриф буюрувчини гўё ўтмишга олиб кириб, тарихни нафақат кўриш, балки ҳис қилиш имконини беради.
Шунингдек, меҳмонлар Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессансга бағишланган бўлимлар, “Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” экспозицияси, Қуръони Карим зали ҳамда кутубхона билан танишиб, Темурийлар замони ва буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳақида янги маълумотларга эга бўлдилар. Қадимий илмий асбоблар — астрономик қурилмалар ва вақт ўлчаш воситалари орқали ўтмиш кашфиётларининг бугунги тараққиётга замин бўлганини янада яққол англадилар.
Ташриф чоғида иштирокчилар марказда намойиш этилган ноёб экспонатлар, қадимий қўлёзмалар ва илмий асарларни кўриб, халқимизнинг бой маънавий ва илмий мероси ҳақида кенг тасаввур ҳосил қилдилар. Марказ мутахассислари томонидан берилган тушунтиришлар эса уларнинг билимларини янада мустаҳкамлади.
Мадина Қаҳҳорова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплекси Ахборот хизмати бошлиғи:
Бу марказ ҳақиқатан ҳам тарихни жонлантириб берган ноёб маскан экан. Замонавий технологиялар ва архитектура уйғунлиги инсонни ўзига жалб қилади. Айниқса, ислом маданиятига оид қўлёзмалар ва Қуръон нусхалари менда катта таассурот қолдирди. Бу ер ҳар бир инсонда фахр ва ғурур туйғусини уйғотади.
Алмардон Мўминов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплекси гуруҳ командири, катта сержант:
Марказдаги Ренессанс даврлари, айниқса Темурийлар даври ҳақидаги маълумотлар биз учун жуда қизиқ бўлди. Бу ерда тарихни фақат ўқиб эмас, балки жонли кўриш мумкин. Интерфаол капсулалар ва Мирзо Улуғбек зали катта таассурот қолдирди. Бу ёшлар учун жуда муҳим тарбия ва билим манбаи, деб ўйлайман.
Нигора Нуриддинова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги “ЖАР” спорт-соғломлаштириш комплекси катта инспектори:
Бу ердаги экспозициялар нафақат тарихни кўрсатади, балки ёшларни илмга ва маърифатга чорлайди. Замонавий технологиялар орқали тарих жонли тарзда намойиш этилган. Айниқса, катта кутубхона, ноёб қўлёзмалар ва турли давлатлардан юртимизга тегишли бўлган нодир экспонатларнинг келтирилганлиги мени жуда ҳайратга солди. Келгусида фарзандларимни ҳам шу ерга олиб келишни режалаштиряпман.
Саёҳат сўнгида меҳмонлар марказнинг келажак авлод учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар. Уларнинг фикрича, бу маскан ёшларда тарихга, илмга ва ўз илдизларини англашга бўлган қизиқишни кучайтиради.
Шу тариқа, Ислом цивилизацияси маркази нафақат ўтмишни намоён этувчи, балки бугунги ва келажак авлодни илҳомлантирадиган муҳим маърифий марказ сифатида барчада чуқур таассурот қолдирди.


