“Алфраганус”: Шарқдан Европага йўл олган илм нури бугун яна ҳам ёрқин порламоқда

Бундан қарийб тўққиз йил аввал, 2018 йилнинг ёзида, Тошкентнинг марказида қўйилган рамзий тамал тоши ортида катта ғоя мужассам эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази қурилишининг ўша илк тарихий воқеалари жараёнида “Бу марказни қуришдан мақсад ислом маърифатини ўрганиш ва боболаримизнинг буюк меросини бутун дунёга етказишдир” деган. Бугун эса бу ғоя реалликка айланган.
Марказдаги “Буюк сиймолар галереяси”га кирганингизда, гўё тарихий шахслар билан юзма-юз келасиз. Улар шунчаки портрет эмас — улар бутун бир цивилизациянинг жонли гувоҳлари.
Шарқдаги илк Уйғониш даврида бугунги Ўзбекистон ҳудудидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар жаҳон илм-фани, маданияти ҳамда ислом цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Уларнинг илмий мероси бугун ҳам жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг “Буюк сиймолар галереяси”да ўрин олган учинчи рангтасвир асари ана шундай алломалардан бири Аҳмад Фарғоний ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган.
Бағдоддаги Байт ул-ҳикма академиясида фаолият юритган, юртимиздан етишиб чиққан буюк олим ва моҳир муҳандис - Аҳмад Фарғоний (798–861), Европада “Алфраганус” номи билан машҳур бўлган. Ушбу асарда Фарғонийнинг жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, унинг муҳим илмий кашфиётлари ва амалий муҳандислик тажрибалари бадиий талқинда ўз ифодасини топган.
Аллома Ернинг шарсимон шаклга эгалигини илмий асослаб берган, Қуёш юзасида доғлар мавжудлигини аниқлаган ҳамда 832 йилда содир бўлган Қуёш тутилишини олдиндан илмий асосда башорат қилган.
Паннонинг юқори қисмида олим томонидан илмий асосда изоҳланган Қуёшнинг Ой томонидан тўсилиши – Қуёш тутилиши ҳодисаси визуал тарзда акс эттирилган. Унинг атрофида эса Аҳмад Фарғоний томонидан математик ҳисоб-китоблар асосида аниқланган йилнинг энг узун куни – 22 июн ва энг узун туни – 22 декабрь саналари келтирилган.
Шунингдек, рангтасвир асарининг юқори қисмида алломанинг фалакиёт илмида эришган ютуқлари халқаро миқёсда эътироф этилганининг ёрқин далили сифатида Ой сатҳидаги Алфраганус кратери тасвири ҳам ўрин олган.
Асарда Аҳмад Фарғонийнинг амалиётчи муҳандис сифатидаги энг йирик лойиҳаси – Нилометр қурилмасининг кесими ҳамда олимга тегишли чизмалар тасвирланган. Мазкур иншоот 1971 йилгача, яъни Мисрдаги Асвон тўғони ишга туширилгунига қадар амалда бўлган. Ундан Нил дарёсидаги сув сатҳига қараб деҳқонлардан олинадиган солиқларни адолатли белгилаш, шунингдек, аҳолини сув тошқинлари хавфидан олдиндан огоҳлантириш каби муҳим мақсадларда фойдаланилган.
828 йилда Бағдоддаги Байт ул-ҳикма академиясида фаолият юритган Аҳмад Фарғоний бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар томонидан Сурия ва Ироқ чегарасидаги Синжор саҳросида Ер меридианининг 1 даража узунлиги ўлчанган. Олимнинг қайд этишича, ушбу тадқиқот натижасида 1 даража узунлиги 110 километр деб аниқланган бўлиб, бу ўша давр илм-фани учун ниҳоятда аниқ кўрсаткич ҳисобланган. Ушбу муҳим кашфиёт ҳам рангтасвир асарида алоҳида сюжет сифатида ўз аксини топган.
Зоҳидулла Мунавваров, Марказ бош илмий ходими:
Аҳмад Фарғоний йирик фалакиётчи олим бўлган. Унинг “Астрономия асослари” асари ХII асрда лотин тилига таржима қилиниб, кейинчалик Европада кенг тарқалди. ХVI асрда ушбу асар тўрт маротаба қайта нашр этилган, ХVII асргача эса Европа таълим муассасаларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида қўлланилган. Асар кўплаб буюк олимлар ва адиблар томонидан юксак қадрланган.
Хусусан, ХIII аср машҳур шоири Данте Алигери ўзининг “Зиёфат” асарида Фарғоний космографиясидан фойдаланган бўлса, Европа Ренессансининг йирик намояндаси Региомонтан ХV аср ўрталарида Падуя университетида унинг асарлари асосида маърузалар ўқиган.
Олимнинг илмий мероси ва асарлари номлари марказдан турли йўналишларга тарқалувчи “ўқлар” шаклидаги арабча хаттотлик услубида ифодаланган. Композициянинг ўнг қисмида эса Фарғонийнинг халқаро миқёсдаги эътирофини тасдиқловчи, турли хорижий тилларда нашр этилган асарларидан намуналар жойлаштирилган.
Асарнинг марказий қисмида Аҳмад Фарғоний сиймоси тасвирланган. Унинг образи олим томонидан қўлланган муҳандислик ускуналари ҳамда астрономик асбоблар, жумладан астролябия, шунингдек, нақш ва гуллар билан бойитилган бадиий композиция орқали ифодаланган. Шу жойнинг ўзида алломанинг Ғарб илмий муҳитида кенг тарқалган лотинча номи –“Алфраганус” ҳам акс эттирилган.
Паннода Аҳмад Фарғоний илҳом олган илмий манбаларга ишора сифатида лавр ўсимлиги ва юнонча нақшлар тасвирланган. Ушбу мавзунинг давомида асарнинг қуйи қисмида антик давр олимлари гуруҳи акс эттирилган бўлиб, улар чапдан ўнгга қараб араб, юнон, осурий ва форс олимлари сифатида талқин этилади.
Уларнинг ортида эса ўша даврга хос энг муҳим кашфиётлар рамзлари ҳамда илмий-амалий мақсадларда қўлланган асбоб-ускуналар жойлаштирилган. Аҳмад Фарғонийга бағишланган ушбу композиция антик давр харитаси тасвири билан якунланади.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, музейнинг Биринчи Ренессанс экспозициясида Аҳмад Фарғоний меросига алоҳида эътибор қаратилган. Байт ул-ҳикма капсуласида Нилометр макети ҳамда Фарғоний илмий меросига оид бошқа ноёб экспонатлар намойиш этилиб, ташриф буюрувчиларга алломанинг илм-фан ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси ҳақида кенг ва чуқур тасаввур беради.
Шаҳноза Раҳмонова
P/S:Мақолани марказ расмий сайтига ҳавола билан кўчириб эълон қилиш мумкин


