

Янгиликлар
Türkiye Today: "Дунёнинг энг йирик Ислом цивилизацияси музейи Ўзбекистон пойтахтида очилди"
Türkiye Today — Туркияга тегишли ахборот нашрида эълон қилинган мақолада Тошкентда дунёнинг энг йирик Ислом цивилизацияси музейи — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази очилгани ҳақида хабар берилади. Қайд этилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган мазкур мажмуа 3 минг йиллик тарихни замонавий технологиялар асосида намоён этувчи ноёб илмий-маданий платформа бўлиб, нафақат музей, балки халқаро илмий ҳамкорлик ва маърифий тараққиёт маркази сифатида ҳам юксак аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон расман мамлакатнинг замонавий тарихидаги энг йирик маданий-тарихий лойиҳалардан бири — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини очди. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган ва саккиз йилдан ортиқ вақт давомида барпо этилган мазкур марказнинг очилиш маросими 2026 йил 17 март куни бўлиб ўтди.
Тошкентнинг тарихий қисмида жойлашган ушбу улкан мажмуа 10 гектар ҳудудни эгаллайди ҳамда умумий майдони 40 минг квадрат метрдан зиёд бўлган уч қаватли бинодан иборат. Унинг диққатга сазовор меъморий қиёфаси 65 метр баландликдаги гумбази билан ажралиб туради ва Марказий Осиёдаги энг нуфузли маданий объектлардан бири ҳисобланади.
3 минг йиллик тарих бўйлаб саёҳат
Марказда ҳудуднинг 3 минг йилдан ортиқ тарихи — қадимий цивилизациялардан тортиб бугунги Ўзбекистонгача бўлган давр илмий тадқиқотлар, маданий мерос ва илғор рақамли технологиялар уйғунлигида намоён этилган.
Экспозициялар тўртта асосий бўлимга ажратилган: исломгача бўлган давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс ва Янги Ўзбекистон. Ҳар бир бўлим муайян тарихий босқичлар, йирик илмий ютуқлар ва минтақанинг интеллектуал меросини шакллантирган буюк шахсларни ёритиб беради.
Қуръон зали — марказнинг энг диққатга сазовор қисмларидан бири бўлиб, унда ислом оламидаги энг қадимий Қуръон нусхаларидан бири ҳисобланган Усмон мусҳафи намойиш этилган. Шунингдек, бу ерда Қуръоннинг 114 та ноёб қўлёзма нусхалари ҳам сақланади.
Суғд, Бақтрия ва Хоразм каби қадимий цивилизациялар меросига оид ашёлар, шунингдек, Хоразмий, Беруний ва Ибн Сино каби буюк алломаларга тегишли қўлёзмалар ва илмий асбоблар ҳам кўргазмага қўйилган. Темурийлар даври эса Улуғбек номи билан боғлиқ меъморий моделлар, миниатюралар ва астрономик асарлар орқали акс эттирилган.
“Янги Ўзбекистон” бўлимида эса сўнгги ислоҳотлар ва модернизация жараёнлари сунъий интеллект ёрдамида яратилган интерактив кўргазмалар орқали намоён қилинган.
Илм, маданият ва маънавият уйғунлиги
Мажмуанинг энг муҳим қисмларидан бири бўлган Қуръон залида Усмон мусҳафи билан бир қаторда 114 та ноёб қўлёзма нусхалар намойиш этилган. Шунингдек, залда Қуръон оятларини визуал тарзда жонлантирувчи голографик тизим ўрнатилган бўлиб, у илоҳий ваҳий туйғусини ҳис қилиш имконини яратади.
Марказда яна “Буюк сиймолар галереяси” ҳам мавжуд бўлиб, унда Амир Темур, Бобур, Улуғбек, Беруний ва Хоразмий каби тарихий шахсларга бағишланган йирик паннолар жойлаштирилган.
Гиннесс рекордлари эътирофи
Ўзининг улкан ҳажми, бой коллекцияси ва кўп функцияли дизайни туфайли марказ 2026 йил 13 апрель куни расман “Дунёнинг энг йирик Ислом цивилизацияси музейи” сифатида Гиннесс рекордлари китобига киритилди. Баҳолаш жараёнида унинг кенг кўргазма майдони, 65 метрли гумбази, 50 мингдан ортиқ тарихий экспонатлари ҳамда музей, илмий-тадқиқот институти ва таълим маркази сифатидаги уйғун фаолияти инобатга олинди.
Расмийлар таъкидлашича, мазкур марказ нафақат музей, балки илмий ва таълимий платформа ҳам ҳисобланади. Унда илмий тадқиқот инфратузилмаси, ўн минглаб қўлёзмаларни ўз ичига олган кутубхона ҳамда 500 мингдан зиёд манбани қамраб олган рақамли архив мавжуд.
Марказ, шунингдек, Туркий маданият халқаро ташкилоти (TURKSOY) ва Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази (IRCICA) каби халқаро ташкилотларга ҳам мезбонлик қилмоқда. Бу эса унинг маданий ҳамкорлик маркази сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди. Ҳозирнинг ўзидаёқ кунлик ташриф буюрувчилар сони 5 минг нафарга яқинлашгани унга бўлган юқори қизиқишдан далолат беради.
Энг кўп ўқилган


Сербия Президенти Александр Вучич Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа
Марказга ташриф
Марказга ташрифингизни режалаштиринг ва рўйхатдан ўтинг.