Сайтнинг тест версияси

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
banner

Янгиликлар

Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳрида Соҳибқирон Амир Темурга бағишланган халқаро форум бўлиб ўтади

 

Лондон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Элчихонаси биносида буюк давлат арбоби, забардаст саркарда ва маърифатпарвар, қудратли давлат асосчиси, жаҳон тарихидаги энг улуғ шахслардан бири — Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан халқаро маданий-илмий тадбир ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорига мувофиқ, ушбу муҳим сана дунё бўйлаб халқаро даражада кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан апрель ойи Амир Темур ойи этиб эълон қилинган.

2026 йил 8–12 апрель кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Амир Темур ва Темурийлар цивилизациясининг жаҳон тарихидаги ўрни ва аҳамиятига бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Юбилей дастурининг давоми сифатида 22 апрель куни Мадрид шаҳрида олимлар, экспертлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирокида халқаро илмий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Лондонда бўлиб ўтадиган ушбу тадбир кенг кўламли юбилей тантаналарининг давоми бўлиб, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўп асрлик интеллектуал ва маданий мулоқотнинг узвий давомийлигини ифода этади.

Тадбир доирасида етакчи миллий ва халқаро олимлар, экспертлар, халқаро ташкилотлар ҳамда ҳамкор тузилмалар вакиллари иштирокида маърузалар ва муҳокамалар ўтказилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ЕХҲТ ва Буюк Британиянинг тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари иштирокида маданий меросни муҳофаза қилиш, тарихий артефактларни ноқонуний айланишини олдини олиш, халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда жаҳон маданий меросини сақлаш масалалари муҳокама этилади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов бу ҳақда тўхталиб шундай деди:

“Яқинлашиб келаётган тадбирнинг энг муҳим қисми — ноқонуний равишда олиб чиқилган маданий артефактларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тантанали равишда топшириш маросими бўлади. Бу ҳолат халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистон Президентининг маданий меросни қайтариш борасидаги сиёсатини қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин ифодасидир. Шунингдек, бу маданий-тарихий меросни ҳимоя қилиш, реституция ва инсоният хотирасини асраш бўйича халқаро ҳамкорлик мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Биз шунингдек, Sotheby’s ва Christie’s каби аукционларда иштирок этиш ҳамда Ўзбекистон маданий меросига оид қатор ноёб предметларни харид қилиш мақсадида бир қатор арт галереяларга ташриф буюришни ҳам режалаштирмоқдамиз”.

Тадбир доирасида WOSCU томонидан чоп этилган янги фундаментал илмий нашр — “Дунё коллекцияларидаги Ўзбекистон маданий мероси” туркумига кирувчи “Марказий Осиё қўлёзма мероси Кембриж университети кутубхоналарида” номли асар тақдимоти ҳам бўлиб ўтади. Ушбу илмий лойиҳа доктор Фируза Мелвилл ва Ўзбекистонлик мутахассислар ҳамкорлигида уч йил давомида тайёрланган.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Бугун Амир Темур номи яна алоҳида аҳамият билан тилга олинмоқда — у давлат бошқарувидаги донолиги, стратегик тафаккур ва маданий яратувчанлик тимсоли сифатида намоён бўлмоқда. Лондонда бўлиб ўтаётган ушбу форум эса Темурийлар меросининг замонавий дунёда ҳам халқлар, давлатлар ва илмий жамоаларни бирлаштиришда муҳим ўрин тутаётганини яна бир бор тасдиқлайди.

Энг кўп ўқилган

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!
1293526.09.2025, 17:54

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк ўтмиш мероси – маърифатли келажак асоси” халқаро форуми бошланди.
Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
1036529.10.2025, 12:34

Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Сербия Республикаси Президенти Александр Вучич расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
818427.09.2025, 15:45

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бугунги кунда нафақат миллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган, дунё олимлари ва мустақил тадқиқотчиларни ўзига жалб этаётган улкан илмий-маърифий платформага айланди.
Барча янгиликлар

Марказга ташриф

Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.