Ислом цивилизацияси марказига ташриф: илм, тарих ва янги қарашлар уйғунлиги

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида амалга оширилаётган илмий-маърифий тадбирлар доирасида Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари Марказ фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу ташриф “Учинчи Ренессанс чорраҳаси” мавзусидаги қўшма дастур доирасида ташкил этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бу сафар Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессор-ўқитувчилари, магистрантлари ва талабалари учун нафақат танишув маскани, балки фикр ва қарашлар янгиланадиган муҳитга айланди. Экспозициялар бўйлаб ҳаракатланар экан, иштирокчилар тарихни шунчаки кузатиш билан чекланиб қолмади — уни ҳис қилди, англашга ҳаракат қилди ва ўз илмий ҳамда шахсий қарашларини янги нуқтаи назардан кўриб чиқди. Ташриф давомида янграган бир фикр эса бу жараённинг мазмунини аниқ ифодалади: бугунги ёшлар шунчаки кузатувчи эмас, балки янги даврни яратувчи авлоддир.
Ҳусниябону Жонибекова — Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси магистранти, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси
“Марказий Осиёдан етишиб чиққан буюк алломалар — Имом Бухорий, Ибн Сино, Хоразмийларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси мени ҳайратга солди. Энг катта таассурот қолдирган жой "Янги Ўзбекистон – янги Ренессанс пойдевори" зали бўлди. Шу ерда бир ҳақиқатни англадим: бугунги ёшлар шунчаки томошабин эмас, балки янги уйғониш даврининг яратувчиларидир. Бу фикр менда катта масъулият ҳиссини уйғотди”.
Ҳамидулло Лутфуллаев — Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти тарихий манбашунослик бўлими мудири, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси IRCICA кафедраси доценти
“Бу масканга ҳар сафар ташриф буюрганимда янги фикрлар туғилади. Бу ерда тарих, зиё ва тафаккур уйғунлашган. Қуръони Карим зали инсонни маънавий жиҳатдан бойитса, кутубхона илмий изланишлар учун кенг имкониятлар яратади. Кутубхонадаги шароитлар алоҳида эътиборга лойиқ. Илгари бундай имкониятларни чет давлатларда кўрган бўлсак, бугун ўзимизда ҳам шундай даражадаги илмий муҳит яратилгани қувонарли. Бу маскан ҳар қандай ёш ва касб эгаси учун очиқ билим майдони ҳисобланади. Энг муҳим жиҳати — бу марказ инсонда ўзликни англаш ҳиссини уйғотади. Ўтмишдан бугунги кунгача бўлган тараққиёт йўлини кўрган инсон ўз имкониятларини чуқурроқ англайди. Ёшлар учун эса бу — комилликка ундовчи муҳим манба”.
Абдулла Охунов — Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси магистранти
“Марказ бўйлаб танишув давомида ренессанс даврлари ҳақида анча кенг тасаввурга эга бўлдик. Қуръон зали алоҳида эътиборимизни тортди, бироқ кутубхона энг катта таассурот қолдирди. Бу ерда яратилган илмий муҳит, китоблар бойлиги ва замонавий технологиялар илм билан шуғулланаётган ёшлар учун катта имконият. Айниқса, "Sonic Chair" қурилмалари орқали аудио китобларни бошқаларга халақит бермасдан тинглаш имконияти жуда қулай. Бу ерда мавжуд манбалар асосида магистрлик ва докторлик даражасидаги илмий ишларни самарали олиб бориш мумкинлигини ҳис қилдим”.
Муҳаммадёқуб Аҳмаджонов — Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси магистранти
“Устозларимиз ва курсдошларимиз билан биргаликда Марказ экспозицияларини тўлиқ кўздан кечирдик. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид бўлимлар тарихий жараёнларни яхлит ҳолда тушунишга ёрдам берди. Ташриф якунида кутубхонага бордик ва айнан шу жой мени энг кўп қизиқтирди. Замонавий технологиялар асосида жиҳозлангани ва чет элдан келтирилган илмий адабиётлар биз каби илмий изланиш олиб бораётган ёшлар учун катта имконият яратади. Бу ерда ўзига керакли манбаларни топиб, бемалол фойдаланиш мумкин. Шу сабабли бу маскан ёш тадқиқотчилар учун муҳим билим манбаи ҳисобланади”.
Бу ташриф иштирокчилар учун муҳим илмий ва маънавий тажрибага айланди. Улар бу ерда нафақат тарих билан танишди, балки ўз қарашларини бойитди, келажак фаолиятига янги маъно берди. Ислом цивилизацияси маркази эса ўтмиш меросини бугунги тафаккур билан уйғунлаштирган ҳолда, илм-фан ва маънавият чорраҳасида шаклланган муҳим маскан сифатида ўз аҳамиятини яна бир бор намоён этди.


