

Янгиликлар
Avesta.tj : "Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилди"
Avesta.tj — Тожикистонга тегишли ахборот нашрида эълон қилинган материалда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Хаттотлик мактаби ташкил этилгани ҳақида хабар берилади. Таъкидланишича, Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган илмий анжуман доирасида илгари сурилган мазкур ташаббус темурийлар даври хаттотлик анъаналарини давом эттириш, қўлёзма меросни асраш ва уни илмий асосда ўрганишга қаратилган муҳим маърифий ва илмий платформа сифатида баҳоланмоқда.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Хаттотлик мактаби ташкил этилгани эълон қилинди. Ушбу муҳим илмий-маърифий лойиҳа Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган “Темурийлар даври хаттотлик мероси — анъаналар давомийлиги” мавзусидаги анжуманда эълон қилинди.
Мазкур конференция ислом санъати, тарих ва филология соҳаларидаги етакчи мутахассисларни бирлаштириб, хаттотлик санъатининг маънавий ва маданий аҳамиятини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланди.
Қайд этилишича, Ислом цивилицияси маркази ҳузурида Хаттотлик мактабини ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 29 январь куни илгари сурилган. Орадан бир йил ўтиб, мазкур ташаббус халқаро ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, Темурийлар цивилизациясига бағишланган конференция доирасида расман ишга туширилди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов ўз нутқида ушбу ташаббуснинг аҳамиятига тўхталиб, Хаттотлик мактабининг ташкил этилиши мамлакатимиз маданий меросини асраш ва оммалаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
Тадбирда таъкидланганидек, Темурийлар даврида Хаттотлик санъати юксак тараққиёт босқичига чиққан ва маданий юксалиш рамзига айланган. Амир Темур марказлашган давлат барпо этгач, пойтахтга турли ҳудудлардан энг моҳир хаттотларни жамлаган. Шу даврда сулс, настаълиқ ва куфий ёзув услублари равнақ топиб, нодир қўлёзмалар яратилган. Жумладан, машҳур “Бойсунғур Қуръони” ана шу даврнинг юксак намунаси сифатида эътироф этилади.
Халқаро экспертлар ҳам мазкур ташаббусни юқори баҳолади. Жумладан, Маҳмуд Эрол Қилич ислом хаттотликнинг жаҳон маданиятидаги ўрни, унинг юксак эстетик ва маънавий қимматини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Жошқун Йилмаз Сулаймония кутубхонасида сақланаётган нодир қўлёзмалар ҳақида маълумот бериб, уларнинг катта қисми Марказий Осиё тарихи билан боғлиқ эканини қайд этди. Сали Шаҳсуворий эса Темурийлар даврини ҳақиқий интеллектуал ва маданий уйғониш даври сифатида баҳолади.
Маълум қилинишича, Хаттотлик мактаби нафақат таълим муассасаси, балки илмий-тадқиқот ва маданий марказ сифатида ҳам фаолият юритади. Унинг доирасида мутахассислар тайёрлаш, қўлёзма меросни сақлаш ва реставрация қилиш, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилган.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.