Ўзбекистон Республикаси делегацияси Испаниядаги Евро-Араб олий тадқиқотлар фонди билан музокаралар ўтказди
Ўзбекистон Республикаси делегацияси Европа Иттифоқи ва араб дунёси давлатлари ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, фан, таълим ва гуманитар ҳамкорлик орқали цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган халқаро институт — Евро-Араб олий тадқиқотлар фонди билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон делегацияси таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқарув раиси Фирдавс Абдухолиқов, шунингдек, WOSCU координаторлари Екатерина Соболева ва Савлат Рашидовдан иборат.
Испания томонидан Евро-Араб олий тадқиқотлар фонди ижроия котиби Антонио Санчес Ортега, Андалусия кутубхоналарининг маданий дастурлар координатори Сухейл Серджини ҳамда Фонд вакиллари — Конча де Санта Ана Фернандес, Хавьер Руперес Каналес ва Хассан Лаагир иштирок этди.
Фонд фан, таълим ва маданият соҳаларида кенг кўламли ташаббусларни амалга ошириш, гуманитар билимларни тарқатиш, тадқиқот платформаларини ривожлантириш ҳамда конструктив мулоқот ва фикр алмашинуви учун майдон яратишга хизмат қилади. Унинг фаолиятида таълим дастурлари алоҳида ўрин тутади.
Хусусан, Евро-Араб олий тадқиқотлар фонди магистратура ва докторантура дастурлари орқали мутахассислар тайёрлайди, шунингдек, халқаро конгресслар, семинарлар ва ёшлар ҳамда талабалар учун амалий суҳбатларни ташкил этиб, маданиятлараро компетенцияни ривожлантириш ва инсонпарвар қадриятларни шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон томони ушбу тажрибанинг ёшлар билан ишлаш ва бузғинчи ғояларнинг олдини олишдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов шундай деди:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти ёшлар тарбияси, барқарор дунёқарашни шакллантириш ва радикаллашувнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳозирги глобал таҳдидлар шароитида айнан таълим, маърифат ва маданий мулоқот ёш авлодни зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишнинг асосий воситасига айланмоқда. Шу боис биз Евро-Араб фонди тўплаган илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва жорий этишдан манфаатдормиз ҳамда ёш мутахассисларни тайёрлаш ва таълим дастурларини амалга ошириш бўйича ҳамкорликка тайёрмиз. Шу билан бирга, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Фонд ваколатхонасини очиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз”.
Музокаралар давомида Ўзбекистон томони Янги Ўзбекистонда фан, таълим ва маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг асосий йўналишларини тақдим этди. Ислом цивилизацияси маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Фонд фаолияти, жумладан, таълим дастурлари, инсон ҳуқуқлари, маданий хилма-хиллик ва радикаллашувнинг олдини олиш соҳасидаги тадқиқотлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази вазифалари билан кўп жиҳатдан уйғун экани таъкидланди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов шундай деди:
“2017 йилда БМТ минбаридан туриб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом дини эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини эканини таъкидлаган эди. Бугун бу ғоя марказимиз фаолиятида изчил амалга оширилмоқда. Мақсадларимиз ўхшашлиги эса қўшма ҳамкорлик учун кенг имкониятлар очади”.
Учрашув якунида Андалусиянинг кутубхона ва илмий муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, қўлёзмалар ва тарихий манбаларни ўрганиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бу манбалар Руй Гонсалес де Клавихонинг Шарққа саёҳати билан боғлиқ.
Сухейл Серджини шундай деди:
“Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорликни ривожлантириш биз учун катта шарафдир. Биз Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси билан ҳамкорликда тадқиқот ишларини янада чуқурлаштириш ва умумий тарихий-маданий меросни ўрганишга тайёрмиз”.
Томонлар цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, илмий ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган шерикликни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.


